Президент фармони билан 30 дан зиёд ҳоким, қатор давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари мукофотланди. Улар орасида Тошкент шаҳри ва пойтахтнинг бир нечта туманлари, Жиззах вилояти ва Жиззах шаҳри, Хоразм вилояти ва унинг туманлари ҳокимлари ҳамда бошқалар бор.
Жазоирнинг Марокаш билан дипломатик алоқаларни узаётгани, Япониянинг 8 та префектурасида фавқулодда ҳолат эълон қилингани, Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Янги қабул қилинган қонун ва қарорлар, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиши, реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари оқланиши — «Газета.uz»нинг 25 августдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Польша президенти Анжей Дуда телефон орқали мулоқотда фуқароларни Ўзбекистон ҳудуди орқали эвакация қилишдаги кўмак учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурайшийни қабул қилди. Учрашувда Афғонистондаги вазият ривожига алоҳида эътибор қаратилди.
6 та жиноят иши бўйича реабилитация қилинмай қолиб кетган 115 нафар қатағон қурбонлари оқланди.
Ҳукумат қарори билан Эржан Кахя Тошкент архитектура-қурилиш институтига ректор этиб тайинланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Руминия, Польша, Тожикистон, Швейцария ва Германиянинг Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, уй-жой олиш ёки якка тартибдаги уй-жойлар учун субсидияларни тўлаш муддати 2021 йил 1 декабргача узайтирилди. Уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадал квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдор этиб белгиланди.
Долларнинг расмий курси 19,66 сўмга кўтарилди ва жами 10 654,01 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМларда янги ўқув йили бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари учун анъанавий шаклда бошланишини маълум қилди.
Январь-июль ойларида Ўзбекистонга 432 та ёки ўтган йилдаги умумий кўрсаткичдан 2,3 баробар кўпроқ электромобиль импорт қилинди. Улар асосан Хитойдан олиб кирилди.
Токиода бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик Ислам Асланов 100 метр масофага баттерфляй усулида сузиш бўйича бронза медалини қўлга киритди.
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаштирилмоқда.
Тошкентда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этиб, пойтахтда яшовчи ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келмоқда, дея маълум қилди Жаҳонгир Ортиқхўжаев (2018 йилда 60 кв. м экани айтилган эди). Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткични Лондон даражасига олиб чиқиш учун қарийб 1,5 млн туп «сифатли дарахтлар» экилиши керак.
МСК пандемия даврида президент сайловини ўтказишга оид махсус йўриқномани қабул қилди. Унга кўра, тана ҳарорати юқори бўлган фуқаролар сайлов участкасига киритилмайди, улар учун очиқ ҳавода кўчма сайлов қутилари ташкил қилинади. Қолаверса, яширин овоз бериш кабиналарига парда осилмайди. Сайлов бошланишидан 6 соат олдин овоз бериш бино ва хоналари дезинфекция қилинади.
Президент қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, солиқ бўйича жарималарни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаши мумкин. Шунингдек, қарор билан 2023 йил 1 сентябргача туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
Ошаётган иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар, давлат органи ходимларининг онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, айрим спортчи-тренерларга ҳар ойлик тўлов, янги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш талабининг бекор қилиниши ва бошқалар — 1 сентябрдан Ўзбекистон қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлади?
Тошкентда Россиядан Ўзбекистонга қайтарилган ноёб 29 та қўлёзма ва 16 та сопол буюмлар Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топшириш маросими бўлиб ўтди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги 5 йил давомида божхона органлари томонидан 450 га яқин қўлёзма асарлар, ноёб танга ва бошқа осори-атиқалар ушлаб қолинган.
Молия вазирлиги томонидан 6 ой давомида ўтказилган 3480 та назорат тадбирларида 372,7 млрд сўмлик бюджет интизомини бузиш, пул ва товар-моддий бойликлари камомади аниқланган. Шундан энг кўп қонунбузилиш Халқ таълими, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамда Автомобиль йўллари қўмитасига тўғри келмоқда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг