Шавкат Мирзиёев ерларни аукционда сотиш йўли билан 400 млрд сўмлик тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз эканлигини танқид қилди. Президент Тошкент вилоятида 14 гектар ер 3,5 млн долларга сотилганини маълум қилди. «Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?» — деди у.
Президент раислигида ўтаётган видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан берилди. Қолаверса, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ишдан олинди.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқот чоғида амалий ҳамкорликни кенгайтириш қолаверса, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Пентагон расмий вакили Жон Кирбининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Тожикистондаги Афғонистоннинг ҳарбий самолётларини жойлаштириш масаласи ҳамон кўриб чиқилмоқда. Бироқ, у «самолёт ва вертолётлар „Толибон“ фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига» ишонч билдирмоқда.
Тошкентнинг Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов «сиёсий буюртма, провакациялар ва босим» туфайли депутатлик фаолиятини якунлаши мумкинлигини маълум қилди. «Газета.uz» билан суҳбатда у булар ортида «туман ва шаҳар ҳокимликлари билан боғлиқ уч-тўртта депутат» турган бўлиши мумкинлигини айтди. Сенат мазкур вазиятни ўрганмоқда.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги фожиали воқеалардан сўнг биринчи марта баёнот билан чиқди. У 2019 йилдан бери нафақада экани ва ҳеч қаерга кетмаганини таъкидлади. Қасим-Жомарт Токаев «барча ҳокимиятга эга», «элитада ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ», — деди у.
ТИВ расмий вакили «Жибек жоли» ўтиш пунктида Қозоғистондаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлигини рад этди.
Бош прокурорнинг буйруғига асосан Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшқувватов Андижон вилояти прокурори лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон президенти 5 январь куни қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 7 январь куни одатдаги тартибда ишлашга киришган эди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов айнан Қозоғистондаги тартибсизликлар туфайли Шавкат Мирзиёев меҳнат таътилидан 2 кунда қайтгани маълум қилди.
Global Firepower Index рейтингида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида тўртинчи ва дунёнинг 140 мамлакати орасида 54 ўринни эгаллаган. Мамлакат ҳарбий қудратининг таҳлили.
Президент ҳоким ёрдамчиларини ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан «кўмиб ташламаслиги», ҳокимлар улар учун фақат шароит яратиб бериши кераклигини таъкидлади. «Ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У ДХАга ўтишдан олдин ҳам ушбу лавозимда фаолият юритганди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Александр Лукашенконинг Қозоғистондаги воқеалар ортидан Ўзбекистон сабоқ олиши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. У мазкур баёнотни «асоссиз» деб атади. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев Мудофаани бошқариш миллий маркази очилишида иштирок этди. Мазкур марказ мамлакатдаги барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга ихтисослашган.
Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги вазиятга тўхталиб ўтди. «Биз учун яқин қўшни ва қардош Қозоғистонда содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди», — деди у. Президент қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бораётгани ҳамда одамлар осойишта ҳаётга қайтаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот давомида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларидан ташқари, Қозоғистонда рўй берган воқеалар нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.
Сенат «Газета.uz» нинг ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақомини бекор қилишга оид ҳужжат 2,5 йил олдин тайёрлангани, бироқ қабул қилинмагани ҳақидаги мақоласи юзасидан муносабат билдирди. Таъкидланишича, «қуйи палатада муҳокама қилинмаган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам кўриб чиқилмаган». «Маҳаллий кенгашлар мустақил орган. Сенат фақатгина уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, услубий ёрдам кўрсатади», — дейилади баёнотда.
«Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларини ушбу давлатларга олиб кетилган афғон самолётлари ва вертолётларини қайтаришга чақирди. Афғонистон муваққат ҳукумати мудофаа вазири в. б. Муҳаммад Ёқубнинг айтишича, агар давлатлар буни қилмаса, «уларни бунинг оқибатлари кутмоқда».
Ҳозирга қадар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган 9 турдаги маъмурий иш, шу жумладан ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлар фаолиятини текшириш эндиликда Бизнес-омбудсман, унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари томонидан кўриб чиқилади.
10 январдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 9311 нафар ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлади. Энг кўп ҳоким ёрдамчилари Самарқанд (1120), Фарғона (1055) ва Тошкент вилоятларида (1014) тайинланган. Ҳоким ёрдамчиларининг ҳудудлар бўйича тақсимоти.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг