Ўзбекистонда блокпостлар ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар ёлғонлиги маълум қилингани, коррупцияни содир этганлик учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этилгани, электр энергиядаги ўчишлар Тошкентда яна сув таъминоти узилишига сабаб бўлгани, Тошкент ҳавосининг ифлосланиш даражаси яна кескин кўтарилгани — «Газета.uz»нинг 3 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган беҳаё видео ортидан Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Ўрта Чирчиқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси унинг ҳамкасблари ташаббуси билан чақирилган ҳамда тегишли қарорни 24 нафар депутатдан 23 нафари қўллаб-қувватлаган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5−6 декабрь кунлари Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширади. Бу октябрдаги сайловдан кейин биринчи давлат ташрифи ҳисобланади.
Президент Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилишини маълум қилди. Ҳоким ёрдамчилари эса 1 январда фаолиятини бошлайди. Ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик ва банклардан ходимлар бириктирилади. Улар бир йилга хизмат сафарига юборилади ва маоши сақлаб қолинади. Уларнинг энг яхшилари эса «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишонига тавсия қилинади.
Толиблар Ўзбекистонни Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин афғон учувчилари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Август ўрталарида Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти Термиз халқаро аэропортига мажбурий равишда қўндирилган эди.
Ҳайдовчиларга қулоқчин ёки bluetooth орқали телефондан фойдаланишга рухсат этилгани, Ўзбекистон 10 та давлат билан халқаро авиақатновларни тўхтатгани, ўзбекистонликларга «Умра» сафарини адо этишга рухсат берилиши кутилаётгани, ноябрь ойида инфляция 1,2%ни ташкил қилгани, автомобилнинг олд қисмига монитор ўрнатганлик учун жарима бекор қилингани — «Газета.uz»нинг 1 декабрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда ҳайдовчиларга ҳаракат вақтида қулоқчин ва қўл ишлатмасдан мулоқот олиб бориш имконини берувчи бошқа қурилмалар орқали телефондан фойдаланишга рухсат берилди. Ўзгаришлар 1 декабрдан кучга кирди.
2022−2026 йилларда 740 МВт қувватга эга 21 та йирик ГЭС лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Қишлоқларни электр энергия билан таъминлаш учун эса 22 та майдонда 5 МВтлик мини ГЭСларни қуриш кўзда тутилган.
Миллий гвардиянинг қонун ва тартибни ҳимоя қилиш ваколатлари кенгайтирилиши, ноябрь-декабрь ойларида етказиб берилиши кутилган UzAuto Motors автомобиллари 2 ойга кечикиши, Адлия вазирлиги Расул Кушербаевни «қора бозор»дан валюта айирбошлаганини қоралаши — «Газета.uz»нинг 30 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева БМТ Аёллар қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Ал-Ёсир билан учрашди. Унда Тошкентда БМТ Аёллар қўмитасининг ваколатхонаси очиш таклифи илгари сурилди.
Эндиликда Миллий гвардия оммавий тадбирларни ўтказишда, шунингдек, жамоат жойларида жамоат тартибини мустақил равишда таъминлайди. Бундан ташқари, Миллий гвардия жамоат тартибини сақлаш соҳасида содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқини олиши мумкин.
Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаевнинг валютани била туриб «қора бозор»дан айирбошлаганини амалдаги қонунларни бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракат деб баҳолади. «Расул Кушербаевнинг шахсий ўрнак сифатида қонунларни бузиш орқали муаммони ҳал этиш усулини танлагани, шу орқали ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишга олиб келаётганини оқлаб бўлмайди», — дейилади хабарда. Вазирлик ушбу муаммо мавжудлигини тан олган, бироқ уни биргаликда ҳал қилишга чорлаган.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов учта вилоятга ташрифдан сўнг, мактаблардаги аҳволни қониқарли эмас деб атади. «Афсуски, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан», — деди у. У ўқитувчилар қўлида инсон тақдири ётганини айтиб, «жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб?» деган саволни ўртага ташлади. Вазир таълим сифатини яхшилаш учун катта ва кўп ишлар қилиш кераклигини маълум қилди.
Тошкент ер усти ҳалқа метро линияларини қуриш учун 354,3 млн доллар ажратилиши, 4 йил ичида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштирганлик учун судланганлиги, «Бунёдкор» ўз ходимларига 1,5 млрд сўмдан кўпроқ маошларни тўлаб беришни кечиктириши — «Газета.uz»нинг 29 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди. Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашишди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида нутқ сўзлаб, тўртта йўналиш бўйича таклифларни илгари сурди. Хусусан, 500 млн аҳоли яшайдиган ИҲТга аъзо давлатларини савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга чақирди. Шунингдек, давлат раҳбари иштирокчиларни навбатдаги саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш учун Ашхобод шаҳрига борди. Уни аэропортда Туркманистон президенти кутиб олди. Икки давлат раҳбарлари саммит олдидан музокара ўтказди.
Президент музейларнинг даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланишига рухсат берувчи қонунни имзолади. Илгари музейларга тижорий фаолиятни амалга ошириш тақиқланган эди. Хизмат кўрсатиш чоғида музейлар ашёлар ва коллекциялар бут сақланишини таъминлаши керак.
Туркманистонда 2022 йилни «Халқнинг Аркадағли замонаси» шиори остида ўтказишга қарор қилинди. «Бу шиор — бахтли давр асосини яратган, халқни, Ватанни янги марралар сари етакловчи қаҳрамон президентимизга юксак ҳурмат-эҳтиромдир», — дея таъкидланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги биноси панжаралари олиб ташланиши, Халқ таълими вазири Жомбойдаги мактаб ўқувчиларини вақтинча бошқа бинога кўчириш бўйича топшириқ бериши, «Ўзбекнефтегаз»га тегишли АЁҚШларда Аи-80 маркали бензин нархи туширилиши — «Газета.uz»нинг 26 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг