8 февраль куни соат 03:00 ларда Нукус шаҳрининг Гоне қала ҳудудида кўчага янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилгани аниқланди. Буни кўрган фуқаро зудлик билан тез ёрдамга мурожаат қилган. Унинг айтишича, тез ёрдам фельдшери Икрам Жуманиязов совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида чақалоқни уст кийимига ўраган ва биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. У ҳозирда реанимацияда, оғир аҳволда. Чақалоқнинг онаси аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини муносабат билдирган сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари, президентни ҳақорат қилгани учун 3 йилга қамалган блогер, сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилган Марказий банк, Республика махсус комиссияси фаолияти юзасидан изоҳ берган Русланбек Давлетов, «шакар заводлари бизга керакми?» деган саволни ўртага ташлаган Миркомил Холбоев ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 8 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
2021 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аралашуви билан 53 нафар маҳкум озодликка чиқарилди. Жумладан, 48 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишларига, 3 нафар маҳкумни жазоси эса шартли равишда озод этишга ва 2 нафар маҳкумники уй қамоғига алмаштирилган.
Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарлари 57 млрд сўм миқдоридаги молиявий қонунбузарликлар, камомад ва ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Ҳозирда прокуратура мазкур ишни ўрганмоқда.
24−26-март кунлари биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Форумда яшил энергиядан инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган мавзулар муҳокама қилинади.
2021 йилда IT Park резидент компаниялари томонидан 2,5 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилди, шундан 46 млн доллар экспорт ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2020 йилга қараганда 2,8 баробар кўп. Қолаверса, ўтган йили IT Park резидентлари сони жами 523 тага етди, йил давомида 104 та янги компания ташкил этилган, 124 та компания эса резидентликдан маҳрум этилди.
Бухоро вилоятида XVI-XX асрларда бунёд этилган Чор-Бакр ёдгорлик мажмуасининг муҳофаза теграларидаги ер участкалари ижара ва мулк ҳуқуқи асосида аукционга қўйилгани аниқланди. Ушбу мажмуа ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун номзод сифатида кўрсатилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 15 сўмга кўтарилиб, 10 840,11 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилишда давом этмоқда
2021 йилда 2700 дан ортиқ фуқаро банк карталаридан пул ўғирланганлиги бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилган. Сўнгги пайтларда банк карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. ИИВ фуқаролардан банк карталари маълумотларини ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга бермасликни сўради.
Талъат Валиев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари этиб тайинланди. Аввалроқ, Бабур Шаякубов Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосарлигидан озод қилинганди.
«Тошкентшаҳаргаз» корхонасининг собиқ ходими оилавий корхонани газ тармоғига улаш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 16,5 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди.
Жалолиддин Усмонов Халқаро пресс-клубнинг янги раиси этиб сайланди. Бунгача пресс клуб раиси бўлган Шерзодхон Қудратхўжа эса Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўрнига ЎзЭОАВМА бошқарув раиси этиб тайинланганди.
Антимонополия қўмитаси самарқандлик тадбиркор 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан олиб чиқиб кета олмаган ҳолатни ўрганиб, ўз муносабатини билдирди. Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан «Рақобат тўғрисида» ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган. Қўмита тадбиркор зарар кўрган ҳолатда вилоят ҳокимлиги ва ИИБ устидан судга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Марказий банк Ўзбекистон миллий валютаси — сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилди. Танловда миллий валютанинг халқаро миқёсда ўзига хослиги ва халқнинг маданий қадриятларини ифодаловчи энг яхши график ишлар аниқланади. Ғоялар 31 мартга қадар қабул қилинади.
Марказий банк тижорат банкларининг молиявий хизматлари ҳақида ахборот берувчи www.bankxizmatlari.uz порталини ишга туширди. Веб-сайт орқали жисмоний шахслар ўзлари учун таклиф этилаётган кредитлар, омонатлар, валюталарни айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари ва бошқа хизматларни излаши, улар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин.
ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади, болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади.
2021 йил 6 декабрь куни Нур-Султонда имзоланган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида энергия ресурсларини божхона чегарасидан қувур транспортида ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтишни биргаликда божхона назоратидан ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаш кутилмоқда. Тегишли президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётган гидроэнергетика лойиҳаларининг умумий қуввати 173 МВтни ташкил этиши кутилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида 3 та янги ГЭС қурилади, республикадаги яна 4 та ГЭС модернизация қилинади.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган блогер, Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Telegram`даги гуруҳлардан бирида давлат раҳбарларини ҳақоратловчи видео эълон қилганлиги айтилди. Блогер ушбу ҳаракатларини маст ҳолатда такроран содир этган.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Республика махсус комиссиясининг фаолияти қонун билан тартибга солинганини айтди. Қолаверса, унинг қарорлари нима сабабдан эълон қилинмаслигига изоҳ берди. «Комиссия қарорларида ёзилган ҳамма нарсани бериб бўлмасди. Энг асосийси комиссиядаги қоидалар вақтида етказиб турилди», — деди у. Блогер Отабек Бакиров эса «махсус комиссия тугатилиши ва қонунчиликка қайтилиши» кераклигини айтмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг