АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия делегатларининг 99 фоиз овозини олди ва президентлик сайловига унинг номзоди кўрсатилди. У 6 август куни вице-президент номини айтиши кутилмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Салимбой» номи билан танилган ўзбекистонлик Салим Абдувалиевни қидирувга берди. У уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштиришда гумонланмоқда.
Қумқўрғон туманида йўловчи поезди уриб юборган Lacetti ҳайдовчиси ҳалок бўлди. У светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган.
«Саидазиз медгородок» ва яна 28 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Саидазиз Саидалиев 20 йилга қамалди. Судланувчиларнинг баъзилари 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган бўлса, айримларига ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси берилди. Бир судланувчи жазодан озод этилди. Батафсил.
Рақобат қўмитаси танлов таклифларини баҳолаш мезонларининг нисбий қиймати ишлаб чиқилмагани учун Термиз давлат педагогика институтининг 2 млрд сўмлик тендери бекор қилинганини маълум қилди. Институтга нисбатан иш қўзғатилди.
IT Park University`да IТ соҳасида ўқишни истаган абитуриентлар учун очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг бош инспектори 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. У компанияларнинг солиқ қарзларини банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг доллар олаётганида ушланганди.
ДХХ Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларини аниқлади. Учкўприк туманида 56 ёшли шахс ўзиники бўлмаган 12 сотих ерни 130 минг долларга сотмоқчи бўлганида ушланди. Қашқадарёда эса ҳокимлик ходими 25 гектар ерни 5 минг долларга пуллаётганда қўлга тушди.
Париж Олимпиадасининг 11-кунида Арам Варданян ва Рустам Ассакалов Юнон-рум кураши бўйича, Актенге Кеунимжаева эса эркин кураш бўйича гиламга чиқади. 7 августга ўтар кечаси боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев америкалик рақибига қарши ярим финалда жанг қилади.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 2024 йилнинг биринчи ярмидаги соф фойдаси 269 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга кўпдир.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини муддатидан аввал якунлаганини эълон қилди. «Бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим», — деб ёзди у. Ғаниев ишини Вазирлар Маҳкамасида давом эттиради.
Пойтахтнинг Бектемир, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги жами 5786 та хонадон ва 37 та улгуржи истеъмолчи 6 август куни табиий газ таъминотидан узилади.
Тошкент ҳокимлигининг таъкидлашича, реновацияга тушган ҳудудлар маҳаллий аҳолининг мурожаатлари асосида таклиф этилган. Уй-жойларнинг таҳлили шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермаслигини тасдиқлади, дея қайд этди ҳокимлик. Лойиҳа ҳудудларни яхлит ривожлантиришни назарда тутади.
Uzbekistan Airways Мустақиллик байрами муносабати билан 31 августдан 3 сентябргача барча маҳаллий авиақатновлар учун чипта тарифларидан 30 фоиз чегирма эълон қилди.
Президентга олиб кирилган тақдимотга кўра, ички йўллар ва кўприклар ҳокимиятлар балансида экани сабабли уларнинг кўпи «таъмирталаб ҳолатда». Шу боис энди ҳудудий ободонлаштириш бошқармаларида ички йўлларни сақлаш хизматлари ташкил этилади. Улар энг зарур 4 турдаги махсус техника билан таъминланади.
15 йилдан бери ҳокимиятда бўлиб келган Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина оммавий намойишлар фонида истеъфога чиқди ва мамлакатдан қочиб кетди. Армия муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилди.
Президентга рақобатни ривожлантириш концепцияси тақдим этилди. Энергетика, аэропорт хизматлари ва бошқа соҳалардаги 17 турдаги давлат монополияларини тугатиш кутилмоқда. Рухсатномалар ва лицензиялар мажбурий суғуртага алмаштирилади, табиий монополиялар соҳасида мустақил регуляторлар пайдо бўлади.
Япония фонд бозори 12,4 фоизга тушиб кетди, бу 1987 йилдаги «қора душанба»дан бери энг катта қулаш бўлди. Иена курсининг кўтарилиши, пул-кредит сиёсатининг кескинлашиши ва АҚШда иқтисодий маълумотларнинг ёмонлашуви туфайли инвесторларнинг япон фонд бозорига ишончи пасайди, деб ёзди Bloomberg.
Япония бош вазири Фумио Кишида Марказий Осиё давлатларига Россияни четлаб ўтиб, минтақа ва Европани боғлайдиган янги савдо йўлини яратиш учун иқтисодий ёрдам таклиф қилади, деб хабар бермоқда Япония ОАВ. Аввалроқ АҚШда ҳам шунга ўхшаш режалар ҳақида гапирилган эди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида иккита UAZ тўқнашувида улардан бири ағдарилди. Оқибатда машина салонидаги 6 киши жароҳатланди. ЙТҲга оид ҳужжатлар жиноий судга юборилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг