Тармоқларда ёш боланинг ҳовлида илон ушлаб, уни ўйнаб юргани ва бу ҳаракатни амалга оширишга унинг отаси ундаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳолат Оҳангаронда содир бўлганини ва боланинг отасига тушунтириш хати ёздирилганини маълум қилди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов масъулларни ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирди. «Қарорни нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозим», — деди у.
Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, олий ўқув юртлари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқиш маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда 11 январдан босқичма-босқич бошланади. 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди.
Андижон ва Хоразм вилоятларидаги таълим муассасаларида 11 январдан ўқув жараёнлари бошланиши маълум қилинди. Самарқанддаги муассасаларнинг эса шароити ўрганилмоқда. Аввалроқ Ўзбекистондаги таълим ташкилотларида аномал совуқ сабаб қишки таътил 18 январгача узайтирилганди.
11 январдан ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, асосан, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари −12…−20 даражача, кундузи −5…−12 даражагача пасаяди. Энг кучли совуқ — Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида −30 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазирининг маълум қилишича, коронавирус сабаб қўйилган чекловлар бекор қилинди. «Ҳаж зиёратига келувчилар сони пандемиягача бўлган даражага қайтади, ёш чекловлари бўлмайди», — деди вазир.
Шайхонтоҳур туманида маст эркак уйига келган танишини шиша идиш билан уриб жароҳатлади. Оқибатда у воқеа жойида вафот этди. Аниқланишича, мезбон танишининг турмуш ўртоғи тўғрисида айтган гапларидан жаҳли чиққан.
Бойсун туманида тиббиёт бирлашмаси шифокори 2 киши томонидан калтакланди. Шифокор енгил жароҳат олган. Калтаклаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости ходимлари томонидан пневматик тўппонча олиб ўтмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Ундан олинган 1 дона калибри 4,5 мм бўлган пневматик тўпонча ҳамда ушбу тўппончага тегишли 4 дона сиқилган ҳаво балончалари ва 89 дона ўқлари тегишли тартибда йўқ қилинди.
Миллий туроператор пляжлар, замонавий меҳмонхоналар ва кўплаб диққатга сазовор жойларга эга иссиқ Шри-Ланкада таътил ўтказиш учун 10 та сабаби ҳақида сўзлаб берди.
Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида парвозлар бекор қилинди, баъзи рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ва Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликларни ноқулай об-ҳаво туфайли йўлларда кузатилаётган ноқулайликлардан огоҳлантирди. Ушбу давлатларда бўлиб турган фуқаролардан барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги аномал совуқ кунларда уйларда қулай ҳароратни сақлаган ҳолда иситиш харажатларини қандай тежаш мумкинлиги бўйича тавсия берди. Жумладан, иситиш радиаторларида кийимларни қуритмаслик, мебелни радиаторлардан узоқроқ жойлаш кераклиги айтилган.
Тижорат банклари 10 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 250 — 11 310 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 340 сўм.
Тошкент зоопарки аномал совуқ кунларда ҳайвонлар учун қандай шароит ҳозирлангани ҳақида маълумот берди. Хусусан, ҳарорат марказий иситиш тизими орқали таъминланади, электр узилиши вақтида генераторлар ишга тушади. Баъзи жониворлар вольерларига сомондан тайёрланган табиий иситувчи шолчалар қўйилди.
Қорли Тошкент кўчаларини тозалашга декабрь ойидаги вазиятга қараганда кўпроқ техника (200 дан ортиқ) ва ободонлаштириш хизмати ходимлари (6 мингга яқин) жалб қилинган. Кечаси асосий кўчалар қордан тозаланди ва қум-туз аралашмаси сепиб чиқилди.
Табиат ресурслари вазирлиги боксчи Фазлиддин Ғоибназаров иштирокидаги ов жараёнида қонунбузарликка йўл қўйилгани ва табиатга зарар етказилганини тасдиқлади. Вазирлик спортчининг шериги ов қилиш ҳуқуқига эга эканини қайд этди. Бироқ тарқалган видеода боксчининг ҳам қуролдан ўқ узгани акс этган эди.
Қарийб 3 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Хитой мунтазам авиақатновларни тиклади. 10 январь куни Uzbekistan Airways Тошкентдан Пекинга илк рейсни амалга оширади.
Тез тиббий ёрдам автомобилларига жарима белгиланаётгани ва улар бекор қилинмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ ва ССВ ҳолат бўйича қўшма баёнот эълон қилиб, ушбу турдаги жарималар бекор қилинишини маълум қилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10−15 январь кунлари кузатиладиган аномал совуқда чорва моллари ва хўжалик экинларини қандай асраш бўйича тавсиялар берди. Хусусан, экин майдонлари устини плёнка қопламалари билан қоплаш кераклиги келтириб ўтилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг