Амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларида иштирок этиб, ўз овозини берди (фото).
Президент сайлови учун ташкил этилган биринчи участкалар Тошкент вақти билан Сеул ва Токиода 4:00да очилди. Охирги бўлиб Нью-Йоркдаги сайлов участкаси 25 октябрь куни эрталаб ёпилади. МСК раҳбари Зайниддин Низомхўжаев қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилди.
«Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров 116-сайлов участкасида овоз берди.
Адолат партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Тошкент шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.
Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисова президентлик сайловларида ўз овозини берди.
Экология партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов Тошкент шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.
Абдулазиз Камиловнинг Россия ОАВлари учун ўтказган матбуот анжумани, Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари Сенатга мурожаати, фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган қонунни имзоланиши — «Газета.uz»нинг 22 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистонга жойлаштириш имкониятлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикчилик тўғрисидаги декларациясида «ўзаро муносабатларимиз чегаралари» белгилаб берилганини эслатди. «Кўплаб сиёсий маслаҳатлашувларда америкаликларга бу нарса Ўзбекистон учун мутлақо қабул қилинмаслиги етказилган», — деди вазир.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча КХШТга қайтиш заруриятини кўрмаяпти, аниқ таҳдидларни акс эттириш вазифаси бор, дея маълум қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов. «Бироқ ҳодисалар, вазиятнинг қандай ривожланишини Худо билади. Ҳамкорлик шакллари ҳам ўзгариши мумкин», — дея қўшимча қилди у.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳозирда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ўз ривожланишининг энг юқори чўққисида эканлигини таъкидлади. У, шунингдек, Ўзбекистонда рус тили миллатлараро мулоқот тили бўлиб қолаётганини, Россияда ўзбек тилига қизиқиш борлиги ҳақида қўшимча қилди. Вазир ноябрда бўлиши кутилаётган Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи учун катта ҳужжатлар тўплами тайёрланганлигини маълум қилди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга толиблар мафкурасининг кириб келишидан хавфсирамаслигини таъкидлади. «Толиблар қандайдир мафкурани экспорт қилишни бошлашига жуда кўп вақт талаб этилади», деди у. Вазир ҳаракат ва унинг раҳбарларининг дунёқараши ўзгариб бориши мумкинлигини ҳам қайд этди.
Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 14−20 октябрь кунлари президентлик сайловларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида жами 421 618 нафар фуқаро қатнашди.
Президент фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган қонунни имзолади. Унга кўра, ҳаётга, соғлиққа қарши, гиёҳвандлик ва бошқа жиноятларни қасддан содир этганлар бола асраб олиши мумкин эмас деб белгиланмоқда. Унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга эса фарзанд асраб олишга рухсат берилади. Қолаверса, фарзандликка олувчи ва олинувчи ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт.
Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари сенаторлар рад этган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллашни сўраб, Сенатга мурожаат қилди. Унда имконияти чекланган шахслар ушбу қонунни бир неча йилдан бери кутаётгани, аслида «бошидан ўтказган» инсонгина ҳолат қандайлигини билиши таъкидланган. Жумладан, сўнгги 3 йилда Карлар жамияти корхоналарининг даромади 5 бараваргача тушиб кетгани, улардаги ишчилар сони эса 2000 йилдаги 4900 кишидан 2020 йилга келиб 1479 нафарга камайгани айтилган.
Сенаторлар йил охиригача гўшт маҳсулотлари, музлатилган балиқ, тирик ҳайвонлар ва картошка импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Солиқ имтиёзлари ортидан бюджет 250 млрд сўмдан кўпроқ маблағни йўқотади.
Сенаторлар «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонуннинг баъзи нормаларини қайта кўриб чиқиш керак деб ҳисоблаб, уни қайтарди. Адлия вазири Русланбек Давлетов сенаторларнинг қонунни қабул қилишга қарши билдирган ҳар бир аргументини рад этди ва айрим сиёсатчилар «халқдан келиб чиқаётган янги ғояларни тушунмаслигини» таъкидлади. Сенат раҳбари узоқ давом этган дебатга аралашишга ва томонларни тинчлантиришга мажбур бўлди.
Ўзбекистон Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритилди. Ойбек Баракабаев ва Дониёржон Тожибоев ўн йил муддатга Олий суд судьяси лавозимига сайланди.
Алишер Қодиров мигрантлардан солиқ ундириш борасидаги таклифи юзасидан изоҳларга муносабат билдирди. У мамлакат ҳалигача меҳнат ресурсларини хорижга экспорт қилишга мажбур эканлигини таъкидлаб, меҳнат мигрантларини бунга тайёрлаш кераклигини айтди. «Ўзбекистон фуқароси нафақат ўзининг қорни, балки Ўзбекистон, деб яшаши керак», — дея таъкидлади президентликка номзод.
«Миллий тикланиш» партияси номзоди тошкентлик сайловчилар учрашувда ғалабадан умидвор эмаслигини, бироқ, одамлар албатта ўзгаришини таъкидлади. «Одамлар мени тушунмаётган пайтда ғалабадан умидвор бўлишим мумкинми? Афсус билан айтиш керак, агар одамлар мени тушунмаётган бўлса менга овоз бермайди», — деди Алишер Қодиров. У сайлов кампанияси бошида президент сайловларида ғалаба қозониш ниятида эканлигини маълум қилганди.
Шавкат Мирзиёев ўзбек тили байрами муносабати билан табригида «Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш»га чақирди. Мамлакатда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет элликлар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтириш зарур, деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг