Истанбулда Украина, Туркия, Россия ва БМТ ўртасида украин донини денгиз орқали экспорт қилиш бўйича битим имзоланди. «Бу бутун дунёдаги миллионлаб одамлар учун озиқ-овқат танқислиги фалокатининг олдини олишга ёрдам беради. Бу умид маёғидир», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.
Ўзбекистон асосий ресурслар нархи кескин ошгани сабабли қашшоқлик даражаси ўсиши хавфи юқори бўлган давлатлар қаторига киради, дея маълум қилди БМТТД.
Тошкент учун 2 та «шовқинсиз» трамвай, йўқолган «права»ни қайта тиклаш учун имтиҳон топширилмаслиги, қовун-тарвуз сотувчилари, исишда давом этаётган кунлар, Қорақалпоғистонда «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми, Самарқандда 5G интернет, Ўзбекистондаги донорлик ва бошқалар — «Газета.uz»да кун дайжести.
Сурхондарёда Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштиришда гумон қилинаётган 20 ёшли фуқаро қўлга олинди. У интернет орқали «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ходими билан мулоқот қилиб, унинг ғоявий таъсири оситида «жиҳод» қилишни мақсад қилгани айтилмоқда.
Президент қарори билан меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм)дан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Марказий банк 2023 йилдан 5 фоизлик доимий инфляция мақсадига эришишни 2024 йил охирига кўчиришга қарор қилди. МБ раҳбари Мамаризо Нурмуратов мазкур қарорни келгуси йилда кутилаётган юқори инфляцион рисклар ва ноаниқликлар билан изоҳлади.
«Қодирия» бош сув иншоотида юзага келган электр таъминоти билан боғлиқ носозлик сабабли пойтахтнинг айрим ҳудудларида сув таъминоти вақтинча тўхтатилди.
«Ўзбектелеком» томонидан Тошкент халқаро аэропортида бепул Wi-Fi ишга туширилди. Аввал аэропортда Sola провайдерининг симсиз тармоғи мавжуд бўлган, бироқ, ҳаво бандаргоҳи маъмуриятининг қайд этишича, у барқарор ишламаган.
Драупади Мурму 64,03% овоз билан Ҳиндистон президенти этиб сайланди. У Пратибха Патилдан кейин мамлакат тарихидаги иккинчи аёл президент бўлди.
«Istiqlol Avlodi» ННТ ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги кўмагида 2021 йилнинг октябрь ойидан бери одам савдоси қурбонларининг 35 нафари Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан Ўзбекистонга қайтариб олиб келинди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 20,13 сўмга қимматлаб, 10 919,98 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курси ҳам кўтарилди, евро эса пасайди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров кредитлар талон-торож қилинишига барҳам бериш учун имтиёзли кредитларни йўқ қилиш ва банкларни хусусийлаштириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шундагина кредит ажратиш тизими тартибга тушади, хусусий банк эгалари эса вазиятни ўз назоратига олади.
Августда Тошкентда замонавий «шовқинсиз» трамвайни ишга тушириш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг айтишича, бунда иккита — ТТЗ ҳамда «Ипподром» дан Шимолий вокзалгача бўлган йўналиш доирасида таклифлар тайёрланган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров «ЎзМЭТ» АЖ электр энергияси соҳасида регуляторга айланиши, бозорда олди-сотди билан шуғулланиш учун эса янги PowerTrade (номи расман тасдиқланмаган) компанияси тузилишини маълум қилди. Шу орқали давлат электрни кафолатли сотиб олишига чек қўйилади.
Шанба-якшанба кунлари жазирама иссиқ сақланиб қолади. Эрондан жуда иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимлари кириб келиши ҳисобига ҳарорат иқлимий меъёрлардан 5−7 даражага юқори бўлади. Ҳаво кундузи +40…+45 даражагача, жануб ва чўл зоналарида +47 даражагача исиши кутилмоқда.
Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув соати ҳафтасига 20 соатгача, кунига 4 соатгача бўлади. Ҳайдовчиларнинг малака ошириш сертификатлари фақат электрон шаклда берилади.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, энди йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун назарий ва амалий имтиҳондан ўтиш талаб этилмайди.
Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат бекор қилиниши сабабли «Ташаббусли бюджет» жараёнининг иккинчи мавсумига 22 июлдан старт берилди. Республикада ҳам ҳар бир босқичга 20 кундан — жами 60 кун муддат тақдим этилади.
Андижонда икки фуқарони Андижон давлат университетига танишлари орқали киритиб қўйиш эвазига 11 минг долларни олганликда гумонланган шахс қўлга тушди. Бағдодда эса фуқарони 500 доллар эвазига Миллий университетига ўқишга киритиб қўйишга уринган шахс ушланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқанд туризм марказида 5G мобил алоқа тармоғи синовдан ўтказилмоқда, дея маълум қилди ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг