Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатарнинг собиқ бош вазири Ҳамад бин Жассим Ол Соний Бухоро ва Тошкентда қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль ва темир йўллар инфратузилмасини барпо этиш масаласини кўриб чиқди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб АҚШ билан маданий қимматликлар бўйича шартнома имзолади. Бу ўғирланган артефактларнинг АҚШга олиб кирилишини чеклайди ва уларни ўз мамлакатига қайтариш жараёнини осонлаштиради.
ЎЗбекистон Марказий банки юридик шахслар учун чет эл валютасини сотиб олиш шартларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Валюта сотиб олишда зарур бўладиган ҳужжатлар сони ортиши, норезидентлардан миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини таъминлаш ва бошқалар талаб қилиниши мумкин.
IQAir индексига кўра, Тошкент ҳавоси сўнгги бир ой ичида 4 кун «носоғлом», 10 кун «таъсирчан гуруҳлар учун носоғлом» дея қайд этилди. Пойтахтда ой давомида фақат бир кун «яхши» даражадаги ҳаво кузатилди. Тошкент айни дамда дунёнинг бешинчи энг ифлосланган шаҳри бўлиб турибди.
Taftish.uz интернет нашри собиқ раҳбари Ғайрат Абераев фирибгарлик, хусусан, фуқароларни алдаш орқали жами 33,3 минг долларни талон-торож қилганликда айбланмоқда. Унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Глобал таъминот занжирларининг беқарорлашуви ва жаҳон бозоридаги волатиллик шароитида ИҲТ давлатлари ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиляпти. Бунга савдо, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг минтақавийлашуви ёрдам бермоқда, деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Газета.uz» билан интервьюсида.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2023 йил якунига қадар Ўзбекистонда 127 минг 500 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 12 фоизга тушириш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Ҳозиргача 1 миллион 200 минг камбағал оила рўйхати шакллантирилган.
Бухоро шаҳрида чиқинди ташувчи машина ҳайдовчиси ахлат ташлаш учун яқинлашган 18 ёшли талаба қизни пайқамай, автомобилни унинг устига ҳайдаб юборди. Қиз олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди.
«Навоийуран» ва Хитойнинг China National Nuclear Corporation уран саноати соҳасида стратегик ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманига Шуҳрат Ахмедов, Тупроққалъа туманига Акмал Жималязов ва Шовот туманига Ойбек Холбоев ҳоким этиб тайинланди.
2023 йил якунида акциз солиғи ҳисобидан давлат бюджетига тушумлар прогноз кўрсаткичларига нисбатан 1,5 трлн сўмга кам бўлиши кутилмоқда. Тушумлар камайиши йил бошида газ «заправка»лари вақтинча ёпилгани ва АИ-80 бензинга акциз солиғи маълум муддат бекор қилингани билан изоҳланди.
Бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров Сочида WBA йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони россиялик Ражаб Бутаевга муддатидан аввал ютқазиб, профессионал фаолиятидаги иккинчи мағлубиятини қабул қилди (видео).
Сентябрь ойида Ўзбекистон Хитойга 41,6 млн долларлик газ етказиб берди — бу апрелдан бери етказиб беришнинг минимал ҳажми бўлди. Йил бошидан буён Хитойга газ экспорти 412,2 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 1,9 баробар кам.
Президент қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига портлаш хавфи юқори кимёвий моддаларни сақлаш талабларини назорат қилиш вазифаси юкланди.
Адлия катта маслаҳатчиси Азамат Мирзаев Навоий вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Собиқ вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедов Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлди.
ДХХ Андижонда гумонланувчига ёрдам бериш эвазига $5 минг олган терговчи ва бунга кўрсатма берган прокурор ўринбосарини ушлаганини маълум қилди. Самарқандда эса прокурор ёрдамчиси айбланувчини қамоқдан чиқариш учун 3 минг доллар сўрагани айтилмоқда.
2024 йилда давлат бюджетидан Маданият вазирлигига 1,1 трлн сўмдан кўпроқ маблағ ажратиш режалаштирилмоқда. Вазирлик харажатлари орасида давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш, Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш каби бандлар мавжуд.
Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчи ва 648 мингта хонадон электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ)га уланмаган. Президент камчиликларни бартараф этиш ва электр энергияси йўқотишларини камайтириш бўйича топшириқ берди.
ИҲТ давлатлари транспорт вазирлари йиғилиши якуни бўйича «Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия» мультимодал коридорини ривожлантириш тўғрисида баённома имзоланди. У Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан ЕИ мамлакатларига рақобатбардош тарифларда юк ташишни ташкил этишни назарда тутади.
1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда давлат спорт таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун ариза берувчилар Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг