БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан бери 364 нафар тинч аҳоли, шу жумладан 25 нафар боланинг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Сўнгги кунларда Харьков, Винница ва Николаев шаҳарлари ҳужум оқибатида зарар кўрди.
Uzcard 7 мартдан «Мир» тўлов тизими карталарини қабул қилиш тикланганини маълум қилди. Тўлов тизими карталари Uzcard тизими ҳамкор банкларининг барча қурилмалари томонидан қабул қилинади.
Ўзбекистонга Эрон ва Каспий денгизи ҳудудларидан бир қатор нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига мамлакатда беқарор об-ҳаво сақланиб туради. 10 март санасидан ташқари ҳафта давомида турли жадалликда ва танаффус билан ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Гулистондаги колонияда жазо ўтаётган фуқаро турли вилоятлардаги колонияларда жазо ўтаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликдаги киши билан Сурияга чиқиб кетишни режалаштирганликда гумонланмоқда.
Россия чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тиббий хулосаларнинг амал қилиш муддати 3 ойдан 12 ойга узайтирди. Бундан ташқари, 13 ёшга тўлмаган чет элликларни гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмол қилишини аниқлаш бўйича кимё-токсикологик текширувдан ўтказиш талаби бекор қилинди.
Uzbekistan Airways Ўзбекистон ва Россия ўртасида авиақатновлар тўхтатилмаслиги ва жадвалга мувофиқ узилишларсиз амалга оширилишини маълум қилди.
2020 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари сифатида ишлаб келган Мухтор Муҳитдинов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ҳокимликнинг «Газета.uz» га аниқлик киритишича беришича, у маҳалла вазири ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради.
«Мадели» овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган Бахтияр Менглибеков Мўйноқ туманига ҳоким бўлди.
Шавкат Мирзиёев 2022−2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинганини айтди. Унга кўра, хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумлари ташкил этилади. Қолаверса, энди барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит берилади.
Президент душанба куни Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида «Олима аёллар жамияти» тузилиши ва унга ҳар йили 50 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилди. «Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонасида маслаҳатчи лавозимида ишлаган Шерзод Исмаилов Хоразм вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди.
Россиянинг Украинадаги 10 кунлик ҳарбий ҳаракатлари давомида мамлакатни 1,5 млн қочқин тарк этди. БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бу иккинчи Жаҳон урушидан бери Европада энг тез ўсаётган миграция инқирози эканлигини маълум қилди.
Прагада ўтган дзюдо бўйича Европа очиқ чемпионатида энг оғир вазн тоифасида 19 ёшли Ўткирбек Тўрабоев олтин медални қўлга киритди. Раҳимжон Субҳонов (-66 кг) бронза медалига эга чиқди.
6−7 март кунлари Польшанинг Катовице аэропортидан яна 674 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди. Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 350 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. 7 март куни яна битта рейсни амалга ошириш режалаштирилган.
ДХХ фуқаро «Олмалиқ КМК» ишчилари билан келишиб, кийим алмаштириш хонасига таркибида 117,5 млн сўмлик қимматбаҳо металлар бўлган 4,4 кг саноат қумларини яшириб қўйганини аниқлади. Гумондорнинг ўзи комбинатнинг қўриқлаш хизматига ишга кириш учун суҳбатга келган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25% га қисқариши кутилмоқда. Мазкур тенденция Россия-Украина ўртасидаги сиёсий зиддиятлар сабаб Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва рубль курсининг кескин қулаши билан изоҳланган. Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21% га қисқариши кутилмоқда.
Тошкент кўчаларидан бирига Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номи берилиши кутилмоқда. Мазкур ном остидаги кўча аввал ҳам бўлган, у 2011 йилда Зарафшон кўчаси этиб ўзгартирилганди.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Украинанинг Суми, Харьков вилоятлари ҳамда «Нехотеевка» нейтрал ҳудудида бўлган 12 нафар юк ташувчини Россияга киришида ёрдам кўрсатди. Яна 5 нафар Ўзбекистон фуқароси 4 та юк машинасида Украина чегараси чизиғидан узоқроқ масофада қолиб кетди.
Полковник Оринбаев Аманбай Тлеубаевич Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Аманбай Оринбаев ИИВ ЖХД Пробация хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Россиянинг Smartavia ва iFly авиакомпаниялари Ўзбекистон шаҳарларига парвозлар тўхтатилганини маълум қилди. Жумладан, iFly 5 мартдан бошлаб компания мамлакатга барча йўналишлар бўйича барча режали рейсларни номаълум муддатга тўхтатади. Бекор бўлган рейсларда учишни режалаштирганларга чипта харид қилган авиакассаларига мурожаат қилишлари тавсия этилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг