Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усманов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. У Наманган вилоят суди раиси бўлди.
Бир кунда 620 минг йўловчи ташиган Тошкент метрополитени, Ўзбекистон ва Қирғизистонда паспорт назоратининг осонлаштирилиши, уйдаги ёнғиндан 2 киши вафот этгани, нархи ошмаган АI-80, ўзини отиб қўйган фарғоналик профилактика инспектори, ковид статистикаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Саида Мирзиёева оиладаги зўравонликни жиноят деб баҳолашни таклиф қилди. «Оиладаги зўравонлик — оиланинг ички иши эмас, бу муаммо бутун жамиятга тегишли. Аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак», — деди у. У вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо кучайиши зарурлигини айтди.
Покистон «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини 8,2 млрд долларга баҳолади. Бу Ўзбекистон ҳисоб-китобларидан анча юқори.
Суднинг апелляция инстанцияси нодир қўлёзмалар йўқолишида айбланиб, 5 йилга қамалган ЎзМУ кутубхонаси директори Ирина Кислицинанинг жазосини енгиллаштирди. Унга қўлланилган қамоқ жазоси озодликни чеклаш чорасига алмаштирилди.
Суд томонидан Тошкент вилоятида электровозларини юқори кучланишли электр энергияси билан таъминловчи симларнинг жами 140 метрини ўғирлаган шахсларга ҳукм ўқилди. Уларнинг ҳар бири беш йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўзбекистонда январь-октябрь ойлари давомида 7636 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) қайд этилгани, улар оқибатида 1931 киши ҳалок бўлгани айтилганди. ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов ушбу кўрсаткични 5 йилда камида 2 баробарга қисқартириш режалаштирилганини маълум қилди.
11 декабрдан бошлаб Андижон вилоятидан Хива, Термиз ва Қўнғиротга қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади.
Ҳукумат қарори билан йил якунига қадар суғурта полисларини рўйхатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи ягона ахборот тизими жорий этилади. Шу билан бирга, 1 июлгача «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан телефонда суҳбатлашиб, уни таваллуд куни билан табриклади. Шунингдек, Қирғизистон нашрлари 9 декабрь куни Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга ташрифи ҳақида хабар берди.
2022 йилнинг ўн ойида 694 та ҳолатда ўрмон ҳуқуқбузарликлари аниқланиб, жами 3 млрд 153,4 млн сўм зарар келтирилган. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси расмийсининг айтишича, 374 та ҳолат бўйича 330 млн сўмдан ортиқ зарар ва 85 млн сўм жарима ундирилган. Ҳозирда қолганларини ундириш чоралари кўрилмоқда.
2022 йилнинг ёзида тармоқларда икки аёлга куч ишлатаётган ИИБ ходимларидан бири погонини ўзи юлиб ташлаб аёлни айблагани акс этган видео тарқалганди. ИИВ вакилининг айтишича, погонини юлиб ташлаган ходим ҳамон шу тизимда ишламоқда, аёлга нисбатан бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган.
Пойтахтда 5 декабрь кунининг ўзида 620 минг йўловчи метродан фойдаланди (бу одатий кундан 105 минг (21%) нафарга кўп). Метрополитен ходимлари йўловчи кўплиги сабаб, фуқаролардан қоидаларга амал қилишни ва кассаларда навбат кутиб қолмаслик учун банк ёки транспорт карталардан фойдаланишни сўради.
«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензини нархи оширилмагани ва унинг 1 литри 6800 сўмлигича сақланиб қолаётганини маълум қилди. Шунингдек, компания республика НҚИЗларида суткасига 4000 тоннадан бензин ишлаб чиқарилаётгани ва автомобиллар учун бу турдаги ёқилғи захираси етарли эканини қайд этди.
ИИО ходимлари 3 нафар — бири Навоийда кўп қаватли уйнинг даҳлизида ухлаётган, икки нафари Тошкентдаги ер ости қувури ёнида исинаётган бошпанасизга ёрдам берди. ИИВ шахсий таркибни кучайтирилган режимга ўтказди. Аҳоли қийин ва хавфли вазиятларда 102, 1102 ва 1173 рақамларига қўнғироқ қилиши сўралади.
ЖЧ-2022`нинг нимчорак финалида Япония — Хорватия ҳамда Бразилия — Корея Республикаси баҳслари бўлиб ўтди. Биринчи ўйинда ғолиб пеналтилар серияси орқали аниқланди, иккинчи ўйинда эса Бразилия терма жамоаси йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Чорак финалда Хорватия ва Бразилия учрашадиган бўлишди.
5 декабрь куни республикада коронавирус юқтирганлар сони бироз камайиб, 120 кишини ташкил этди. (Бир кун олдин 153 кишида аниқланган.)
«Аэрофлот» компанияси Санкт-Петербургдан Тошкент ва Самарқандга мунтазам рейсларни йўлга қўяди. Парвозлар Boeing 738 самолётларида ҳафтасига уч марта — чоршанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Тошлоқ туманида профилактика инспектори табель қуроли билан ўзини отиб қўйди. У машинасида кома ҳолатида топилган ва тиббий муассасага жойлаштирилган. Ходим 1xbet орқали 45 млн сўм ютқазиб қўйгани учун жазоланган ва вилоят ИИБ қошидаги интизомий Кенгашнинг назоратида бўлган.
6 декабрь куни тижорат банклари долларни 11 250−11 310 сўм оралиғида сотиб олмоқда, сотиш курси эса — 11 330 сўм.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг