Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни дастлабки имзолаш маросими ўтказилди. Ушбу ҳужжат 1996 йилда қабул қилинган битимнинг ўрнини эгаллаши ва томонларнинг ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги намойишларда ўз яқинларини йўқотган оилаларга ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари воқеаларда иштирок этган барча томонлар ҳаракатига адолатли баҳо беришни топширди. Куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, жиноий жавобгарлик таъминланиши айтилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Қорақалпоғистондаги воқеаларни шаффоф ва мустақил тергов қилиш кераклигини таъкидлади ва интернетга уланишни чекламасликка чорлади.
Сенатнинг 28-ялпи мажлиси 8 июль куни чақирилади. Унда солиқ маслаҳати, аҳолини табиий ва техноген фавқулодда вазиятларда муҳофаза қилиш, Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритишга оид қонунлар кўриб чиқилади. Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджети ижроси тўғрисида ҳисобот ҳам беради.
АҚШ Давлат департаменти Нукусдаги воқеалар бўйича хавотирини ҳамда қурбонлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. АҚШ Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ҳукуматни фундаментал инсоний ҳуқуқларни, жумладан тинч йиғилиш ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилишга чақирди.
Қорақалпоғистон мақомини Конституцияда ўзгартириш таклифи ортидан 1−2 июлда республикада намойишлар бўлиб ўтди. Президент шахсан Нукусга боргандан кейингина сенатор ва депутатлар воқеага ўз муносабатини билдира бошлади. «Газета.uz» қонун чиқарувчиларнинг фикрларини бир материалга жамлади.
Шавкат Мирзиёв ва Владимир Путин ўртасидаги телефон орқали мулоқотда Россия президенти давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилган қатъий чораларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Россия ва Украина ўртасидаги можаролар нафақат бу икки мамлакатга, балки бутун дунёга ўз таъсирини ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам келишувга эришиш зарур ва бу борада The Washington Post уч хил ёндашувни таклиф қилди.
Қорақалпоғистондаги фожиа жамият билан мулоқот қилишга эътибор берилмаслиги ҳамда стратегик муҳим қарорлар парда ортида қабул қилиниши нималарга олиб келишини намойиш қилди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви 21 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтади.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь Нукус воқеаларига муносабат билдириб, «Ўзбекистон тинчлик ва бирликни сақлаб қолишга қодирлигига» ишонишини маълум қилди. Туркия ТИВ раҳбари эса хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлашдаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда мамлакат раҳбариятининг Қорақалпоғистонда барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Европа Иттифоқи «Қорақалпоғистондаги зўравонлик воқеаларини очиқ ва мустақил тергов қилишга» чақирди. ЕИ конституциявий ўзгаришлар бўйича норозиликларга нисбатан президент Мирзиёев тезкор реакция билдирганини эътироф этди ва вазият кескинлашувининг олдини олиш учун томонларни вазмин бўлишга чақирди.
Европа кенгаши президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқоти чоғида Нукусдаги намойишларда қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Қолаверса, у вазиятни баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши экани, Кремль мамлакат раҳбарияти фаоллик билан муаммоларни ҳал этишига шубҳа қилмаётганини билдирди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда Қорақалпоғистонда «барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади».
1−2 июль кунлари Нукус шаҳридаги бўлиб ўтган намойишлар оқибатида 18 нафар фуқаро вафот этди, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими турли жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилди. Тартибсизликларда қатнашган 516 нафар фуқаро ҳибсга олинди.
Қорақалпоғистондаги фавқулодда ҳолат сабабли ўрнатилган комендантлик соатларида Нукус аэропортининг фаолияти вақтинча чекланади. Шу боис якшанба куни қолдирилган рейс йўловчилари душанба куни кундузи манзилига етказилиши маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев мамлакат халқига мурожаатида маълум кучлар «конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида… вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринишаётганини» таъкидлади. Қорақалпоғистоннинг мақоми ўзгармаслигини яна бир бор айтиб, сўнгги йилларда минтақада рўй берган ўзгаришларни санади.
Президент Қорақалпоғистондаги намойишларда айрим кимсалар органлар ходимларига ҳужум қилиб, аёвсиз калтаклагани, қўриқланадиган ҳудудларга бостириб киришга уринганини таъкидлади. «Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари орасида қурбонлар бор», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг