Ўзбекистоннинг Латвия ва Финляндиядаги элчиси Қадамбой Султонов Эстониядаги биринчи элчи сифатида аккредитациядан ўтди.
Ҳукумат раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Сардоба техноген фалокатидан зарар кўрган аҳоли уй билан бирга доимий иш ўрнига ҳам эга бўлишини таъкидлади. Янги уйлар кўчиб ўтишга тайёр ва тез орада «қуръа ташлаш» йўли билан аҳоли ўртасида тақсимланади.
299 кишидан иборат Ўзбекистон фуқароларининг иккинчи гуруҳи чартер рейслари орқали Абхазиядан қайтарилди. Абхазияда қолган фуқароларни қайтариш бўйича Россия билан музокаралар давом этмоқда.
Президентнинг яширин иқтисодиётни қисқартиришга оид қарори билан қурилиш соҳасида ишчиларни шартнома тузмасдан ёллашга рухсат этилмоқда. Бундан ташқари, риэлторларнинг айланма солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача туширилади. Овқатланиш шохобчаларининг пластик картадан тушган даромади эса умумий даромадга киритилмайди.
Президент фармони билан «Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports ва бошқаларнинг имтиёз ва преференциялари хатловдан ўтказилади ва бекор қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Туркия миллий мудофаа вазири Хулуси Акар икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди.
Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев видеоселекторда электр энергетикаси соҳаси трансформацияси орқали таннарх камайтирилиши лозимлигини таъкидлади. Соҳа трансформациясини эса таннархга таъсир қилмаган ҳолда, ҳаражатларни камайтириш эвазига амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги янги ўзгартиришларга кўра, карантин талаблари бузилганда автомобиль жарима майдончасига мажбурий жойлаштирилиши мумкин. Бундан ташқари, эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ишлар ички ишлар органлари томонидан ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Сардоба ҳамда Мирзаобод туманлари тажрибаси асосида беш қаватли уйлар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хонадонлар жойлашуви ва хоналар ички майдонини мақбуллаштириш, қурилиш материалларини лойиҳага мос ўлчамда ишлаб чиқиш ҳамда ҳовли ва йўлакларга сенсорли электр чироқлари ўрнатилиши ҳисобига уйларнинг нархи 30 фоизгача арзонлашиши таъкидланди.
Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартга қадар Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Тегишли президент фармони лойиҳасида ўқув режасини такомиллаштириш, умумий ҳафталик ўқув юкламасини камайтириш ва ўзаро узвий боғлиқ фанларни бирлаштириш кўзда тутилган. ОТМга кириш тестларига абитуриентларнинг мантиқий фикрлаши ва талабаликка тайёр эканини баҳоловчи компетенциявий тестлар киритилиши мумкин.
Шавкат Мирзиёев орқада қолаётган корхоналар фаолиятини танқид қилди ва яратилган имкониятлардан фойдаланмаётган тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарлари ишдан бўшатилиши ва судга тортилиши ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, «Коррупция билан олдинги тизим кўпларга маъқул. Бўлмайди бошқа». Президент, шунингдек, давлат корхоналари билан Ўзбекистон ўз мақсадларига эриша олмайди, деб ҳисоблайди.
Давлат божхона қўмитасининг хабар беришича, банк сирлари тўғрисидаги қонунга қўшимча киритишдан мақсад ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига нисбатан божхона назоратининг соддалаштирилган шаклларини қўллаш ва яширин иқтисодиёт улушини камайтиришдир.
Кузда Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашуви коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилга қолдирилди. Учрашув Туркманистонда ўтказилиши мумкин.
Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий Кенгаши раиси этиб сайланди.
Самарқанддаги иккита кўчага турли йилларда Самарқанд вилояти ҳокими бўлган Азамхон Баҳромов ва Ўктам Барноев номларини бериш таклиф қилинди.
«Киберхавфсизлик маркази» ДУК директори ўринбосари бўлиб ишлаган Олимжон Мирзаев маданият вазири ўринбосари этиб тайинланди.
Март ойидан бери Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган Баҳодир Тошматов президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз, инфляциянинг йил якуни бўйича прогнозини йиллик 11−12,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
Машъал Тожибоев Хонобод шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг