Конституцияга ўзгартириш киритишга шошилишнинг ҳожати йўқлигини айтган президент, туғилган кунида вафот этган афсонавий қўшиқчи Даврон Ғоипов, ставка кўриб чиқиладиган йиғилишни ортга сурган Марказий банк, Cурхондарёдаги боғчада 4 ёшли боланинг вафоти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Марказий банк октябрь ойининг иккинчи ярмида халқаро ташкилотларнинг янгиланган макроиқтисодий кўрсаткичлари эълон қилинишини кутмоқда. Шу муносабат билан регулятор асосий ставка кўриб чиқиладиган йиғилишни бир ҳафтага қолдиришга қарор қилди.
UzAuto Motors жисмоний ва юридик шахслар сотиб олиши мумкин бўлган акцияларини биржага жойлаштириш бошланганини маълум қилди. Бу Ўзбекистондаги йирик давлат компанияларини амалга оширган илк IPO бўлади.
«Қашқадарё ҲЭТК» АЖ Ғузор ТЭТК тезкор чиқиш бригадаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди. «Ҳудудий электр тармоқлари» вафот этган электромонтёр «наряддан ташқари ўзбошимчалик билан мавжуд қоидаларни бузган ҳолда симларни ечишга урингани»ни маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент органлари томонидан Жиззах ва Самарқандда жами 2,6 млрд сўмлик кредит маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли моддалар билан гумонланувчиларга жиноят ишлари қўзғатилди.
Марказий банк томонидан «Фуқаролик кодекси»да белгиланган пул мажбурияти бўйича талабларни қондириш навбатига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф берилди. Унга кўра, жисмоний шахслар мавжуд кредитнинг дастлаб муддати ўтган қисми ва фоизини, сўнгра жорий қарздорлик суммаси ва фоизини тўлашади.
Сенаторлар пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. 1 январдан I ва II гуруҳ ногиронларининг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳаки миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ва қўшимча пул тўланади.
Ўзбекистон президенти МДҲнинг норасмий саммитида қатнашиш учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига етиб борди.
Афсонавий ўзбек рок-поп қўшиқчиси Даврон Ғоипов 61 ёшида вафот этди. Дафн маросими Хоразмда бўлади. «Мамлакат яна бир афсонасидан айрилди. Бугун ўз туғилган кунида рок-поп юлдузи Даврон Ғоипов оламдан ўтди», — деди Толибжон Исроилов.
Сенат стандартлаштириш тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади. Унга кўра, «Давлат стандарти» тушунчаси «миллий стандарт»га ўзгартирилиб, қўлланилиши ихтиёрий бўлади. «Миллий стандартлаштириш тизимини такомиллаштирмай туриб, рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш мушкул», — деди Сенат раиси.
Тинчлик бўйича 2022 йилги Нобель мукофоти беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси Алесь Беляцкийга, шунингдек, Россиянинг «Мемориал» ва Украинанинг «Фуқаро эркинликлари маркази» (Центр гражданских свобод) каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларига берилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Синьцзян автоном ҳудудидаги ҳуқуқбузарликларни муҳокама қилишдан бош тортди. Ўзбекистон ҳам 19 давлат қаторида резолюцияга қарши овоз берди.
Шанба куни Кавказ ҳудудларидан келган антициклон Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалиб, қуруқ ва бироз илиқ об-ҳаво бўлади. Якшанба куни ҳам ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат +24 даражагача етади.
Президент Конституцияни ислоҳ қилишда шошилишнинг ҳожати йўқлигини яна таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, таклиф муаллифлари «жамиятда қандай раҳбарият бўлишидан қатъи назар, қонун, Конституция ҳимоясида бўлиш» тарафдори. Керак бўлса, ўзгартиришлар аҳоли билан яна бир бор келишилади, деди Мирзиёев.
7−18 октябрь кунлари «Олмаота — Тошкент — Қамаши — Китоб — Самарқанд — Хива — Бухоро — Хўжанд — Тошкент» йўналишида бу йил иккинчи марта Orient Silk Road Express номли туристик чартер поезди ҳаракатланади. У Европа Иттифоқи ва бошқа бир неча давлатлар саёҳатчиларига хизмат кўрсатади.
Марказий банкнинг 7 октябрдаги тегишли қарорлари билан «Туркистон» ва Hi-tech bank`дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар чақириб олинди. Шунингдек, банкларни тугатиш комиссияси таркиби тайинланди. Омонатчиларининг барча маблағлари 2 ойдан сўнг тўлиқ қайтарилади.
Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 2018 йилда туғилган тарбияланувчи бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Боғча директори лавозимидан озод этилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» оромгоҳи қайта аукцион савдоларига қўйилди. Лотнинг бошланғич нархи 71 млрд сўмни ташкил этади. Актив ягона мулкий мажмуа сифатида сотилиши кўзда тутилган.
Алишер Қодиров собиқ ТИВ раҳбари Абдулазиз Камиловнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнотидан сўнг Ўзбекистонда иқтисодий муаммолар пайдо бўла бошлаганини айтди. «Ўзбекистоннинг шимолдан океанга очилиш йўналиши бир ҳафтага махсус фалажлантирилди», — деди у.
Анорчилик мева-сабзавотчиликнинг «ўсиш нуқталари»дан бири бўлган Сурхондарёда илк бор республика анор фестивали бўлиб ўтди. Шерободда етиштирилган анор энг катта мева сифатида тан олинди, унинг вазни 1580 грамни ташкил этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг