Тожикистонда бўлиб ўтган футбол бўйича аёллар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионатида ўзбекистонлик футболчилар кетма-кет иккинчи бор мусобақа ғолибига айланди. Ўзбекистон аёллар жамоаси ҳал қилувчи баҳсда Эрон аёллар МТЖсини 1:0 ҳисобида мағлуб этди — фото, видео.
Қорақалпоғистонда тугатилган фавқулодда ҳолат, олтин-валюта захиралари ошган Ўзбекистон, чет тилидан ижодий имтиҳон саналари, дарахтга осилган ҳолда топилган оҳангаронлик эркак, психотроп моддаларни кўп истеъмол қилаётган ёшлар, Нукусдаги ўлик итлар ва бошқалар — «Газета.uz» да кун дайжести.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини 21 июлдан тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тошкент метрополитенининг ер усти участкаларида рельслар 65 даражагача қизигани сабабли чоршанба куни поездлар тезлиги 25 км/соатгача пасайтирилди. Поездлар ҳаракат жадвалини меъёрда сақлаш мақсадида «Чилонзор» йўналишининг ер ости йўли қисмида поездлар тезлиги 40 км/соатга туширилди.
Шри-Ланканинг янги президенти этиб собиқ бош вазир Ранил Викрамасингхе сайланди. У 134 та, рақиби эса 82 та овоз олди.
Ўзбекистоннинг халқаро захиралари июнь ойида қарийб 180 млн долларга ошиб, 35,58 млрд долларга етди. Захираларнинг кўпайиши олтин нархи пасайиши фонида содир бўлди.
23 — 26 июль кунлари барча ҳудудларда 6 та ОТМнинг тегишли бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади.
Душанба куни Ургутдаги тўйхонада 56 ёшли аёл овқатдан заҳарланиб, шифоханага ётқизилди. Қолаверса, у билан бирга яна 10 киши тиббий текширувдан ўтказилди. Уларнинг барчасига «овқат токсикоинфекцияси» ташхиси қўйилди. Ургут тумани прокуратураси вазиятни ўрганмоқда.
Адлия вазирлиги нотариусларга ҳам никоҳни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини бериш ташаббуси билан чиқишни режалаштирмоқда. Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг ишонтиришича, «нотариуслар икки томоннинг хоҳиш-иродасини тасдиқлаб, шаҳодатлай олади».
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 17,55 сўмга арзонлаб, 10 908,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль эса яна кўтарилди.
Пойтахт ҳокимлиги профилактик чора-тадбирларга қарамасдан шаҳарда жиноятчиликни жиловлаш қийин кечаётганини маълум қилди. Жумладан, 6 ой давомида 10381 та жиноят содир этилган. Қолаверса, 5436 нафар фуқаро тиланчилик ва 19 749 нафар фуқаро дайдиликда гумонланиб, профилактик суҳбатдан ўтказилган.
Оҳангарон туманида 26 ёшли эркак йўл четидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унинг ўлимига бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши сабаб бўлган, марҳумнинг танасида бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган. Прокуратура текширув ўтказмоқда.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Ўзбекистон президентига мурожаат йўллаб, фавқулодда ҳолатни юмшатишни сўради. Аввалроқ «Янги Ўзбекистон» газетаси мурожаатда айбсиз фуқароларни, хусусан, ёшларни афв этиш сўралгани ҳақида ёзганди, бироқ, орадан вақт ўтиб хабар таҳрирланди.
Пойтахтда ёшлар орасида трамадол ва бошқа психотроп моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари жуда кўпайган, дея таъкидлади Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Муродилла Алиқориев. Унинг сўзларига кўра, дорилар асосан мамлакатга айланма йўллар орқали кириб келмоқда ва «қора бозор» да сотилмоқда.
Жазирама иссиқ кунлар бошланган 17 июлдан 20 июлга қадар тез тиббий ёрдам хизматига 130 мингдан кўпроқ чақирик келиб тушган. Мурожаатчиларнинг аксарияти қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлардан шикоят қилган.
Покистоннинг Тошкентдаги элчихонаси иншолар танловини ўтказмоқда. Ғолиблар смартфонларга эга бўлишади.
Маданий мерос агентлиги Сурхондарё вилоятидаги «Хўжайикон» туз ғоридан Шеробод туман тиббиёт бирлашмаси ҳужжатларсиз фойдаланиб келаётганини маълум қилди. Туз ғори 2019 йилда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳаво ҳарорати 47 даражагача, Тошкентда эса 45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Фарғона водийсида эса ҳарорат пастроқ бўлади, Сўх, Шоҳимардон, Исфайрамсой дарёларидан музли сел келиши мумкин.
2022 йилда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилиши керак бўлган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинлари яна бир йилга қолдирилди.
«Меҳр ва Оқибат» жониворларни ҳимоя қилиш жамияти Нукусда кучук ва мушукларнинг оммавий ўлдирилаётгани ҳақида ариза келиб тушганини маълум қилди. Ўлдирилган ҳайвонларнинг оғзи ва панжалари сим билан боғланган ҳолда эканлиги айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг