РФ Давлат думаси мамлакат Қуролли кучлари ҳаракатлари ҳақида сохта маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. «Фейк» маълумотларни тарқатганлар 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бир вақтнинг ўзида Россияда маҳаллий ОАВлари ёпиляпти, хорижий янгиликлар нашрлари ва ижтимоий тармоқларга кириш имконияти камайиб бормоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, пайшанба куни жисмоний шахслар банклардан 60 млн рубль харид қилган бўлса, қарийб 5,5 млн Россия валютасини сотган. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни «Россия-Украина ўртасидаги можарога қадар рублда импорт шартномаси тузганлар тезроқ эски нархларда тўловини амалга ошириш манфаатига эгалиги» билан изоҳлади.
Президент қарори билан Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, мактабларда эса унинг отрядлари ташкил этилади. Унга иҳтиёрий равишда аъзо бўлган 10−11-синф ўқувчилари орасидан бир нафарига ОТМга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. Бунда унинг ҳаракат фаолиятидаги иштироки ва мактабдаги баҳолари инобатга олинади.
Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинги Ўзбекистондаги «Капиталбанк» акцияларини сотилганини эълон қилди. Холдинг таркибидаги «Телекоминвест» (Россия) ва FINANCE TCI (Ўзбекистон) компаниялари февраль ойида «Капиталбанк»даги улушини 61,54 фоизга етказган эди.
Президент «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, тадбиркорлар ўз товарларида ишлаб чиқарилган жой номини кўрсатиши мумкин. Талабгорлар географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилиши лозим. Ҳуқуқ 10 йил давомида амал қилади, географик кўрсаткични бошқа давлатларда ҳам рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Ўзбекистон ва Япония ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, япон тилини билиш даражаси бўйича тест синовларидан ва мутахассислиги бўйича амалиёт имтиҳонидан ўтганларга «махсус малакали ишчилар» мақоми берилади. Улар Японияда 14 турдаги соҳада 10 йилгача ишлаши, 5 йилдан сўнг ўз оиласини ҳам олиб кетиши ва ўз бизнесини бошлаши мумкин бўлади. Уларга камида 1800−2000 доллар маош тўланади.
Самарқанд вилоятида фуқарони Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ноқонуний тарзда ишга киритиб қўйишга уринган шахс 50 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда. Қолаверса, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида ҳам ички ишлар идоралари ва Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишга ваъда берган шахслар қўлга олинди.
Пайшанба куни Исломободда бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни, икки давлат вазирлари эса 10 га яқин ҳужжатни имзолади. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Имрон Хонга Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини совға қилди. «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўл минтақалар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборишини таъкидланди. Ташрифнинг биринчи куни «Газета.uz» материалида.
Россиялик сиёсатчилар, тадбиркорлар ва уларнинг оила аъзолари Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари муносабати билан АҚШнинг янги санкциялари рўйхатидан жой олди. Улар орасида миллиардер Алишер Усмонов ҳам бор. Унинг мулки, жумладан супер яхтаси ва самолётидан фойдаланишга тақиқ қўйилди.
Европадаги энг йирик Запорожье АЭСи ҳудуди Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилди, атом электр станцияси яқинида ёнғин чиқди. Станциянинг асосий жиҳозларига зарар етмаган. Украина президенти Европани «уйғонишга» чақирди. МАГАТЭ можаро туфайли юзага келган ҳар қандай авария жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
3−4 март кунлари Польшадаги Катовице аэропорти орқали 720 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди. Шундай қилиб, Украинадан ватанга қайтарилганлар сони 2579 нафарга етди. Яна 1500 нафарга яқин ўзбекитонликлар Польшада қолмоқда. «Ишонтириб айтамизки, барча фуқаролар мамлакатимизга қайтарилади», — дейилади ТИВ хабарида.
2021 йилда Ўзбекистон рўйхатга олинган 70 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 33 минг нафарига фуқароликни бериб, фуқаросизликни қарийб икки баробарга камайтирди. БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ушбу саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаб, фуқаросизликка чек қўйиш тинчлик, хавфсизлик ва мажбурий кўчирилишлар олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади.
UNICEF Сурхондарё вилоятидаги «Termez Cargo Centre» логистика марказидан оғир ижтимоий шароитда яшаётган афғонистонлик оилалар учун 16 та юк машинасида 2,3 млн долларлик инсонпарварлик ёрдамини юборди.
Музокараларнинг иккинчи раунди натижасида Украина ва Россия тинч аҳолини эвакуация қилиш ва жанговар майдонларга дори-дармонларни етказиб бериш учун гуманитар йўлакларни ташкил этишга, шунингдек, «гуманитар коридор секторида эҳтимолий вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга» келишиб олди.
Покистонга ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев, Украинадан эвакуация қилинган 1859 нафар ўзбекистонлик, Ўзбекистонда 2050 йилда табиий газ, кўмир ва нефтдан ёқилғи сифатида фойдаланишдан воз кечиши, дам олиш кунида кутилаётган чанг тўзони, янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашган Ўзбекистон ва Қозоғистон, спорт вазирига тайинланган ўринбосарлар ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 3 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда банклар ўзининг валюта айирбошлаш шохобчаларида Россия рублини алмаштиришни бошлади. Марказий банк уларга валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги «мақбул бўладиган фарқ даражасини» сақлаб қолишни тавсия қилди.
ТИВ расмий вакили Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилишини маълум қилди. Ҳозирда Польша орқали эвакуация қилиш устувор эканлиги таъкидланди.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон 2050 йилга бориб табиий газ, кўмир, нефт маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ воз кечилиб, қуёш ва шамол энергетикасига ўтилади. 2030 йилгача 5000 МВтли шамол ва 7000 МВтли қуёш электр станцияларини ишга тушириш режа қилинган.
«Эхо Москвы» директорлар кенгаши кўпчилик овози билан радиоканал ва сайт фаолиятини тугатишга қарор қилди. Бош муҳаррир Алексей Венедиктов қарор унинг иштирокисиз қабул қилинганини айтди.
Компания 3 мартдан бошлаб Chevrolet Lacetti, Cobalt, Nexia ва Spark автомобиллари учун шартномалар қайта тикланиши ҳақида расман маълум қилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг