Ўзбекистон ҳозирча толиблар тузган афғон ҳукуматини тан олиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти, деди Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев. Унинг сўзларига кўра, бу қарор халқаро ҳамжамият билан келишилган ҳолда қабул қилиниши керак.
Миллий гвардия қўмондони фарзанд асраб олган оилаларни солиқлардан озод қилиш, қолаверса, уларга алоҳида тўловлар, имтиёзлар ёки компенсациялар тўлаб беришни таклиф қилди. «Фарзандликка олганга ҳам қандайдир пул тўловлари берилса, бола асраб олиш кескин кўпайиб кетади деган умиддамиз», — деди у. Шунингдек, болани авваламбор ўз оиласида қолдириш ёки яқин қариндошига васийликка бериш чораларини кўриш зарурлиги айтилди.
Ҳукумат қарори билан 2022 йил 1 майгача банан, плантайнлар, анжир, ананас, авокадо, манго, гуайява, мангостан, олма, нок, киви ва бошқа цитрус мевалар божхона божидан озод қилинди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 20,30 сўмга пасайиб, 10 682,01 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Россияда COVID-19 билан боғлиқ вазият кескинлашгани туфайли 30 октябрдан 7 ноябрга қадар ишлайнмайдиган кунлар деб эълон қилинди. Вазият «оғир» ҳудудларда ушбу муддат 23 октябрдан бошланиши мумкин.
Ўзбекистонда кўчмас мулк савдолари бўйича тузилган шартномалар ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошди. Кўчмас мулк битимларининг умумий сонининг қарийб 40 фоизи Тошкентга тўғри келади. Тошкентда квартира нархлари ўтган чоракка нисбатан ўртача 5−7% га ошган.
Сенатнинг 20-ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев йиллар давомида навбатда туриш фуқароларни ноқонуний йўллар билан бола сотиб олишга мажбур қилаётганини маълум қилди. У ҳозирги кунда 500 нафардан ортиқ болани асраб олишга қарийб 5800 нафар фуқаро навбатда турганини қайд этди.
Президент қарорига кўра, метрополитен учун йил охиригача 5 та, 2022 йилда 14 та тўрт вагонли метро поездлари харид қилинади ва поездларнинг сони 80 тага етказилади. Метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилиб, тадбиркорларга электрон аукцион шартларида ижарага берилади.
Ўзбекистоннинг халқаро захиралари октябрь ойида ўтган ойга нисбатан 1,02 млрд долларга қисқарди. Йўқотишларнинг ярми олтин-валюта захирасига тўғри келса, қолган ярми валютадаги активларнинг қисқариши ҳисобига юз берган.
Сенат маданий мерос объектларини сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича давлат дастури доирасидаги ишлар тўлиқ бажарилмаётганлигини таъкидлади. Сенат қўмитаси Тошкентда маданий мерос рўйхатига киритилган айрим объектлар кўрсатилган манзилда йўқлиги, 4 та объект мавжуд эмаслигини, 56 та объектнинг кадастр ҳужжатлари бўлмаганлигини аниқлаган. Сенат раиси Танзила Нарбаева маданий мерос объектларини сақлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш кераклигини қайд этди.
Интерпол Ўзбекистонда фирибгарлик қилгани учун халқаро қидирувда бўлган икки фуқарони Жанубий Кореяда қўлга олиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилди. «Энди улар қилмишлари учун судда жавоб беришларига тўғри келади», — дейилади хабарда.
Тошкент метрополитени бошлиғига рақамлаштириш бўйича ўринбосар лавозимига чет эллик мутахассис, ер ости йўллари самарадорлигини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун хорижий тажрибага эга консультантлар жалб қилинади.
Гид Жамил Қосимов 1869 йилда Марғилонда қурилган қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди бузиб ташланганини хабар қилди. У Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганди. Маданий мерос агентлиги бино бир неча жойидан ёрилгани боис бузиб, янгидан қурилаётганини маълум қилди.
Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентнинг 12 та қадимий дарвозасини тиклаш ва қуриш бўйича қарорни имзолади. Дарвозаларнинг жойлашуви Рақамли ривожланиш департаменти томонидан хариталарни боғлаш орқали аниқланган. Олдинроқ «Газета.uz» департаментнинг тадқиқоти қандай борганлиги ва дарвозаларнинг аниқ жойлашуви ҳақида ёзган эди.
Чегарани кесиб ўтаётган Ўзбекистон фуқаролари ва катта юк машиналари ҳайдовчиларидан мунтазам равишда пул талаб қилиб келган Қирғизистон чегара хизмати мансабдор шахслари ушланди.
20 октябрь куни Ўзбекистонга GAVI Халқаро вакциналар альянсининг COVAX дастури доирасида Sinovac вакцинасининг 864 минг дозалик партияси олиб келинди. Мамлакатга келтирилган ва ишлаб чиқарилган вакциналар миқдори 31 млн дозадан ошди.
Ўзбекистонлик шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритиб, АҚШ миллий терма жамоасидан жой эгаллади.
Ўзбекистонлик 6-синф мактаб ўқувчиси София Сингҳ Гилл Италиядаги Sanremo Junior болалар халқаро мусиқа фестивалида биринчи ўринни эгаллади.
Пойтахтда Яккасарой ва Сергели туманларини боғлайдиган янги йўл қурилишининг биринчи босқичи якунланди (фото).
Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви, Ўзбекистон муфтийси ва Тошкент шаҳри бош имом-хатиби тайинланиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлиши — «Газета.uz»нинг 19 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг