Муқимий номидаги давлат мусиқали театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшида вафот этди.
Москванинг Лефортово суди мухолифатчи Алексей Навальнийни «фирибгарлик» ва «судни ҳақоратлаш»да айбдор деб топди ва уни 9 йилга оғир режимдаги колонияга ҳукм қилди. Сиёсатчи 1,2 млн рубль миқдорда жарима ҳам тўлайди.
Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази очилди. Марказ инклюзив туризмни ривожлантириш ва ногиронларнинг ҳаракатланиги учун шароит яратишга кўмаклашиш йўналишларида иш олиб боради.
Наврўз куни Қўқон шаҳридаги масжид имом-хатиби ва унинг тўрт нафар оила аъзолари номаълум этиологияли заҳарланиш натижасида вафот этган. Мутахассислар буни ис газидан заҳарланиш, дея тахмин қилмоқда.
Москва суди қарори билан Meta компанияси экстремистик ташкилот деб тан олинди, Facebook ва Instagram Россияда тақиқланди. Эндиликда россияликлар ушбу ижтимоий тармоқларда реклама сотиб олишса, бу экстремистик ташкилотни молиялаштириш деб қаралиши мумкин. WhatsApp мессенжерига тақиқ қўйилмади.
Қозоғистонда Ўзбекистон ҳудуди орқали 1,6 млрд сўмлик 6 та «иномарка"ларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди. Машиналарнинг тегишли ҳужжати бўлмаганлиги айтилди. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси машиналар Тожикистондан олиб кирилганлиги ва мамлакат ҳудудидан ўтаётганда барча ҳужжатларга эга бўлганлигини таъкидлади.
24 февралдан 20 мартгача Украинадаги урушда 925 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 1496 нафари яраланди. Бу БМТ тасдиқлаган рақамлар, бироқ ҳақиқий рақам бундан ҳам юқори. 10 млн украиналиклар ёки бутун мамлакат аҳолисининг тўртдан бири уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг 3,5 млнга яқини мамлакатдан чиқиб кетган.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқот қилиб, мамлакатлар ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги муносабати билан табриклар алмашишди. Шунингдек, Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Кремль яна бир маротаба Шавкат Мирзиёев Россиянинг «позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан фикр билдирганини» маълум қилди.
Бортида 132 киши бўлган Boeing-737−800 Хитой жанубида қулаб тушди. Қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
2022 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 8,7 млрд доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,01 млрд доллар ёки деярли 85 фоизга кўпроқ. Экспорт ҳажми 4,1 млрдга етган, бунда олтин экспортининг улуши 57,7 фоизни ташкил этган. Импорт ҳажми эса 4,6 млрд долларни ташкил қилган, автомобиллар импорти 7,1 баробарга кўпайган.
Самарқанд шаҳридаги «Golden Kids» хусусий боғчасида болаларга игна тиқиб, уларни қўрқитиб келган тарбиячига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ҳолатни ўрганмоқда.
Мусулмонлар идораси Умра зиёратини қисман сайёҳлик фирмалари орқали ташкиллаштириш масаласи муҳокама қилинаётганлигини маълум қилди. Рамазон ойидан кейин Умра мавсумининг охиригача зиёратчиларнинг сафар харажатлари амалдаги қийматда сақлаб қолиниши айтилди.
Ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев перулик Давид Сегарра устидан ғалаба қозонди. Иккинчи раундда Мелиқўзиевнинг аниқ зарбаси рақибини нокаутга учратди (видео).
2022 йил учун бахтли мамлакатлар рейтингида (World Happiness Report) Ўзбекистон 11 поғона пастлаб, 53 ўринни эгаллади. Натижада Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари орасида рейтингдаги етакчилик 40 ўринни қайд этган Қозоғистонга ўтди.
Наврўз арафасида президент Шавкат Мирзиёев жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 нафар шахсни афв этиш бўйича фармонни имзолади. Улар орасида 18 нафар чет эл фуқаролари, 17 нафар аёллар, 6 нафар ногиронлар бор.
Наврўз байрами арафасида амалдаги шаҳарлараро автобус қатновларига қўшимча равишда кунига яна 10 дан ортиқ қатновлар йўлга қўйилади. Транспорт вазирлиги ноқонуний таксичиларга тўғри келиб қолмаслик учун чипталарни «Тошкент» автовокзалидан харид қилишни сўрамоқда.
Йўл таъмирланиши туфайли шанба куни соат 21:00 дан якшанба куни соат 06:00 га қадар Алишер Навоий шоҳ кўчасининг Абай ва Шароф Рашидов кўчалари кесишмасидаги ҳудуди вақтинча ёпилади. Шунингдек, Лабзак кўчасининг Алишер Навоий шоҳ кўчасидан Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган қисмида ҳаракат тўхтатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар беришича, Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошгани, қолаверса, Рамазон ойида ташкил этиладиган «Умра» тадбирлари ҳам нарх-навога таъсир кўрсатади. Шунга кўра, ҳар бир зиёратчи учун белгиланган суммага қўшимча тўлов қилиниши мумкин.
Ўзбекистон ва Қозоғистон коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш борасида келишувга эришди. Бундан буён сертификатга эга фуқаролардан мамлакатлар чегарасини кесиб ўтишда ПЗР-тести натижаси талаб этилмайди. Аввалроқ, Тожикистон, Туркия ва Буюк Британия ҳам Ўзбекистон ковид-сертификатларини тан олганди.
«Газета.uz» танқидига учраган Навоий кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси россиялик экспертлар Аркадий Гершман ва Александр Девяткин иштирокида қайта кўриб чиқилди. Асосий тамойиллар — пиёдалар хавфсизлиги ва жамоат транспортининг устуворлиги этиб белгиланди. Илк маротаба расмийлар томонидан 50 км/соат тезлик шаҳар учун энг мақбул деб тан олинди. Ҳокимият янгиланаётган барча кўчаларда бир хил усуллардан фойдаланишга ваъда бермоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг