Шароф Рашидов тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётган Хуршид Алимардонов Арнасой тумани ҳокими этиб тайинланди.
Геодезкадастр давлат қўмитаси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Мақсуд Рўзметов, «Агробанк» бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Мирзаев ва Аграр университет ректори Ботиржон Сулаймонов қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари этиб тайинланди. Амалдаги вазир ўринбосари Саидкамол Ходжаев бир вақтнинг ўзида Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармасини бошқаради. Мажлисни Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов олиб борди.
Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича яхлит онлайн тизим яратилади. Бу мақсадлар учун қарийб 1,2 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. «Бу маблағларнинг натижадорлиги ва қайтими фақатгина ҳисоблагичларни ўрнатиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Истеъмолчи сарф қилган энергия ресурси ҳажмини билиш билан тизимдаги йўқотишлар ва ўғирликларга чек қўйиб бўлмайди», — дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримова ҳисобларидан мусодара қилинган пул маблағларини қайтариш шартлари бўйича келишувга эришишди. Маблағлар «халқ ҳаётини яхшилашга сарфланиши», жараён эса шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида ташкил этилиши лозим.
Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманларини ташкил этиш тўғрисидаги Олий Мажлис Сенати қарорлари тасдиқланди.
Сенат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 291-моддасига киритилаётган ўзгартишни маъқуллади. Унга кўра, қонун кучга киргач, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади.
Сенат «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонунни маъқуллади. Парламент юқори палатаси раиси Танзила Нарбаева мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга урғу берди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Москвада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Учрашув якунлари бўйича делегациялар раҳбарларини Россия президенти Владимир Путин қабул қилди.
Ички ишлар вазирининг шахсий таркиб бўйича буйруғи билан 7 та туман ва 1 та шаҳар ички ишлар бўлимларига янги бошлиқлар тайинланди.
AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Бухоро вилоятидаги Ёмонжар каналини қайта тиклаш ишларини молиялаштирди. 1978 йилда қазилган каналда гидропостлар қурилиб, ўзани бетонлаштирилди.
Ҳисоб палатаси ахборот-таҳлил шўъбаси мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган Хикматилло Латипов Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими этиб тайинланди.
Ширин шаҳар ҳокими сифатида фаолият юритиб келган Абдуғаффор Хожиматов Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари лавозимини эгаллади. Шунингдек, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳокимларига ҳам янги ўринбосарлар тайинланди.
Полковник Абдураҳим Мўминов президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Зоҳиджон Аҳмадалиев Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Ушбу лавозимни эгаллаб келаётган Отабек Расулов вазифасидан озод этилди.
Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Иномжон Мамадалиев эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Унинг ўрнига Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Мансурбек Алиханов тайинланди. Шунингдек, Сарварбек Султонов Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ҳокими бўлди.
Давергеодезкадастр қўмитаси негизида Кадастр агентлиги ташкил этилди. Қўмитанинг қишлоқ хўжалиги ерлари соҳасидаги ваколатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилади. Янги агентлик Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида бўлади.
Қонунчилик палатаси Тошкент таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкентнинг Сергели, Бектемир туманлари ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Янгиҳаёт тумани таркибига 2131,2 гектар ўтказилиши режалаштирилган. Қарор Олий Мажлис Сенатига юборилди.
Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан Наманган вилояти Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Давлатобод туманининг умумий майдони — 4 686 гектар бўлиб, унинг таркибига Наманган шаҳрининг 25 та маҳалласи ўтказилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Aкмал Бурханов «Газета.uz»га берган интервьюсида олдин эгаллаган лавозимларида учраган коррупция ҳолатлари, Ўзбекистонда коррупцияни қўзғатувчи омиллар, қонунчиликда қандай бўшлиқлар борлиги ва агентлик давлат бюджетини талон-тарож қилиш ҳолатлари билан қандай курашиши ҳақида сўзлаб берди.
Шавкат Мирзиёев 30 август куни вафот этган Ўзбек Миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудовни қутқаришга уринишлар ҳақида гапирди. «Кечалари кўзларимни юмолмадим», деди президент.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг