Бухоро вилоятида тез тиббий ёрдам автомашинаси ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги оқибатида йўл четида тўхтаб турган Isuzu юк автомобилининг орқа қисмига бориб урилган. ЙТҲ натижасида тез тиббий ёрдам автомашинасининг ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойида вафот этишган.
Тошкент ҳокимлиги яна бир бор Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи фуқаролар дам олиш жойи сифатида яшил зона бўлиб қолишини таъкидлади. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг ўрнида турар-жой мажмуаси ёки бизнес-марказ қурилади, деган гап-сўзлар тарқалган эди.
Навоийда «Ўзсаноатқурилишбанк» филиали бошқарувчиси ўринбосари Х. Ш. вафот этди. Унда коронавирус аниқланган эди.
«Маҳалла» жамғармасининг Сергели бўлими мансабдор шахслари умумхалқ хайрия ҳашари ҳисобидан келиб тушган 95,8 млн сўмни талон-тарож қилгани аниқланди. Уларга қарши жиноят иши қўзғатилди.
Коронавирус ҳолатлари 128 тага кўпайиб, жами 10587 нафарга етди. Янги ҳолатларнинг 112 нафари Тошкент шаҳрида, 11 нафари Қорақалпоғистонда, 2 нафардан Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳамда 1 нафари Тошкент вилоятида аниқланди. Шундан 34 нафари аҳоли орасида қайд этилди.
Фарғона вилояти Қирғизистоннинг Боткен вилоятига коронавирус тестлари ва тиббий асбоб-ускуналарни ўз ичига олган гуманитар ёрдам юборди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 79 ёшли тошкентлик бемор (эркак киши) ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Таъкидланишича, у шифокорларга мурожаат қилмасдан бир ҳафта давомида уйида даволанган. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 39 нафарга етди.
2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо айланмаси ўтган 5 йил давомида энг юқори натижа — 2,7 млрд долларни ташкил этди. 6−7 июль кунлари Ўзбекистон делегациясининг Сеулга амалий ташрифи давомида янги келишувларга эришилди.
Американча футбол жамоаси «Канзас-Сити Чифс» аъзоси Патрик Махоумс спорт тарихидаги энг йирик шартномани имзолади. Шартнома қиймати 503 млн доллар бўлиб, 10 йил муддатга тузилди.
Жиззах вилоятида коронавирусга чалинган беморлар сони ортиб бораётгани сабабли Жиззах шаҳрида карантин чоралари кучайтирилади. Хусусан, шаҳарга кириш ва чиқишда кўшимча постлар ташкил этилади, автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши чекланади.
Жиззахда шаҳар ҳокимлиги ходимида коронавирус аниқлангани сабабли ҳокимлик биноси карантинга олинган. Айни пайтда ҳокимлик ходимлари ўз ишларини масофадан туриб давом эттиришмоқда.
Молия вазирлиги кузатув кенгашларидаги мустақил хорижий директорлар орқали давлат банклари устидан назоратни кучайтиришни режалаштирмоқда. Молия вазири Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, баъзи банклар «тушунарсиз шароитларда» катта кредитларни тасдиқлашган.
Чилонзорда жойлашган «Tashkent Trade Center» (Абу Сахий) савдо маркази маъмурияти ишчилари ва у ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларда коронавирус инфекцияси аниқланди. Савдо маркази вақтинчалик ёпилди.
АҚШ ҳукумати 2020 йил кузги семестрда тўлиқ онлайн бўлган ўқув муассасалари ва дастурларга қабул қилинган F-1 ва М-1 визасига номзод талабаларга виза беришни вақтинчалик тўхтатди. Ҳозирда АҚШда бундай дастурларда таълим олаётган талабалар мамлакатни тарк этишлари ёки қонуний мақомда қолиш учун юзма-юз ўқитиладиган ўқув муассасасига ўтиш каби бошқа чораларни кўришлари керак бўлади.
Корея Республикасидан таътилга келиб, чартер рейс орқали Сеулга қайтган фуқаролардан бирида коронавирус аниқланди.
Наманган вилоят СЭОМ мансабдор шахсларининг дезинфекция воситаларини аслидан қиммат нархларга сотиб олиб, 248,9 млн сўмни талон-тарож қилгани аниқланди. Аввалроқ Навоий ва Бухоро вилоят СЭОМ мансабдорлари ҳам худди шу йўл билан жиноят содир этган эди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 61 ёшли самарқандлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 38 нафарга етди.
Коронавирус беморлари сони 97 нафарга ортиб, жами 10459 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатларининг 35 нафари Карантин марказида, 59 нафари Тошкент шаҳрида ва 3 нафари Қорақалпоғистонда аҳоли орасида аниқланган.
Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатларининг кунлик ўсиши 342 тани ташкил этиб, рекорд янгиланди. Жами ҳолатлар сони 10362 тага етди. 115 та ҳолат аҳоли орасида қайд этилди.
Тошкентда коронавирус аниқланган 86 ёшли аёл ҳаётдан кўз юмди. Ўзбекистонда COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 37 нафарга етди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг