Тошкентликлар украин халқини қўллаб-қувватлаб, урушга қарши эканликларини билдириш учун пойтахтдаги Украина элчихонаси биносига гуллар, юмшоқ ўйинчоқлар ва ёзувлар олиб келишмоқда.
2021 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 302 та таълим муассасаcида 16,4 млрд сўмлик молиявий хатоларга йўл қўйилган. 12 та таълим муассасасидаги 2,7 млрд сўмлик камчиликларда эса жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли органларга юборилган.
Қорақалпоғистонга ташрифини кутилганидан аввал якунлаган президент, Польша орқали эвакуация қилинадиган Украинадаги ўзбекистонликлар, Навоийда ноқонуний олтин қазишга уринган 54 фуқаро, Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланаётганини айтган бош вазир, Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган Шавкат Мирзиёев ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 25 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳарбийларига ҳокимиятни ўз қўлларига олишни таклиф қилди. «Сизлар билан келишувга эришишимиз осонроқ кўринади», — деди у.
Яқинда Ўзбекистоннинг «Ўзагроэкспортбанк» банкини сотиб олган ва санкциялар остида қолган Россиянинг «Совкомбанк» банки валюта айирбошлаш, хорижий валютадаги депозитларни қабул қилиш ва валюта ўтказмаларини амалга оширишни тўхтатди. Бундан ташқари, ушбу банк карталаридан Apple Pay ва Google Pay тўлов хизматларида фойдаланиб бўлмайди.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари телефонда мулоқот қилиб, «Украинадаги демилитаризация ва денацификация» вазиятини муҳокама қилишди.
Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши Ўзбекистоннинг тўрт йўналишда, жумладан, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Евроосиё Экспресс» лойиҳаси ва бошқа йўналишларда ЕОИИ ишидаги иштирокини кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, бош вазир Абдулла Арипов темир йўл ва автомобиль транспортида йўловчи ташишни тиклашни таклиф қилди.
Давлат хизматлари агентлиги эски ҳайдовчилик гувоҳномасини мажбурий алмаштириш муддати тугаётгани муносабати билан ДХМларга кунига 700 нафаргача фуқаро мурожаат қилаётганини маълум қилди. Шундан келиб чиқиб, энди пойтахтнинг 10 та туманидаги ДХМлар янги гувоҳномани бериш учун сўнгги мижоз қолгунича фаолият кўрсатади.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори лавозимига тайинланган Роли Астханани қабул қилди.
25 февраль куни Евросиё ҳукуматлараро кенгаши аъзолари йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланаётганини таъкидлади.
Украина президенти Владимир Зеленский РФ президенти Владимир Путинга музокаралар столи атрофида учрашишни таклиф этди. Украина раҳбари «одамларнинг ҳалок бўлишини тўхтатиш учун музокаралар столига ўтириш кераклигини» таъкидлаган. Путин музокараларга тайёрлигини билдирган.
ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Лазиз Кудратов ва Европа парламентининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Дэвид Макаллистер Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ҳамда «GSP+» Преференциялар бош тизимидан фойдаланиш доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,15 сўмга кўтарилиб, 10 860 сўмни ташкил этди. Евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев март, июнь ва июль ойларида яна 4 млн доза Pfizer, 7,5 млн доза Moderna вакцинаси олиб келинишини маълум қилди. Қолаверса, Ўзбекистонда яна 10 млн доза ўзбек-хитой вакцинаси ҳам ишлаб чиқарилган.
Халқ таълими вазирлиги 2021 йилда таълим муассасалари 91,1 млрд сўмлик молиявий хатога йўл қўйгани, шундан 27,1 млрд сўмни талон-торож қилганини аниқлади. Биргина Андижон шаҳрида ходимларнинг даромад солиғи бюджетга ўтказилмасдан, 11,5 млрд сўм ўзлаштирилган. Аввалроқ, 2018−2020 йилларда Андижон шаҳар ХТБ раҳбарлари 57 млрд сўм талон-торож қилгани айтилганди.
УЕФА Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий тус олгани туфайли бу йилги Чемпионлар лигаси финалини Санкт-Петербургда эмас, Парижда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларни Польша орқали эвакуация қилишини хабар қилди. Львовга келган ўзбекистонликлардан диаспора вакили Маруф Салиевга мурожаат қилиш сўралган. Эвакуация вақтида қариялар, болалик аёллар, талабалар ва болалар устунликка эга бўлади.
Дам олиш кунлари Ўзбекистонда қиш фаслига ҳос бўлмаган жуда илиқ ҳарорат бўлиши кутилмоқда. Бу Эрон ҳудудларидан кириб келадиган ҳаво ҳисобига юз беради. Ҳарорат кундуз кунлари +23…+25 даражагача кўтарилади. Февралнинг сўнгги кунида эса Фарғона водийсидан бошқа барча ҳудудда ёмғир ёғади.
Владимир Зеленскийнинг офиси Украина Россия билан нейтраллик мақоми ҳақида музокараларга тайёрлигини эълон қилди. Украина мамлакат хавфсизлиги бўйича кафолатлар берилиши кераклигини ҳам таъкидлаган.
Bloomberg нашри Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида россиялик миллиардерлар 39 млрд йўқотганлигини маълум қилди. «Лукойл» президенти Вагит Алекперов 6,2 млрд доллар йўқотган бўлса, Алишер Усмоновнинг бойликлари 1,2 млрд долларга камайган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг