Yandex Eats Express24 билан тузган битимдан сўнг овқат етказиб бериш агрегатори хизматлари бозорининг 87,5 фоизини назорат қилади. Рақобат қўмитаси мазкур битим монополияга қарши орган билан олдиндан келишиш талабига тушмаслигини қайд этди.
Электроскутерлар, шунингдек, электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар кучга кирди. Бу воситалар ёруғлик қайтаргичлар ва чироқлар билан жиҳозланган бўлиши шарт. Уларда йўловчи ташиш тақиқланди.
Рақобат қўмитаси Davr Bank АТБга нисбатан микрокредит бўйича ташқи рекламада аниқ маълумотларни келтирмагани учун молиявий жарима қўллашга қарор қилди.
Грузияда парламент сайлови натижаларига қарши бир неча юзлаб кишилар норозилик намойишини ўтказди. Унда президент ҳам қатнашиб, халқаро етакчилар билан гаплашгани ва суҳбатдошлари ҳам натижаларни тан олмаганини айтди. Акцияда асосий талаб халқаро ташкилотлар кузатувида янги сайлов ўтказиш бўлди.
France Football Родрини йилнинг энг яхши футболчиси деб эълон қилди ва унга «Олтин тўп» совринини топширди. Сўнгги кунларгача бу совринни Винисиус Жуниор олиши кутилаётганди. Ламин Ямал энг яхши ёш футболчи, Эмилиано Мартинез эса яна энг яхши дарвозабон бўлди.
Исроил парламенти 90 кун ичида мамлакатда БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Агентлик ҳамда халқаро ташкилотлар бу ҳаракат «хавфли прецедент яратиши» ва «БМТ низомига зидлиги»ни билдирмоқда.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 13 ёшли бола руҳий носоғлом қариндошини ўлдириб қўйди. Бош прокуратурага кўра, марҳум боланинг қўлига пичоқ бериб, уни ўлдиришини сўраб қўрқитган. Жиноят иши қўзғатилди.
IT Community of Uzbekistan ва Uzum IT соҳасида ёш мутахассисларни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик бошланганини эълон қилди.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги метан «заправка» электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиш орқали 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Ҳужжатлар тегишли органларга юборилди.
Янги қонун билан фойдали қазилмаларни такроран рухсатномасиз қазиб олганларга нисбатан жиноят иши очилади. Амалдаги қонунчиликда бу учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
МЖТКга индивидуал ҳаракатланиш воситалари (велосипед, скутер, самокат ва ҳоказо) ва уларнинг электрон вариантлари орқали содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
2025 йилдан Москвада хорижий фуқароларга тажриба тариқасида электрон гувоҳномалар берила бошлайди. Унда фуқаро ҳақидаги барча долзарб маълумотлар акс этган бўлади. Бу, жумладан, жиноятларни очишнинг янги босқичига чиқишга имкон беради, дейди пойтахт мэри.
Талаб этилган тил сертификатига эга бўлиб, аммо квота доирасида магистратурага тавсия этилмаган талабгорлар ОТМлар белгилайдиган тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинади. Қўшимча қабул асосида ўқимоқчи бўлганлар тегишли олийгоҳга мурожаат қилади.
МДҲнинг Ўзбекистондаги депутатлик сайловини кузатиш миссияси раҳбари Сергей Лебедев сайловлар очиқ, рақобат ва адолатли ўтганини айтди. Унинг таъкидлашича, сайловчилар сиёсий етуклик кўрсатиб, номзодларнинг ваъдаларини бажара олиш-олмаслигини тўғри баҳолай бошлаган.
ОТМларда контракт ёки «суперконтракт» асосида ўқишга қабул қилинган 1-босқич талабалари учун тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 1 декабрга қадар узайтирилди. Иккинчи ва ундан юқори босқич талабалар контрактини тўлаш муддатини узайтириш масаласини ОТМ раҳбари ҳал қилади.
Тошкент халқаро аэропортида божхона ходимлари томонидан 6 дона олтин қуймаси, қуйма тилла узук ва 7 дона хитой иероглифлари туширилган тангалар олиб ўтаётган шахс ушланди. Буюмларнинг умумий қиймати 223 млн сўмни ташкил қилди.
Мактаб ўқувчилари учун 2 ноябрь сўнгги ўқиш куни бўлади. Улар 4 ноябрдан кузги таътилга чиқиб, 10 ноябргача дам олади.
Владимир Жоллибеков Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги раҳбари этиб тайинланди.
Бош прокуратура Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштиришда гумон қилинаётган яна уч шахс ҳибсга олинганини маълум қилди. Аввалроқ бир гумонланувчи ҳибсга олинганди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков пойтахтдаги 531-сонли сайлов участкасида овоз берди. Парламент депутатлигига номзоди кўрсатилган вазирга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мавқеини жамият олдида юксалтириш зарур. «Депутатда айнан сиёсий тафаккур юқори бўлиши шарт, деб ўйлайман», — деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг