1 июлдан электр энергия ва газ истеъмоли учун нархларни «ижтимоий норма» асосида белгилаш кутилмоқда. Муҳокамага эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, амалдаги нархлар ошади. Шунингдек, белгиланган нормадан кўпроқ ишлатганлар ҳар бир қўшимча кВт соат электр энергия учун — 2 баравар, ҳар бир қўшимча куб метр газ учун эса — 5 баравар миқдорида тўлов қилади. Нархлар 2024−2025 йиллардан инфляция даражасига индексация қилинади, 2026 йилдан эса эркинлаштирилади.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2−3 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
«Менимча» кўрсатувида Ўзбекистонда букмекерлик хизматига нега рухсат берилмаганига изоҳ берилди. ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаев букмекерликни жамоатчилик яхши қарши олмаганлигини қайд этди. Бироқ у букмекерликни тақиқлаш ҳам муаммога ечим бўлмаслигини таъкидлаб, соҳани назоратга олиш бўйича таклифлар кераклигини айтди. ИИВ Киберхавфсизлик маркази бошлиғи Беҳзод Мамажонов ҳам блоклаш чора бўлмаслигига тўхталиб, букмекерликни реклама қилаётган аксарият такшилотлар чет эл серверларида ўтиришига эътибор қаратди.
Сенаторлар Мамаризо Нурмуратов номзодини иккинчи муддатга Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига тасдиқлади. У 2017 йилдан бери мазкур лавозимда фаолият юритиб келмоқда.
Сенаторлар «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Унда халққа хизмат кўрсатиш давлат хизматининг тамойилларидан бири сифатида белгилаб қўйилган, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, фаолиятни KPI асосида баҳолаш, коррупциявий жиноятларини содир этган шахсларни давлат хизматига қабул қилишни тақиқлаш талаблари ўрнатилмоқда.
Жума куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Шавкат Мирзиёев ЕОИИ давлатларини бозорга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, меҳнат миграцияси тартиб-тамойилларини соддалаштириш, трансафғон темир йўли доирасида ҳамкорлик қилиш, агрокооперация дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Қолаверса, президент иттифоқ мамлакатларини йўловчи ташиш алоқаларини тўлиқ қайта тиклашга чақирди.
Ўзбекистондаги олдинги конституцион ислоҳотлар Конституциянинг президентлик муддатларини чеклайдиган 90-моддасини четлаб ўтишга имкон яратган. Виржиния Университети тадқиқотчилари турли мамлакатларда шунга ўхшаш чекловларни четлаб ўтиш бўйича 60 та уринишларни ўрганиб чиқди. Бу қандай амалга оширилган ва қанақа оқибатларга олиб келган (ғаройиб ҳолатлар ҳам бўлган) — Комил Жалилов шарҳида.
Президент ҳокимларнинг иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз эканлигини танқид қилди. Вилоят ҳокимларига қўшимча 110 минг иш ўрни ташкил этиш, камида 1 млрд долларлик экспорт учун шароит яратиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, ЭИЗлардаги лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати ҳамда саноат зоналарнинг маъмурий кенгашлари ваколати Инвестициялар вазирлигига ўтказилди. Зоналардаги ерлар энди ҳокимликлар томонидан эмас, балки дирекциялар томонидан аукционга қўйилади.
Ўзбекистон Бош қонунига ўзгартиришлар киритиш бўйича Конституциявий комиссия ўзининг биринчи йиғилишини ўтказди. 6 кун давомида 13,15, 29, 37, 40, 41, 53, 78 ва 80-моддаларга боғлиқ таклифлар келиб тушган. Комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев президентга номзод бўйича талаблар ва ваколатлар муддати белгиланган 90-модда юзасидан таклиф юборилган ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
Конституциявий комиссия аъзоси, депутат Бобур Бекмуродов Асосий қонунни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни қабул қилиш, саралаш ва қонун лойиҳасида акс эттириш жараёни қандай амалга оширилишини тушунтириб берди. Унинг сўзларига кўра, таклифлар веб-саҳифа, Telegram-бот, почта, давлат ташкилотлари орқали қабул қилинади, таҳлилчилар гуруҳи уни саралайди ва комиссияга киритади. «Асосий принцип — бу таклиф юбориш қулай ва инклюзив бўлиши керак», — деди у.
Ўзбекистон Хитойдан мамлакатда қўшма ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун 37,5 млн доллар беғараз молиявий ёрдам олади.
Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини мустақил ҳаётга қадам ташлаётганлари билан табриклади. Президент Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бораётганини таъкидлаб, олдига аниқ мақсад қўйган ёшларнинг кўзлаган чўққиларга эришишларига ишонч билдирди.
Интеллектуал мулк агентлиги директори лавозимида ишлаб келган Тулкин Абдусаттаров адлия вазири ўринбосари этиб тайинланди.
Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Россия муносабатларини ривожлантириш, минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалаларини муҳокама қилдилар.
Давлат илгариги даврлардан фарқли ўлароқ, нафақат бошқарув, балки фуқароларга хизмат кўрсатиш марказига айланиб бормоқда, деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. Шундай экан, амалдорларнинг фаолиятига баҳо бериш, муаммоларни парламент усулларида ҳал этиш, қонунларни қабул қилишда етук экспертларга таяниш зарур. «Тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш амалиётини кенг жорий этиш вақти келди деб ўйлайман», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади. Томонлар табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг мониторинги ва прогнози бўйича маълумотлар алмашади, уларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорлик қилади.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ислоҳотлар буйруқ билан мувафақиятли амалга оширилиши мушкуллиги ва туб ўзгаришлар аҳоли уларни чуқур ва тўла англашига боғлиқлигини таъкидлади. «Тараққиётни таъминловчи тизимли механизмлар ичида энг муҳими — ҳокимиятнинг уч тармоғи ўртасида бир-бирини тийиб туриш тизимини такомиллаштиришдан иборат», — деди у. Сенатор шунингдек, давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Сешанба куни Конституциявий комиссия раҳбари Акмал Саидов Асосий қонун ислоҳоти заруратини Карл Маркс ва Фридрих Энгелснинг «Коммунистик партия манифести»га таяниб асослантиришга ҳаракат қилди. «Ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди», — деди у.
Ўзбекистонда бирор спорт тури бўйича маҳаллий олимлар томонидан на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, кардиомашғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмайди, дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишда. «Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда», — деди у.
Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади. Шавкат Мирзиёев ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилиш борасидаги ёндашувлар ўзгартирилишини маълум қилди. Бухоро тажрибаси асосида — яхши натижага эришган ёш спортчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади ва улар махсус гуруҳларда бепул ўқитилади, спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг