2023 йилда Бухорода Ўзбекистондаги иккинчи Hyatt меҳмонхонаси иш бошлайди. Ушбу тармоқнинг биринчи меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкентда очилган эди, жорий йилнинг март ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги уни сотиш жараёни бошланганини хабар қилди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Даврон Ваҳобов Савдо-саноат палатасига раҳбар этиб тайинланди.
Ўзбекистонда Skype шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузувчилар реестридан чиқарилди. АКТ вазирлиги ушбу реестрга киритилган бошқа хизматларга тақиқни босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
Президент қарори лойиҳасига кўра, 2023 йилдан янги барпо этиладиган турар ва нотурар тижорат кўчмас мулкларида электромобиль қувватлаш станцияларини ўрнатишни мажбурий этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Қолаверса, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги барча АГТКШ ва АЁҚШлари электромобилни қувватлаш станциялари билан таъминланади.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, вазирлик, идора ва барча бюджет ташкилотлари хизмат машиналарининг 2025 йилгача камида 10 фоизи, 2030 йилгача 100 фоизи электромобилларга алмаштирилади. Қолаверса, «тез ёрдам» машиналари ҳам 2023−2026 йилларда электрда ҳаракатланувчи транспортга ўзгартирилади.
Ўзгидромет шанба куни Ўзбекистонга яна нам ва салқин ҳавонинг бир қисми кириб келишини маълум қилди. Шу куни республиканинг шимолидан бошқа барча ҳудудларда ёмғир ёғади. Якшанба куни ёмғир тўхтайди. Дам олиш кунларидаги ҳарорат +15 даражагача исиши кутилмоқда.
MOBIUZ, Tashkent City, «Ўздонмаҳсулот» корхоналари ва қатор тижорат банкларининг давлат улушлари сотилади. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг 3 ойдан кўп фойдаланилмасдан бўш турган объектлари уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT-компаниялар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, IT-парк резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган, қолаверса, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилади. Ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби эса бекор қилинган ҳамда 3 кун ичида «IT-visa» тақдим этилади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар эса зарур инфратузилма билан таъминланади.
БМТ Бош Ассамблеяси «Украинага қарши тажовузнинг гуманитар оқибатлари» резолюциясини қабул қилди. Уни 140 давлат қўллаб-қувватлади, Россия ва 4 давлат қарши чиқди. 38 давлат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди. Резолюцияда Россиядан ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, фуқаро объектлари ва аҳолига ҳужум қилмаслик, шаҳарлар блокадасини тўхтатиш талаб қилинади.
Наманганда муқаддам судланган шахс Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келган АКС-74 жанговор ўқотар қуролини сотмоқчи бўлганида ушланди.
Президент қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришда ҳоким қарори талаб қилинмаслигини кўзда тутган фармонни имзолади. Шунингдек, 1 мартдан кейин хориждан қайтиб келган мигрантларга очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда алоҳида устуворлик берилади.
Инвесторлар муваффақиятини кафолатлашини айтган президент, йил охиригача ўзгармайдиган ипотека ва таълим кредитларининг фоиз ставкалари, Autodriver Study атрофидаги воқеалар, шакар нархи ошишига «ваҳимачи тадбиркорлар» сабабчи эканлиги, ЙПХ ходими суратини унинг рухсатисиз тарқатишни тақиқлаш таклифи ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 24 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Чоршанба куни Украинадан яна 146 нафар ўзбекистонлик, шу жумладан, 42 нафар аёл, 12 нафар вояга етгаман бола ва 2 нафар чақалоқ Польша орқали олиб келинди. Эвакуация бошланган кундан то ҳозирга қадар 27 та авиарейс ёрдамида жами 6030 нафар фуқаро ватанга қайтарилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо хоним ҳамда Осиё тараққиёт банки президенти Масацуга Асакавани қабул қилди. Учрашувларда шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича «йўл хариталари»ни тайёрлашга келишиб олинди.
Афғонистондаги мактаблар 23 март куни барча ўқувчилар — ҳам ўғил, ҳам қиз болалар учун очилиши керак эди, бироқ ўқиш бошланган куни 6-синфдан катта ўқувчи қизларларга дарсга киришга рухсат берилмади ёки дарс бошланганидан бир неча соат ўтиб кетиш буйруғи берилди. «Де-факто ҳокимиятнинг лаёқатсизлиги, уларнинг бир неча бор ваъда беришига қарамасдан, 6-синфдан каттароқ қизлар учун мактаблар қайта очилмаслиги чуқур умидсизликка туширди. Бу Афғонистонга жиддий зарар етказади», — деди БМТ Бош котиби.
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди. Қуввати 1,56 ГВт ва умумий қиймати 1,2 млрд доллар бўлган ИЭС охирги йилларда мамлакатда қуриладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади. Лойиҳа Германиянинг Siemens Energy, Франциянинг ЕDF ва Нидерландиянинг Stone City Energy компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.
Маданият вазири ўринбосари Олимжон Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини бунга қадар Вазирлар Маҳкамасида масъул ходим сифатида ишлаган Муроджон Мажидов эгаллади.
Доллар сўмга нисбатан 25,68 сўмга арзонлади ва 11 483,91 сўм этиб белгиланди. Евро ҳам арзонлади, рубль эса сўмга нисбатан қимматлашди.
Жаҳонда содир бўлаётган воқеалар фонида баъзи экспортчилар бошқа логистика коридорларидан фойдаланишга мажбур бўлганлиги сабабли уларнинг транспорт-логистика харажатлари ошди, деди ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов. Шундан келиб чиқиб, Экспортни рағбатлантириш агентлиги транспорт харажатлари учун компенсация миқдорини оширади, қолаверса, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳам юк ташиш харажатларини камайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Қозоғистон билан шакар ва буғдойни темир йўл орқали ташишни 30 фоизгача арзонлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Охирги икки савдо кунида шакарнинг биржа нархи қарийб 30 фоизга — 8735 сўмгача арзонлашди. Хоразм шакар заводи вакили нархларнинг ошишида «ваҳима ичида катта ҳажмдаги маҳсулотларни сотиб олиб, нархларнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлган» тадбиркорларни айблади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг