Президент Қуйи Чирчиқдаги кластерни бориб кўрди. Кластерда 8 минг 750 нафар, шолини қайта ишлаш корхонасида 365 нафар аҳоли меҳнат қилмоқда. Давлат раҳбари асосий эътибор ва ҳаракат аҳолини иш билан таъминлашга қаратилганини айтди. «Тошкент вилоятини ишсизлик минимал даражада бўлган ҳудудга айлантирмоқчимиз», — деди президент.
Президент Чиноз туманида Эшонобод маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашди. Давлат раҳбари айтишича, «Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш». «Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев. Шундан сўнг, президент текстил корхонасини ҳам кўздан кечирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ОАВ вакиллари билан суҳбатлашди. У яна бир бор уларга ишонишини ва бор ҳақиқатни рўю-рост айтишлари лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари, вилоятга ташрифдан асосий мақсад нимада эканлигини очиқлади. «Тошкент вилоятида „туманбай“ ишлаш бўйича тажриба ўтказамиз», — деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Чиноз туманига келиб, сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Президент Наманган вилоятига ташрифи давомида тавсия қилган Достонбек Абдуқаҳҳоровнинг номзоди Наманган шаҳар ҳокими ўринбосарлигига маъқулланди. У мазкур лавозим билан бирга, шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи сифатида ҳам ишлайди. Давлат раҳбари унга Наманганнинг янги тажрибаси бўйича ишлашини айтган эди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити 31 март куни Туркистонда бўлиб ўтади. Унда кенгашга аъзо барча давлатлар раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон президенти иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев 17 март куни дипломатик миссиясини якунлаётган Россия Федерацияси элчиси Владимир Тюрденевни қабул қилди. Президент уни икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирлади.
Сенат раиси Танзила Нарбаева хориждаги мигрант аёллар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйиш керак эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, хориждаги аёлларни оиласига қайтариш ҳамда иш билан таъминлаш чораларини кўриши керак. «Россия, Қозоғистон, Кореяда, билмайман яна қаерда юрибди аёллар», — деди раис. Бундан ташқари, у мамлакатдаги мардикор аёллар ҳақида: «улар кўчада ўз ишчи кучини таклиф қилиб туриши жуда хунук ҳолат», деди у.
Аваз Ўринбоев Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинланди. Бундан аввал у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасида фаолият юритган.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги директори лавозимида ишлаган Шохруҳ Шоаҳмедов Шорахимович Паркент туманига ҳоким этиб тайинланди.
Президент Садир Жапаров Қирғизистон сиёсий беқарорлик натижасида завод-фабрикалар қура олмаган бир пайтда Ўзбекистон 40−50 йил олдинга илгарилаб кетганини таъкидлади. У томонларда чегара масаласида жиддий келишмовчиликлар йўқлигини ҳам қайд этиб ўтди.
Президент «Экологик аудит тўғрисида"ги қонунни имзолади. Унга кўра, атроф-муҳитга таъсири кам бўлган субъектлар ихтиёрий, таъсир кўрсатиш хавфи ўрта ёки кўплари эса ҳар йили аудитдан ўтказилади. Текширув якуни бўйича аудит хулосаси тузилади.
Президент Қашқадарё вилоятида шакллантирилган 11,3 трлн сўмлик 1 125 та ҳудудий лойиҳа билан танишди. Хусусан, саноат соҳасида 296 та, хизмат кўрсатишда 449 та, қишлоқ хўжалиги тармоғида 380 та корхона ташкил этилиши кўзда тутилган. Натижада 19 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади.
2021 йилда магистрал электр тармоқлари бўйича $140 млнлик 6 та лойиҳа амалга оширилади. Шу билан бирга, 15 минг км электр узатиш тармоқлари ва 4 мингта трансформатор янгиланади. Натижада 5 минг 377 та маҳалланинг электр таъминоти яхшиланади. Президент лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тошкент вилояти ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган Низамов Сайфиддин Хатирчи туманига ҳоким этиб тайинланди.
АҚШ президенти Жо Байден Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами муносабати билан табрик йўллади. Байден Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Қирғизистон президенти матбуот котибининг хабар беришича, Қирғизистон Ўзбекистонда жойлашган анклав ҳудуд — Сўх билан авиақатновлар ва транспорт қатновларини йўлга қўйишга, Ўзбекистон эса шу пайтгача «чегара ҳудудлар аҳолиси ўртасида тортишувлар ва сиёсий зиддиятларга сабаб бўлиб келган» Ункар-Тоо ҳудудини бериш тайёр эканлигини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Ангела Меркель билан бўлиб ўтган видеоанжуманда уни Ўзбекистонга таклиф қилди. Шунингдек, жаҳонда мураккаб эпидемиологик вазият оқибатида инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги технопаркка ташрифи пайтида Қирғизистонга Ўзбекистон халқи номидан 20 та тез ёрдам машинаси совға қилинганлигини эълон қилди. Бунга жавобан президент Садир Жапаров совға учун миннатдорчилик билдирди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиевнинг хабар беришича, вилоятларнинг чегара ҳудудида ўтиш пунктлари очилади. Аввалига, чегара пост хизмати пиёдалар учун, уч ой ичида эса — автомобиллар учун очилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг