Тожикистон президенти коронавирус пандемияси туфайли эҳтиёжманд ва ижтимоий заиф аҳоли қатламига кирувчи фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида (40 доллар атрофида) бир марталик ёрдам пули ажратиш тўғрисида қарорни имзолади.
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида 16 ёшли ўсмир амаксининг 5 ёшли ўгай қизини ошхона пичоғи билан қасддан ўлдириб, унинг онасига тан жароҳати етказган. Аёл жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Адлия вазири маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова ўзини ва оила аъзоларини коронавирус юқтирган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. У ярим кун СЭС эшиги олдида туриб, тест топширолмай қайтганини, тест бўлмаганлиги учун тез ёрдам ва поликлиника уни коронавирусга чалинганлигини тан олмаётганлигини айтган. Блогер соғлиқни сақлаш вазирлигидан ўзини ўзи даволаш бўйича йўриқномаларни чиқариб, тарқатишни талаб қилган.
Коронавирус инфекциясига чалинган 66 ёшли тошкентлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 56 нафарга етди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов коронавирусга чалинганини маълум қилди. Алламжонов унда енгил формали коронавирус кечаётганини, уйдан туриб 12 кундан бери даволанаётганини ва ҳозирда ўзини яхши ҳис қилаётганини таъкидлаб ўтди.
Карантин чекловлари давомида 120 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотлари етказиб берилади ва бунинг учун давлат томонидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Республика махсус комиссияси қарори билан 13 июлдан 1 августга қадар республика миқёсида ҳар шанба ва якшанба кунлари автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Дам олиш кунлари аҳолига «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш тавсия этилди.
Ҳукумат қарори билан Сарвар Ашуров ва Дилнозахон Каттаханова Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосарлари этиб тайинланди.
Ўзбекистонда январь-июнь ойлари давомида 2388 та йўл транспорт ҳодисалари содир этилган. 2019 йил ушбу даврга нисбатан ЙТҲларнинг сони 7 фоизга камайган. Аксарият ЙТҲлар пиёдалар белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши ва ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликка риоя қилмаслик сабабли юзага келган. Республика бўйлаб энг кўп ЙТҲ пойтахтда, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.
Tesla акцияларининг ўсиши ҳисобига Илон Маскнинг бойлиги 6,1 млрд долларга кўпайди ва у дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида Уоррен Баффет билан бирга яна тўрт миллиардерни ортда қолдирди.
Туркия президенти Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонасини музей мақомидан маҳрум қилди. Эндиликда, ибодатхона яна масжид сифатида ишлатилади ва 24 июль куни ўз фаолиятини бошлайди. Ибодатхона 1985 йили ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Июль ойининг бошидан бери Ўзбекистонда яна Facebook га кириш билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Ушбу фонда VPN дастурларининг оммавийлиги яна ўсди. «Газета.uz» муаммо нимада эканлигини аниқлашга ҳаракат қилди.
Тошкентда коронавирус аниқлаган 50 ёшли аёл вафот этди. Бу мамлакатда COVID-19 билан касалланган беморлар орасида қайд этилган 55-ўлим ҳолати.
Коронавирус беморлари сони 179 нафарга ортиб, жами 12206 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатлар Карантин маркази, Тошкент шаҳри, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонда қайд этилди. Шундан 43 нафари аҳоли орасида.
Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 12027 тага етди. Кун давомида 463 та ҳолат, жумладан 268 та карантин муассасалари, 195 таси эса аҳоли орасида аниқланди.
Навоий вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг бош шифокори ҳибсга олинди. Марказ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари қарийб 510 млн сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва талон-торож қилганликда айбланишмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура жиноят ишини қўзғатди.
Афғонистонлик ёш хотин-қизлар Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида қишлоқ хўжалиги бўйича таҳсил оладилар. Лойиҳа доирасида Афғонистондан келган 50 нафар аёллар Қозоғистон ва Ўзбекистон университетларида ўқиши кўзда тутилган.
Коронавирус ҳолатлари 134 тага кўпайиб, жами 11857 нафарга етди. Янги ҳолатларнинг 32 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 102 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 67 ёшли термизлик бемор (эркак киши) миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 53 нафарга етди.
Швейцариянинг Ньон шаҳрида жойлашган UEFA қароргоҳида Европа Чемпионлар Лигаси 2019/20 йилги мавсумининг финал босқичи доирасида бўлиб ўтадиган баҳсларга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа натижаларига кўра, финал ўйинида Аталанта, ПСЖ, Лейпциг ва Атлетико Мадрид жамоларидан бири аниқ қатнашади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг