ЖССТ ва Бутунжаҳон диабет фонди юқумсиз касалликлар профилактикасини яхшилаш тажриба лойиҳасида қатнашган Сирдарёдаги тиббиёт муассасаларига кўзни текшириш учун бешта фундус камераси совға қилди. Пилот ҳудудларда 2-тоифа диабетга чалинган барча беморлар диабетик ретинопатия диагностикасидан ўтади.
Тўққиз ой якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 5,1 миллион сўмдан ошди. Ўсиш суръати 18,5% дан 16,4% гача секинлашди. Ўқитувчилар ва шифокорлар иш ҳақининг республика даражасига нисбатан тафовути ўсди.
Президент Тошкент шаҳридаги Бобур кўчаси бўйлаб пойтахт халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгични масофадан туриб ишга туширди.
25 октябрь куни Ўзбекистонда «Қоғозсиз бир кун» экоакцияси ўтказилди. Адлия вазирлигига кўра, 2024 йил 9 ойида электрон тизимлар сабабли 12,7 тонна офис қоғози тежалган. Бу орқали 240 та дарахт сақлаб қолинишига эришилди, деб ёзди вазирлик.
2025 йилдан Москвада эксперимент доирасида мигрантларга улар ҳақидаги «барча маълумотлар» мавжуд бўлган электрон гувоҳномалар бериш бошланади. Шунингдек, Москва аэропортларида барча хорижликлар учун биометрик назорат жорий этилади.
Тошкентда темирйўлнинг белгиланган қисмидан велосипедда кесиб ўтаётган 15 ёшли болани поезд уриб кетди. У бир қанча жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
Бу галги сайловда партиялар аниқроқ дастурларни илгари сурмоқда, лекин улар замонавий сиёсий технологияларни ҳам ўзлаштириши керак, деди Сенат раҳбарининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. Электоратга йўл топиш партия шарфи ёки кепкасини кийиш билан белгиланмайди, дея таъкидлади у.
Қатарда икки ойлик танаффусдан сўнг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар тикланади.
Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкори бўлиши кутилмоқда. Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Аълоевга кўра, мамлакат келажакда БРИКСдаги фаолиятини қадамма-қадам чуқурлаштиришга ҳаракат қилиб, унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликни тубдан ривожлантиради.
Тадқиқотчилар гуруҳи бир пайтлар Ипак йўли ўтган Ўзбекистон тоғларида иккита ўрта аср шаҳрининг қолдиқларини аниқлади. Улар денгиз сатҳидан 2000 метрдан ҳам баландроқ жойда жойлашган бўлиб, олимларнинг тахминига кўра, темир рудаси қазиб олиш мақсадида бунёд этилган.
Учинчи «Веном» ва яна еттита кинопремьера, театрлардаги кўплаб спектакллар, концерт ҳамда кўргазмалар, болалар учун маҳорат дарслари ва катталар учун ижодий машғулотлар, шунингдек, дам олиш кунларидаги бошқа тадбирлар.
Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг маълум қилишича, Eriell KAM компанияси Афғонистондаги газ конини ўзлаштириш бўйича шартнома имзолаган. Унга кўра, Ўзбекистон 25 йил давомида лойиҳага йилига 100 миллион доллар сармоя киритади, қазиб олинган газни ҳам қайта ишлайди.
Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида Ўзбекистон бўйлаб 1 миллион 15 минг 948 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўнгги 4 йилда Ўзбекистонда 30 мингга яқин ёш IELTS`дан 7 баллдан баланд натижа қайд этганини маълум қилди. 8 балл олганлар сони 3 мингга яқин бўлса, 9 баллик натижа қайд этганлар ёшлар сони 30 нафарга етган.
Ўзбекистон президенти ИИО ходимларига йўллаган табригида ИИВ тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар давом эттирилишини таъкидлади. «Ички ишлар тизимидаги ўзгаришларнинг амалий натижасини халқимиз ўз кундалик ҳаётида доимо сезиши, ҳис этиши шарт», — деди у.
Ойбек Шахавдинов Ўзбекистоннинг Словениядаги биринчи элчиси этиб тайинланди. У март ойидан бери Венгрияда элчи бўлиб хизмат қилмоқда, шу ҳафтадан бошлаб эса Хорватияда ҳам элчилик вазифасига киришган.
Республикада дам олиш кунлари жануби-ғарбдан нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига бироз совийди, айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Шанба куни ҳарорат +13…+15, якшанба куни эса +19 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Ҳукумат қарори билан камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тасдиқланди.
Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида 693,8 минг нафар чақалоқ туғилди, бу 2023 йилга нисбатан 3,2% кам. Ўлим ҳолати аввалгидан кўпайиб, 131,7 минг нафарни ташкил этди. Мамлакатда 9 ойда 179,4 минг никоҳ тузилган бўлса, 34 мингта ажрашиш қайд этилди. 193,5 минг киши Ўзбекистондан четга кўчиб кетди.
Янги Тошкент шаҳри қурилиши учун Юқори Чирчиқ туманидаги 3 та маҳалладан яна ер майдони ажратилди. Ерлар доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси»га берилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг