Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов оламдан ўтди. Олдинроқ унда коронавирус аниқланиб, у Тошкентда даволанаётган эди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов уч ҳафталик даволанишдан сўнг ишга қайтди.
Ўзбекистон ИИВ митинглар тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдан иборат эканини маълум қилди. Вазирлик қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши Беларусдаги воқеаларга алоқадор эмаслигини ҳам қайд этиб ўтди.
Президент раислигида ўтказилган йиғилишда «темир дафтар"лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида («Ёшлар дафтари»), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида («Аёллар дафтари») рўйхатлар шакллантириш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида Мустақиллик байрамини нишонлаш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, давлат раҳбари аҳоли карантин қоидаларига амал қилмаса, карантин чекловлари қайтадан татбиқ этилишини таъкидлади.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ушбу тадбирларни иш кунлари кундузи 10:00 — 18:00 орасида 2 соатдан ошмаган вақт давомида ўтказишга рухсат берилади. Бу каби тадбирларни ўтказишга рухсат олиш учун ариза намойишлар ўтишидан ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатдан олдин тақдим этилиши лозим — батафсил.
Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишини таъқиқловчи қонун лойиҳаси таклиф этилмоқда. Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган лойиҳага кўра, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш кутилмоқда.
Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокимининг ўринбосари Мухторжон Бобожоновга карантин пайтида байрамда иштирок этганлиги учун ҳайфсан берилди ва ички ишлар бошқармаси бошлиғига нисбатан расмий текширув бошланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимияти ҳудуд раҳбари Карим Камоловнинг вафот этгани тўғрисидаги хабарларни инкор этди. Ҳоким пойтахтдаги Akfa Medline клиникасида даволанмоқда.
Президент меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиаллари хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов коронавирусдан тўлиқ соғайди, ҳамда ўз фаолиятини давом эттириш учун пойтахтдан Навоийга қайтиб келди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусдан тўлиқ соғайиб, воҳага қайтди.
16 август куни Минскда Александр Лукашенко тарафдорлари ва унинг ҳокимиятига қаршилар иштирокидаги намойишлар бўлиб ўтди. Лукашенко тарафдорлари намойишида бир қисми бюджет ташкилотлари ходимларидан иборат бўлган 65 минг киши йиғилди. Оппозиция тарафдорлари намойишида эса 200 минг одам қатнашди — бу Беларусь тарихидаги энг йирик намойиш бўлди.
«Ўтган сафар, оилавий тадбирларни 30 киши иштирокида ўтказишга рухсат берганимизда, кўп жойларда, айниқса Тошкентда 70, 100, 150 кишигача тўпланди», — деди Шавкат Мирзиёев. Президент тўй ва бошқа тадбирларни ўтказишда қоидаларга риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.
Транспорт вазирлиги расмий автомашиналарга GPS-навигаторлар ўрнатиш ва йиллик чеклов ўрнатиш таклиф этилмоқда.
Бош вазир Абдулла Арипов Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаси ташкил этилишини маълум қилди. Фарғона-Сўх йўналишидаги авиақатновларга «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда «Uzbekistan Helicopters» МЧЖга қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Ўзбекистон президенти ўз табригида пандемия ва бошқа муаммолар шароитида ёшлар овозига қулоқ тутиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда ёшлар иштирокини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Олий Мажлис палаталарига хўжалик бошқарув органлари, жумладан, «Ўзбекнефтгаз», Uzbekistan Airways, Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари ва бошқалар раҳбарларининг компаниялар фаолиятига доир ахборотларини эшитиш ваколати берилди.
Президент суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларни қийнаш, уларга нисбатан шафқатсиз ва камситувчи муомалада бўлиш, ушланган шахснинг ҳуқуқларини поймол қилишнинг олдини олишга алоҳида урғу қаратилди.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко телефон орқали мулоқотда икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, ўзаро мулоқотни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг