Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражаси пастлиги оқибатида йилига 9 млрд доллар йўқотаётганини маълум қилди. Шунинг учун президент маҳсулот ишлаб чиқариш режасини ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар, қолаверса, кластер кесимида белгилашни жорий этди.
Президент айрим ҳокимлар кластерларни кун давомида мажлис ва бошқа ишларга жалб этаётганини танқид қилди. Шунга кўра, у ҳокимларга кластерларнинг ички иш фаолиятига аралашишни тақиқлади. Қолаверса, энди битта туманда кўпи билан иккита кластер ташкил этишга рухсат берилади, ҳозиргача учта эди.
Президент «Янгиҳаёт» индустриал паркидаги инвестиция лойиҳалари билан танишди. Биринчи босқичда 110 гектар майдон аукционда сотилди, уларда ошхона жиҳозлари, қандолат ва тўқимачилик маҳсулотлари, сантехника товарлари, металл буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, натижада 20 минг иш ўрни яратилади.
Конституцияни фуқаронинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал қилишга оид норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ОАВ ходимларига табригида улар фаолиятига тўсқинликлар демократик ислоҳотларга қарши ҳаракат сифатида баҳоланиши кераклигини таъкидлади. «Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим», — деди у.
Президент қарори билан шу йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 июлига қадар ОАВлар фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камроқ тўлайди. Қолаверса, бюджет ташкилотларига электрон ОАВларга обуна бўлишга рухсат берилмоқда.
Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси «Бу менинг Конституциям» порталида икки тилда эълон қилинди. У PDF форматида жойлаштирилган бўлиб, алоҳида моддаларга изоҳ қолдириш имконияти мавжуд эмас. Лекин фуқаролар ўз фикрларини ёзиб қолдириш имкониятига эга. Муҳокама 10 кун давом этади.
Ўзбекистон зилзила ва тошқиндан жабр кўрган Афғонистонга 74 тонна гуманитар ёрдам жўнатди.
Конституцияга таклиф қилинган ўзгартишларда Ўзбекистон президентининг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш ғояси илгари сурилди.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Москвада МДҲ мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишида қатнашди. Унда иштирокчилар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазиятни муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев «БРИКС плюс» форматидаги онлайн форумда қатнашиб, халқаро кескинлик тобора кучайиб бораётгани ва тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлаётган шароитда Ўзбекистон кенг кўламли ҳамкорлик, шу жумладан «Жануб-Жануб» форматидаги шериклик учун очиқ эканини маълум қилди.
Депутатлар Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Конституциявий комиссия таклифларни Қонунчилик палатасига киритган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Бош қонун лойиҳаси 25 июндан 4 июлга қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилади.
2021 йил ноябрь ойидан буён Термиз орқали Афғонистонга 42 минг тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилган. Ўзбекистон ТИВ халқаро шерикларни Термиз логистика хабидан фойдаланган ҳолда мазкур давлатни қўллаб-қувватлашда фаол ҳамкорлик қилишни таклиф этди.
Ўзбекистонда энергетика бозорини бошқаришнинг янги тизими жорий этилади, хусусан, «Ўзбекистон МЭТ» компаниясининг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатлари хусусий корхоналарга ўтказилади. Дастлаб 14 та туман ва шаҳарда хусусий компаниялар ташкил этилади.
Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тўғрисидаги қонун июнь охиригача тасдиқланиши режалаштирилган. Президент фармонида тизимни 2022 йил 1 январдан жорий этиш кўрсатмаси берилган эди.
Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ҳукумат табиий офат оқибатларини тезроқ бартараф этишда Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Конституциявий комиссиянинг илк йиғилишидан бир ой ҳам ўтмасдан Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб, Қонунчилик палатасига киритилди. Таъкидланишича, Бош қонуннинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ тузатиш киритилмоқда. Бироқ, лойиҳанинг тўлиқ шакли эълон қилинмади.
Бир йилда қабул қилинган ҳужжатларнинг 30 фоизига, жумладан тадбиркорлик билан боғлиқ ҳужжатларнинг 80 фоизига ўзгартиришлар киритилди. Бу қонунчиликнинг барқарорлигига салбий таъсир қилмоқда, «фуқаролар ва бизнес вакиллари далилларга асосланган қонунчиликни талаб этмоқда», деди адлия вазири.
Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифини Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев номидаги кўча ва хиёбонни очишдан бошлади. Олий мартабали меҳмонга президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг