Қаршидаги манзил колониясидан маҳкум рухсатсиз чиқиб кетди. У 2015 йилда 14 ёшга кирмаган шахсни зўрлагани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди. 2020 йилда эса ёпиқ турдаги қамоқхонадан манзил колониясига ўтказилган. У қўлга олинди ва ҳозирда ёпиқ турдаги колонияга қайтариш масаласи кўрилмоқда.
Қуйи Чирчиқда йўловчи сифатида кетаётган 3 киши такси ҳайдовчисини 14 млн сўм учун бўғиб ўлдиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қўлга олинди. Улар орасида мактаб ўқувчиси ҳам бор.
Ҳукумат қарори билан Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида Параолимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилди. Мутахассислар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёрдамида хорижда малака ошириб келади.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев Сардоба туманига, Ҳамидулло Иномов эса Фарғона туманига ҳоким бўлди. Қолаверса, Қашқадарё ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди. Ҳокимнинг яна бир ўринбосари ва Чироқчи ҳокимига эса «ҳайфсан» берилди.
Қувайтда енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Фарғона шаҳрида 1150 дона «Трамадол», 14 дона «Регапен» ва 141 дона «Тропикамид» каби кучли таъсир қилувчи дори воситаларни хонадонида сақлаб келган фуқаро ва унга алоқадор шахс ушланди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда қўлга олинди.
2022 йилнинг 9 ойида «103» хизматига жами 4 минг 452 та ёлғон чақириқ келиб тушди. ССВнинг маълум қилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан икки баробар кам.
Қашқадарёда юз берган аварияда Spark бетон тўсиққа урилиши оқибатида ҳайдовчи ва унинг йўловчиси ҳалок бўлди. Фарғонада содир бўлган автоҳалокатда эса 5 ёшли қизалоқ вафот этди.
Россиянинг Белгород вилоятидаги ҳарбий полигонда сафарбар қилинган аскарларга оммавий ўқ узилди. РФ Мудофаа вазирлиги ҳодисани теракт деб атаб, «МДҲ давлатларидан бири»нинг икки фуқароси ўт очганини маълум қилди. 11 киши ҳалок бўлгани ва 15 киши яралангани айтилмоқда, қурбонлар кўпроқ бўлиши мумкин.
Давлат тили ҳақидаги қонун сусткашлик билан амалга оширилаётганининг сабаби муттасил назоратнинг йўқлигидир… Хуллас давлат тили ҳақидаги қонунни амалга ошириш аввало раҳбарий ташкилотларнинг ҳаракатига боғлиқдир, деб ёзганди Ғанижон Абдураҳмонов бундан 30 йилларча муқаддам.
Шароф Рашидов туманида жойлашган Пахта қабул қилиш пунктида ёнғин содир бўлди. Оқибатда 2 та ғарамнинг устки қисми ёниб кетди. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Ғузор туманида Gentra ҳайдовчиси бошқарувни йуқотиши натижасида йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб ЙТҲ содир этди. Оқибатда у тан жарохати билан шифохонага ётқизилди, машинада бўлган йўловчи эса вафот этди.
Ўзбекистон МДҲ доирасида эркин савдодаги чекловларни тўлиқ бекор қилишга тайёр, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев Остонадаги саммитда. Унинг таъкидлашича, дунёдаги янги хатарлар шароитида ҳамкорликда янги — «Термиз-Пешовар» ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» логистика йўлакларини ривожлантириш муҳим.
Tong Jahoni ва «Русь сидящая» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарлари Валентина Чупик ва Ольга Романова «Газета.uz»га Россияда меҳнат қилаётган ва ҳибсдаги Ўзбекистон фуқаролари Украинага урушга қандай жалб қилинаётгани ҳақида сўзлаб беришди. Ушбу ташкилотлар алоқа рақамларини ҳам тақдим этамиз.
Янгиҳаёт туманида Veolia Energy Tashkent хорижий компанияси ходими $600 пора олаётган вақтда қўлга олинди. У шу йўл билан абонентнинг қарзини сўндиришга ваъда берган.
ЮНИСEФ ўсмирларнинг руҳий саломатлигини ўрганиш бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк тадқиқот натижаларини тақдим этди. Унга кўра, ўқувчиларнинг катта қисми (15,4%) ўртача ва ўта оғир безовталик ва депрессиядан (9,8%) азият чекмоқда. Тадқиқот хулосаси ва тавсиялари — «Газета.uz» материалида.
Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида -102 кг вазн тоифасида қатнашган ўзбекистонлик Шарофиддин Амриддинов 1 та олтин ва 2 та кумуш медалини қўлга киритди. Аввалроқ Адҳамжон Эргашев терма жамоа ҳисобига 3 та олтин медаль келтирганди.
Учкўприк туман ҳокимлиги биносида бир вақтнинг ўзида 16 нафар фермер ўз ерларидан «ихтиёрий» воз кечиш учун ариза расмийлаштиргани маълум бўлди. Бунинг учун нотариус ҳам ҳокимликка чақирилган. Адлия вазирлиги буни президент фармонига зид деб топди ва аризаларни бекор қилиш бўйича чораларни бошлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобилларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича шартномани тайёрлайди. Томонлар дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомаласи соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Ўзбекистон президенти Туркия шимолидаги шахтада юзага келган портлашда инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан мамлакат президентига ҳамдардлик йўллади. Сўнгги маълумотларга кўра, 41 киши ҳалок бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг