Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун Тожикистонга ташриф буюради.
Сариағашда Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг амалий учрашуви бўлиб ўтди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Аввалроқ унинг бошқа ишга ўтиши кутилаётгани, ўрнига эса Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров тайинланиши хабар қилинган эди.
Экология қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Шавкат Абдураззоқов Наманган вилоятига ҳоким этиб тайинланди. Вилоятнинг аввалги раҳбари Хайрулла Бозоровнинг Фарғона вилоятига ҳоким этиб тайинланиши, Шуҳрат Ғаниевнинг бошқа ишга ўтиши кутилмоқда.
Президент ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Унга кўра, Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими жорий этилади. Адлия вазирлигида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилди.
«Қониқарсиз» ҳамда «ўрта» деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилади. Бунда уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади. «Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз», — дея таъкидлади президент.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, шунингдек, унинг ўринбосарлари Ботир Парпиев ва Азизбек Икромов коронавирусга чалинди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова эса COVID-19 билан касалланиб, даволанган ва ҳозирда ишга чиққан.
Президент йил якуни бўйича ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари рақамли иқтисодиёт соҳасида кескин ўзгариш қилиши зарурлигини айтди. Бу янгиланишлар одамларнинг ҳаёти, бюрократия ва коррупциянинг камайгани ва давлат хизматларини кўрсатиш тезлашганида сезилиши лозимлиги таъкидланди.
Бош вазир қабулхоналари котибияти мудири бўлиб ишлаган Ғолибшер Зияев Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.
Қорақалпоғистонда Жўқорғи Кенгеснинг бўшаб қолган ўринларга ўтказилган депутатлар сайлови якунига етди. Қорақалпоқ парламентидаги бешта вакант ўринни ҳар бир партиядан бир нафардан номзод банд қилди.
«Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди». Шавкат Мирзиёев яқинда вафот этган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг хонадонига ташриф буюриб, унинг оиласига ҳамдардлик билдирди.
Паркент тумани ҳокимлиги ҳокимнинг ўғли тасисчи бўлган компаниядан Captiva автомобили харид қилган. Тошкент вилояти матбуот хизматининг тушунтиришича, компания машина ҳокимликка 2019 йилда топширган, лекин ҳокимиятда етарли маблағ бўлмаганлиги боис пул ўтказмаларини кейинроқ амалга оширишга розилик берган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолат юзасидан Бош прокуратурага сўровнома юборди.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Муҳиддин Жўраев тайинланди. Жўраев олдинроқ ички ишлар вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди. Аввалроқ унга коронавирус ташҳиси қўйилган эди. Сиёсатчи охирги вақтларда Германияда даволанаётган бўлган.
«Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Шерзод Хабибуллаев Ўзгидрометнинг янги раҳбари бўлди.
Президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун бош вазир Абдулла Ариповни Тошкент туманларига, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни эса вилоятларга масъул этиб бириктирди. Тайёргарлик ишларини, энг аввало, бу борада аҳвол оғир бўлган 56 та туман ва шаҳардан бошлаш кераклиги таъкидланди.
2020 йилнинг биринчи ярмида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсишни таъминлагани учун айрим туманлар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига 10 млн ва 8 млн сўмдан мукофот тайинланди. Ўсишни таъминлай олмаган раҳбарларга эса ҳайфсан эълон қилинди.
Баҳодир Туробов Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари, бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган Саидлазиз Саидкаримов эса раис ўринбосари этиб тайинланди.
«Келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф, таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз», — дея маълум қилди «Толибон» ҳаракатининг Дохадаги сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Барадар. Афғонлараро музокараларнинг навбатдаги раундларидан бирини Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди.
Президент Самарқанд, Тошкент ва Наманган вилоятларида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этиш вазифасини қўйди. Шунингдек, сув сарфини камайтириш мақсадида далаларни лазер ёрдамида текислаш технологияси жорий этилади. Бунинг учун 250 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг