29 апрель кунидан бошлаб Аи-92 маркали бензин нархи 5500 сўм қилиб белгиланди.
Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 12 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тўлиқ соғайди. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 892 кишига етди.
Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида 21 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Ўзбекистон бўйлаб жами 880 киши коронавирусдан тузалди.
Ўзбекистонда стартаплар тўғрисида қонун қабул қилинади. Қонун лойиҳасига кўра, стартаплар ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Стартап компаниялар ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва бошқа солиқ тўловларидан озод этилади. Қонун доирасида хориж фуқароларига Стартап визалар берилиши ҳам режалаштирилган.
Тошкентдаги иккита клиникада 16 нафар, Хоразмда эса 33 нафар коронавирус бемори инфекциядан тўлиқ халос бўлди. Ўзбекистон бўйича тузалганлар сони 859 кишига етди.
Ўзбекистон ҳаво йўлларининг собиқ бош директори Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди.
Наманган вилоятида 4 нафар, Жиззах вилоятида эса 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар буткул соғайди. Мамлакат бўйича соғайган беморлар сони 810 нафарни ташкил этмоқда.
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони январь-март ойларида 131,6 минг кишига ёки 0,4 фоизга кўпайиб, 34,03 млн кишини ташкил этди.
Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқот Институтининг (SIPRI) ҳисоботига кўра, ўтган йили дунё бўйлаб давлатлар ҳарбий соҳага 1,9 трлн доллар сарфлашган, бу кўрсатгич 2018 йилга нисбатан 3,6 фоизга ўсган. 2019 йилда харажатларнинг 62 фоизини ташкил этган бешта энг катта сарфловчилар АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Саудия Арабистони.
Ҳукумат қарори билан уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш бўйича вақтинчалик тартиблар белгиланди. Унга кўра, коронавирус аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганлар рўйхати шакллантирилади ва улар 14 кун давомида уйда яшовчи барча шахслар билан бирга карантинга олинади. Карантин муддати давомида уйларни тарк этишлари қатъиян ман этилади.
28 ва 29 апрель кунлари Ўзбекистон бўйича айрим жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Чоршанба куни ҳаво ҳарорати +20…+25 даражагача тушади. 30 апрелдан ёғингарчиликсиз об-ҳаво ўрнатилади ва дам олиш кунларига қадар давом этади.
Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 15 нафар бемор тўлиқ соғайди. Мамлакат бўйлаб тузалганлар сони 804 кишига етди.
Тошкент ҳокимлиги ҳузурида Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш бўйича махсус марказ ташкил этилади.
2020 йилда амал қилиш муддати тугайдиган аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалар, мувофиқликни баҳолаш доирасида расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатлари ва қиёслаш сертификатлари уларнинг амал қилиш муддати тугаган кундан бошлаб 6 ойга узайтирилади.
Қозоғистон президентининг фармони билан мамлакатда фавқулодда ҳолат режими 11 май кунига қадар узайтирилади. Ҳукумат иккинчи ой учун даромадларини йўқотган фуқароларга 42 500 тенге миқдорида ёрдам беришини, 1 майдан пойтахт ва Олмаота ўртасида авиарейслар тикланишини ҳамда бир қатор туман ва шаҳарларда карантин режимини юмшатилишини маълум қилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ягона электрон чипта сотиш тизими операторини танлашда янги давлат иштирокидаги корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирди. Олдинроқ Uzcard ягона электрон чипта сотиш тизими оператори бўлиши тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинган эди.
Корея Республикаси томонидан юборилган инсонпарварлик ёрдамининг биринчи қисми Тошкентга етиб келди. Унда умумий қиймати 900 минг долларга яқин юқори технологик тиббий ускуналар, автомат механизмли тиббий каравотлар ва ПЦР диагностика тест тизимлари жой олган.
Коронавирус беморлари сони 18 нафарга ортиб, жами 1887 кишини ташкил этмоқда.
Прага суди Чехия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарори билан жорий этилган коронавирусга қарши чекловларни бекор қилди. Гап фуқаролар ҳаракатланиши ва иш юритиш эркинлигини чеклаш ҳақида бормоқда.
Адлия вазирлиги давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига амал қилинмаслик учун жарима таклифи Ўзбекистонда миллатлар ва элатлар ҳуқуқларини поймол этмаслигини маълум қилди. Қонун лойиҳаси тилдан фойдаланишга нисбатан қандайдир чекловларни жорий этмайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг