Павел Дуров Телеграмда видеомулоқотлар пайдо бўлишини эълон қилди. Унинг ишга туширилиши 2020 йилнинг охиригача режалаштирилган. Шунингдек, 400 млн фаол фойдаланувчига эга мессенджер таълимга ҳисса қўшиш мақсадида барча фанлар ва даражалар учун тест синовлари маълумотлар базасини яратишини маълум қилди.
Тошкент тиббиёт академиясида коронавирусга чалинган бемор ўткир нафас, ўпка-юрак ва полиорган етишмовчилигидан оламдан ўтди. Мамлакатда COVID-19 инфекцияси асоратларидан вафот этган беморлар сони 8 нафарга етди.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Асака тумани бўлими раҳбари фермердан 10 минг доллар пора олаётганда ушланди.
Жума ва шанба куни кечқурун кучсиз ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши ва шамолнинг тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 22−25 даражагача пасаяди.
Ўзбекистонда ягона электрон чипта сотиш тизими яратилади. Тизим орқали транспортлар учун ва бошқа чипталарни сотиб олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан тўлиқ соғайган беморлар сони 598 нафарга етди.
TBC Uzbekistan июндан иш бошлайди. Банк нақд пул кўринишидаги кредитлар, иш ҳақи гаров кредитлари, автокредитлар ва бошқа хизматларни таклиф қилади. Банкка тегишли Payme компанияси эса алоҳида ишини давом эттиради.
Ухань шаҳрида COVID-19 нинг оғир кўринишларини даволашда юқори самара берган КТЭА ўпка касалликларини даволаш учун электрон аппаратлар Тошкентга олиб келинди. Қурилмалар шифохоналарга коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун беғараз топширилади.
Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш учун 3,1 млрд доллар жалб қилишни режалаштирмоқда. Ушбу маблағларнинг 277,5 млн доллари — соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, 700 млн доллари — тадбиркорликни, 300 млн доллари — коммунал ва энергетика корхоналарини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Давлат бюджетига 1,8 млрд доллар йўналтирилади.
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида «Маърифат» газетаси мухбири фаолиятига қаршилик кўрсатган ҳоким котиби билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳолат туман ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганилмоқда.
Google, Apple, Samsung, Netflix ва бошқа компаниялар Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғини тўлаш учун рўйхатдан ўтишди. Google 2020 йилнинг I-чораги якунларига кўра давлат бюджетига 85 минг евро миқдорида маблағ тўлаган.
Жисмоний ва юридик шахсларга электрон рақамли имзо калити ва сертификатини масофадан туриб олиш механизми жорий қилинди. Шахсни тасдиқлаш учун фуқаро паспортининг асосий саҳифаси билан селфи фото тушиб уни юбориш керак бўлади.
Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 19 нафар бемор соғайди. Улар орасида уч ойлик чақалоқ ҳам бор. Мамлакат бўйлаб тузалганлар сони 582 кишига етди.
Дональд Трамп коронавирус пандемиясидан кейин АҚШ иқтисодиётини тиклашга қаратилган «Американинг буюк иқтисодий тикланиши» лойиҳасига жалб этиладиган шахслар рўйҳатини эълон қилди. Унга Илон Маск, Жефф Безос, Марк Цукерберг ва бир қатор таниқли Америкалик тадбиркорлар ва давлат арбоблари кирган. Уларнинг асосий вазифаси инқироздан кейин АҚШ иқтисодиётини тиклаш масаласида Трампга маслаҳат бериш.
Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан навбатдаги 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 563 нафар бемор тўлиқ шифо топди.
Коронавирус беморлари сони 20 нафарга ортиб, жами 1778 кишини ташкил этмоқда.
Халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматига бюджетни қўллаб-қувватлаш ва Инқирозга қарши кураш жамғармасини молиялаштириш учун энг камида 1,6 млрд доллар кредит маблағларини тақдим этади.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 23 кишига ошиб, 1758 нафарни ташкил қилмоқда.
«Zamin» фонди 5 млрд сўм миқдоридаги хайрия маблағини Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож 5 минг нафар аёлга йўналтирди. Фонд атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш, эшитиш қобилияти заиф болаларнинг яшаш ва таълим шароитларини яхшилаш ва бошқа йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Президент «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига келгуси 5 йилда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 4−5 бараварга кўпайтириш, таннархни рақобатчиларга нисбатан арзонлаштириб, ташқи бозорларни эгаллаш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, ЕИ бозорлари учун GSP+ мақомини олиш ҳамда маҳсулотларни BSI стандартлари асосида сертификатлашни жадаллаштириш топширилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг