Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловда коронавирус инфекцияси аниқланди. У Тошкентда даволанмоқда.
Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари Ўктам Барноев Тошкентдаги хусусий клиникада даволанмоқда, унга коронавирус ташхиси қўйилган.
Ўзбекистонда энг камида 540 нафар тиббиёт ходими коронавирус инфекциясига чалинган. Икки шифокорнинг COVID-19 сабабли вафот этгани расман қайд этилган, дея хабар қилди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида режали даволаш муолажаларини олаётгани хабар қилинди.
Коронавирус беморлари сони 206 нафарга ортиб, жами 23078 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатларнинг 130 нафари Тошкент шаҳрида, 40 нафари Бухоро вилоятида, 20 нафари Сирдарё вилоятида, 9 нафари Қорақалпоғистонда, 7 нафари Тошкент вилоятида аниқланди. Шу билан бирга, яна икки нафар коронавирус бемори вафот этди.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими бўлиб ишлаб келаётган Исроил Аманов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Муборак тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган адлия маслаҳатчиси Самад Ҳасанов ҳоким лавозимига маъқулланди.
Сенат қўмитаси мажлисида ИИВнинг биринчи ярим йиллик бўйича ҳисоботи тингланди. Унга кўра, ушбу даврда мамлакатда содир этилган умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган. Шунингдек, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2776 нафарига «ҳимоя ордери» берилгани маълум қилинди.
1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 10 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 14 ёшгача болалари бўлган оилалар ва 2 ёшгача бўлган болага қараш учун нафақа олувчилар сонини ошириш кўзланмоқда. Бу тўғрисидаги фармон яқин орада имзоланиши режалаштирилмоқда.
«Энг йирик IT-корпорациялар фойдаланувчилар маълумотларини рақобатчиларини „йўқ қилиш“ учун қўллашмоқда, бу компаниялар жуда йирик», — дейди АҚШ конгрессменлари. Шу масалада ушбу йирик компаниялар, Apple, Facebook, Google ва Amazon раҳбарлари Конгресс саволларига жавоб беришди.
Молия вазирлиги 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни таклиф этмоқда. Хусусан, мамлакат кафолати остида жалб этиш ташқи қарз чегарасини $1 млрдга ($4 млрддан $5 млрдгача) ошириш, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ҳамда уларнинг харажатларини ўзгартириш кўзланган.
29 июль куни Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида маст ҳолатда автотранспорт бошқарган ҳайдовчи профилактика катта инспекторининг ўлимига сабабчи бўлди.
«Саховат ва кўмак» фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга жами 150 млрд сўм миқдорида моддий ёрдам тарқатилади. Ҳудудлардаги сектор раҳбарлари 2 кун муддатда ушбу маблағларни аҳолига тарқатилишини таъминлайди.
Улуғбек Муҳаммадиев Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори этиб тайинланди.
Халқ таълими вазирлиги эпидемиологик вазиятга қараб янги ўқув йилини бошлаш бўйича учта сценарий устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Жумладан, мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини бошлайди ёки таълим онлайн тартибда давом эттирилади ёки гибрид сценарий бўйича таълим ҳам онлайн тарзда ҳам синф тизимида бўлади.
Ўзбекистонда COVID-19 беморлари сони 287 нафарга ортиб, жами 22872 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатлар Тошкент шаҳрида, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Сурхондарё, Навоий, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, яна бир коронавирус бемори вафот этди.
500 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси карантин чекловлари сабабли хорижий мамлакатларга ишлаш учун кета олмаган. Ҳозирча уларнинг 76 минг нафари иш билан таъминланди, дея маълум қилди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги.
29 июль куни Ўзбекистонда 692 кишида коронавирус тасдиқланди, 672 киши эса инфекциядан соғайди. 5 киши, жумладан, 22 ёшли ҳомиладор аёл оламдан ўтди. 172 беморнинг аҳволи ўта оғир.
Ўзбекистон бош давлат санитар инспектори Нурмат Отабековнинг коронавирусга чалингани тасдиқланди.
Турли йилларда Интеллектуал мулк агентлиги, Миллий кутубхона, президент матбуот хизматига раҳбарлик қилган Асаджон Ходжаев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директор этиб тайинланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўтказган текширувда Uzauto Motors «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларини бузгани аниқланиб, компанияга нисбатан иш қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг