Португалия ва Шотландияда COVID-19'нинг янги омикрон штамми билан зарарланиш ҳолатлари аниқлангани, Қирғизистонда беш партия сайлов натижаларини тан олишдан бош тортгани, Истанбулдаги кучли бўронлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани, Туркманистон биринчи хонимининг илк сурати тарқалгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Тошкент ер усти ҳалқа метро линияларини қуриш учун 354,3 млн доллар ажратилиши, 4 йил ичида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштирганлик учун судланганлиги, «Бунёдкор» ўз ходимларига 1,5 млрд сўмдан кўпроқ маошларни тўлаб беришни кечиктириши — «Газета.uz»нинг 29 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков тўлиқ эмланганларда коронавируснинг янги штамми енгил ўтишини маълум қилди. «Вакциналар COVID-19`нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради», — деди у. Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Omicron`нинг иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас, бироқ янги штамм учун алоҳида протокол ишлаб чиқиш заруриятини вақт кўрсатади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,99 сўмга кўтарилиб, 10 787,03 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Ўзбекистон Финляндиянинг Марказий Осиёдаги устувор ҳамкорлари рўйхатига киритилган. Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда мамлакатга қонун устуворлиги ва иқтисодий ривожланиш лойиҳалари учун уч йил давомида 28 миллион доллар ажратилади.
Ҳукумат қарори билан «Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши» лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди. Унинг қиймати 354,36 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа тўрт йил аввал бошланган.
Сўнгги бир ярим йил ичида давлат харидлари соҳасида қонунбузарликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан 21 та жиноий ва 24 та маъмурий иш қўзғатилди. Соҳалар кесимида қонунбузарликларнинг энг кўпи қурилиш ва соғлиқни сақлашга, ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига тўри келмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари иш вақтидан сўнг ушлаб ўтирилгани, дам олиш куни ҳам ишга чиқишга мажбур қилинаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, 18:00 дан кейин тайинли иш бўлмасада, раҳбарият сабабсиз ходимларни ушлаб ўтиргани маълум қилинган. Вилоят ҳокимлиги эса ишдан ташқари ишларга жалб қилиш учун «ходимларнинг розилиги» олинганини айтмоқда.
Пойтахтнинг Олмазор, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида туманларидаги дорихоналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган кучли таъсир қилувчи «Регапен», «Karbaleks», «Карбамазепин», «Тропикамид», «Селофен» ва «Зардекс» дориларининг ноқонуний савдоси тўхтатилди.
Axelot Ўзбекистондаги энг йирик ритейлерлардан бири Маkrо`нинг янги дистрибьюторлик маркази учун омборларни бошқариш WMS тизимини муваффақиятли жорий этди.
2016 — 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 1-ярми давомида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштириш учун судланган. Уларнинг аксарияти террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш билан шуғулланган.
«Бунёдкор» футбол клуби 393 нафар ходимларининг октябрь ойи учун 1 млрд 532 млн сўмдан кўпроқ ойликларини тўлаб беришни кечиктирган. Клуб айни вақтда ҳомийси ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маблағлар ажратилаётганлигини маълум қилган.
1−2 декабрь кунлари мамлакатга илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Жума куни республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +17…+22 даража атрофида бўлади.
Якшанба куни Қирғизистонда парламент сайлови бўлиб ўтди. МСК сайтидаги техник носозлик кўпчиликда расман келтирилган рақамларнинг тўғрилигига шубҳа уйғотди. Мамлакатнинг 5 та партияси етакчилари «парламент сайловлари натижалари сохлаштирилгани» туфайли сайловни қайта ўтказиш, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасини истеъфога чиқаришни талаб қилмоқда.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди. Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашишди.
«Тутқунлик» фильми Россияда бўлиб ўтган «Волоколамский рубеж» ҳарбий-ватанпарварлик кинофестивалида «Гран-при» бош соврини билан тақдирланди. Ушбу фильмда 2019−2020 йилларда ўтказилган мазкур «Меҳр» операцияси жараёнлари акс эттирилган.
Президент қарорига кўра, 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 2022 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлганларни ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги электрон ахборот тизими жорий этилади. Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади.
Китоб туманидаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби эндиликдаги собиқ директори бошқа бир фуқародан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун 1,5 млн сўм пора олган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Сергелидаги тегирмон-ёрма саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонадаги ишчилар ётоқхонасида ҳаво-газ чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Бунга газ қувурларининг носозлиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса туфайли 18 нафар фуқаро куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди.
Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 99 млн сўмлик 99 дона Ремдесивир дори воситасининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолди. Коронавирусга қарши ушбу препаратларнинг сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмагани айтилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг