ТИВ Украина атрофидаги вазият бўйича баёнот берди. Унда Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга содиқлиги таъкидланган. ТИВ қонунбузарлик содир қилмаган чет элликлар, жумладан россияликлар мажбурий депортация қилинмаслигини маълум қилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши комиссияси ҳаракат тезлигини Кичик ҳалқа йўлида 60 км/соат, пойтахт маркази — А.Навоий, Маҳтумқули, А.Темур, КҲАЙ, И.Каримов, Т,Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларида эса 50 км/соатгача тушириш масаласини муҳокамага қўйишни кўзлаяпти.
Бош прокурор ўринбосари лавозимида фаолият юритган Шавкатжон Рахимов Тошкент вилояти прокурори этиб тайинланди.
АҚШ давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, Давлат департаментининг Халқаро жамоатчилик билан алоқалар бюроси раҳбари Элизабет Трюдо 3−6 октябрь кунлари Ўзбекистонга келади. У расмийлар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан учрашади.
Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга бағишланган навбатдаги йиғилиш ўтказди. «Агар биз транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлай олмаймиз», — деди у.
«Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Атамурадов меҳмонхонада содир этган номақбул ҳаракатлари сабаб ишдан олинди. Сешанба кунги йиғилишда буни эълон қилган президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков шундай қўшимча қилди: «сизнинг чет элдаги саргузаштларингизни ҳам юборишди».
Сешанба кунги видеоселектор йиғилишида президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков бешта туман ҳокими ишдан бўшатилганини маълум қилди. У ўз нутқида ҳокимлар «бутун давлат тизими ва президент командасини обрўсизлантиришга олиб келганини» таъкидлади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов президент қарори билан ўзгаларни ҳақорат қилгани, ҳокимларга қўйилган талабларни бажармагани ва ўз фаолиятини давлат сиёсатига мос равишда ташкил этмагани учун жаримага тортилди.
Асака ва Фарғона туманлари ҳокимлари ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани учун лавозимидан озод қилинди. Президент тегишли қарорни имзолади.
Президентнинг ҳафталик иш режаси маълум қилинди. Унга кўра, давлат раҳбари душанба куни электротехника саноатида вазифалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботини тинглайди. Ҳафта давомида Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде билан учрашув ўтказади.
Дания ҳукумати Ўзбекистонда фахрий консуллик очишга қарор қилди. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирларининг музокараларида маълум қилинди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ минбарида нутқ сўзлади. Вазир нутқи давомида иқлим ўзгариши, таълим, яшил иқтисодиёт, конституциявий тузатишлар ва Тараққиёт стратегияси борасида гапирди. Ўзбекистон Афғонистонга халқаро эътиборнинг пасайишидан хавотирда эканлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбекистон президенти Туркманистон президентини таваллуд куни билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, туркман халқига эса фаровонлик тилади.
Президент дам олиш кунлари Бўстонлиқ йўлида тирбандликлар бўлишини танқид қилди. «Нега Паркентда ҳам шунақа тизим қилмаймиз? Паркент шашлиги ва сомсасини кўпчилик яхши кўради-ку», — деди у. Вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинади, Паркент, Ангрен ва Оҳангаронда туризм кластерлари ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев Нурафшонда халқ вакиллари билан суҳбатда Қирғизистон билан чегара борасидаги келишувларга тўхталиб ўтди ва илгари чегара ҳудудларда миналар бўлганини айтди. «Одамлар қариндошларининг на тўйига бора оларди, на азасига. Шахсан ўзим назорат қилиб миналарни олдирдим», — деди президент
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ватандошларга Ўзбекистон фуқароси бўлган шахслар бошқа давлат фуқароси сифатида эътироф этилмаслигини эслатди. Уларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди. Улар Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яқинда юз берган фожиали воқеани муҳокама қилди. Шавкат Мирзиёев қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ва икки томонлама келишувларга эришилганини олқишлади.
Ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТнинг Нью-Йоркда ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Бош котиб Ўзбекистон ва БМТ ўртасида кенгайиб бораётган ҳамкорликни олқишлади. Гутерриш Ўзбекистон тинчлик, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва иқлим каби соҳаларда ишончли ҳамкор эканини қайд этди.
Эмомали Раҳмон телефон орқали мулоқотда Шавкат Мирзиёевга тожик-қирғиз чегарасидаги воқеалар ривожи ҳақида маълумот берди.
АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистонга «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш» бўйича норасмий келишув эвазига афғон самолётларининг бир қисмини бериши мумкин, деб ёзади Politico нашри.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг