Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатдан эвакуация қилинаётган ўзбекистонликлар Польша чегарасидан ўтишига узоқ вақт кетаётганлигини маълум қилди. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган фуқаролардан ҳеч бўлмаганда уларнинг қоғоз нусхаси ёки мобил телефондаги сканери бўлиши сўралган. Молдовада бўлган ўзбекистонликларга ёрдам бериш учун штаб ташкил этилмоқда.
Россия Марказий банки мамлакат ичида молиявий хабарларни алмашиш регуляторнинг СПФС тизими орқали амалга оширилишини маълум қилди. Бунга сабаб Россиянинг бир неча банклари халқаро банклараро ахборот алмашув тизими -SWIFT'дан узиб қўйилаётгани бўлиши мумкин. Шу билан бирга, регулятор Россия банк тизимининг барқарор ишлаши учун етарли капитал ва ликвидликка эгалигини хабар қилди.
Европа ва АҚШ Россияга нисбатан янги «қаттиқ молиявий санкциялар» қўллашга келишиб олди. Унга кўра, Россиянинг санкция остидаги банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилади. Шунингдек, Россия ҳукуматига алоқадор шахсларнинг хориждаги активлари музлатилади.
Шанба куни Ўзбекистонда 125 кишида ковид қайд этилди. Кун давомида 3 нафар бемор вафот этди, 19 кишида эса пневмония аниқланди.
Тошкентда Spark метронинг «Шаҳристон» бекатидан чиқиб кетаётган пиёдани уриб юбориб, ер ости йўлагига тушиб кетди.
Украинада 90 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи эвакуация гуруҳи Польша чегарасига қараб йўлга чиқди.
Фарғона вилоятининг Риштон тумани прокурори Шамсиддин Турдалиев Олтиариқ тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда февраль бошида Тошкент вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар бўлган Холмирза Ниёзовнинг ўрнини эгаллади.
Шавкат Мирзиёев туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти давомида уни туғилган куни билан табриклади. Қолаверса, президентлар Тошкентда ўтадиган Стратегик ҳамкорлик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов Украинанинг шарқий ва марказий вилоятларидаги ўзбекистонликлар Польша билан чегарадош Львов шаҳрига хавфсиз етказишни вақтинча иложи бўлмаётганини маълум қилди. Бунга шаҳарлар ўртасида автомобиль ва темир йўл алоқалари тўхтатилгани сабаб бўлмоқда. Таъкидланишича, талабалар масалалари элчихона ва Украинадаги диаспора вакиллари ҳамкорлигида ҳал этилмоқда.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Россиянинг Украинада амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатлари бўйича Ўзбекистоннинг позицияси қандай эканлигига ойдинлик киритди. «Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим», — дея таъкидлади у.
Uzauto Motors компанияси агар автомобиллари нархини оширмоқчи бўлса, унда олдин 10,7 трлн сўмлик (тахминан $993,5 млн) янги автомобиль сотиб олганлик учун йиғим ва утилизация йиғимини тўланганлигини исботлаши керак, деган фикрда депутат Расул Кушербаев ва иқтисодчи Отабек Бакиров. Давлат органлари йиғимлар тўловлари ҳақида тўлиқ маълумотни ошкор қилмаяпти ёки тақдим этмаяпти. Шунга қарамасдан «Газета.uz» 8 ой мобайнида бешта ишлаб чиқарувчи 3,3 трлн сўмдан кўпроқ утилизация йиғимини тўлаганлигини аниқлаштира олди.
Март ойидан бошлаб Тошкент Озарбайжоннинг Боку шаҳри билан авиапарвозларни қайта тиклайди. Авиарейслар ҳафтада бир марта — сешанба кунлари амалга оширилади.
Президент қарори билан Ўзбекистон ҳамда Покистон ҳукуматлари ўртасида транзит савдо тўғрисидаги битим тасдиқланди. Мазкур ҳужжат 2021 йилнинг 15 июлида Покистон бош вазири Имрон Хоннинг Тошкентга ташрифи доирасида имзоланганди.
Сутда пиширилган классик ҳамда «нуқта"ли қуймоқлар, кефир ва қайнаган сувда тайёрланган қуймоқлар, «Креп сюзетт», пишлоқ ва кўкатли — Zira.uz қуймоқлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
АҚШ президенти Жо Байден Давлат департаментига Украина учун 600 млн долларлик ёрдам ажратишни топширди. Ушбу маблағларнинг 350 млн доллар мудофаа соҳасига йўналтирилади.
Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, агроном, Иброҳим Файзуллаев 89 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.
Жума куни Ўзбекистонда 138 кишининг ковидга топширган ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди, бу бир кун олдинги (156 та) ҳолатдан камроқ. Кун давомида икки бемор вафот этди, 21 кишида эса пневмония аниқланди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Халқаро кинология иттифоқига аъзо бўлди. Февраль ўрталарида ташкилот Россияда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада цвергшнауцер, вео, бивер-йоркшир терьер, пудель той зотига мансуб итлари билан қатнашганди.
Дин ишлари қўмитаси тошкентлик тадбиркор ишчи ва мижозлар учун намозхона ташкил этгани учун жаримага тортилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Унда айтилишича, фуқаролар биргаликда ибодат қилишлари учун диний ташкилот ташкил этиш талаб қилинади.
Владимир Путиннинг Украина ҳарбийларига ҳокимиятни ўз қўлларига олишни таклиф қилгани, Россиянинг Европа Кенгашидаги аъзолиги тўхтатилгани, Буркина-Фасода олтин конидаги портлаш оқибатида 60 кишининг вафот этгани, Тайван ўз ҳудудидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа зонасида Хитой самолётлари кирганини билдиргани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг