8 йил ичидаги энг паст инфляция, Германиядан олиб келинган ҳайдовчилар, 5 бараварга ортган бюджет субсидиялари, Туркиядаги маҳаллий сайловлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 1 апрель куни АГТКШларда метан 3800 сўмдан сотилди, бу белгиланган чегара, яъни 3350 сўмдан юқори. Энергетика вазирлиги истеъмолчилар шохобчага чек билан қайтиб, ортиқча тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканини маълум қилди.
2021 йилдан бери Президент администрациясида ишлаб келган Искандар Қутбиддинов экология вазирига янги ўринбосар бўлди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХ Навоий ва Жиззах вилоятида рейд ўтказиб, фуқароларни ноқонуний йўл билан АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахсларни қўлга олди. Улардан бири Мексика давлати орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига фуқародан 14 минг доллар пул талаб қилган.
Солихон домла Ортиқхўжаев майда безорилик ва ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаганликда айбланиб, 15 суткага қамалди. У уйига ИИО ходимлари келганида «террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман» деб шовқин қилиб, ўтиб кетаётган фуқароларнинг тинчини бузган.
Шаҳрисабз шаҳрида фахрий самбочи Тўра Авлоқулов қўлбола усулда ясалган қуролдан олган жароҳати оқибатида вафот этди. Унга кафеда маст ҳолдаги таниши 50 минг сўм ортидан келиб чиққан жанжал сабаб ўқ узган. Гумонланувчи воқеа жойидан қочмоқчи бўлганида ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланди.
DEG корпорацияси ва Davr Bank 23,5 млн долларлик ҳамкорлик шартномасини имзолади. Ҳамкорлик мақсади кичик ва ўрта бизнес субъектларининг лойиҳалари ҳамда экологияни сақлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳисобланади.
Ўзбекистонда болалар камбағаллиги даражаси 7,8 фоизга — 2021 йилдаги 21,5 фоиздан 2023 йилда 13,7 фоизга камайди. Болалар камбағаллигининг энг паст даражаси Навоий вилояти ва Тошкент шаҳрида, нисбатан юқори даражаси эса Сирдарё ва Жиззах вилоятларида қайд этилди.
Тошкент ИИББ фирибгарликнинг янги туридан огоҳ этди. Бунда номаълум шахс қарияларга қўнғироқ қилиб, уларга ўзини қизи ё невараси деб таништиради ва ЙТҲга учраганини айтади. Телефонни сохта терговчи олиб, ҳодисага қариянинг яқини сабабчилигини билдиради ва қамоққа олмаслик учун пул сўрайди. Батафсил.
Тошкентда машинасига йўловчи сифатида чиққан аёлнинг қадди-қоматини тавсифлаб, оёғини ушлаган 30 ёшли ҳайдовчи 5 суткага қамалди. Судда ҳайдовчи «скорост»га ураётганида қўли аёлнинг оёғига тегиб кетганини айтган. Аёл эса суҳбатни ёзиб олганини билдирган.
Бекобод туманида 28 ёшли аёл ўзини 5-қаватдан ташлаб вафот этди. Марҳума эри томонидан мунтазам равишда зўравонликка учраб келгани айтилмоқда. Унга уч марта ҳимоя ордери берилган. Қўшнилар аёл пастга тушиб кетиши олдидан «яшашни истамайман, калтакларингдан тўйиб кетдим», дея бақирганини эшитган.
Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида 2−3 апрель кунлари ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Сўнгра ҳарорат кечаси +5…+10, кундузи +18…+25 даражагача кўтарилади. Тоғли ҳудудларда қор кўчиши хавфи бор.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳайдовчиларни ўқитиш учун Германиядан «50 йиллик стажга эга» ҳайдовчилар, Москвадан эса инструкторлар олиб келинганини айтди. «Ҳар бир ҳайдовчини ўқитяпмиз. Уларни тоифаларга бўламиз, энг юқори тоифадагиларига бошқаларни ўқитиш ҳуқуқи берилади», — деди вазир.
Чилонзор туманидаги Сеул кўчасида Nexia ва 2 та Cobalt иштирокида ЙТҲ юз берди. Икки ҳайдовчи жароҳатлангани учун шифохонага олиб кетилди.
Фарзанд туғилгандаги суюнчи пули ҳаммага ҳам берилавермайди, айрим ёлғиз кексаларга поездга бепул чипта тақдим этилади, «тўсиқсиз» меҳмонхоналарга субсидия ажратилади, газли ва энергетик ичимликларга акциз солиғи жорий этилади, ҚҚС бўйича баъзи имтиёзлар бекор бўлади — 1 апрелдан нималар ўзгаради?
Тупроққалъа туманида Cobalt ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолиши сабабли ўзидан олдинда кетаётган Isuzu юк машинасига урилди. Оқибатда у воқеа жойида ҳалок бўлди, машина салонида бўлган икки киши шифохонага ётқизилди.
Автомобиллар учун экостикерлар нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида жорий этилади. Экодиагностика 1 июндан босқичма-босқич йўлга қўйилади. Аксарият машиналар учун стикерлар бепул бўлади. Экозоналарга кириш учун компенсациялар ва жарималар жорий этилади. Янги қарор тафсилотлари.
Ўзбекистонда судьяларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси унга нафақат ўта оғир, балки оғир жиноят айби қўйилганда ҳам қўлланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Сенат тегишли ўзгартиришни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Нормадан мақсад коррупцияга қарши курашиш экани айтилди.
Тошкент шаҳрида 1 апрелдан 31 майгача, шунингдек, 15 апрелдан май ойи охиригача иссиқ сув таъминотида икки ва тўрт кунлик узилишлар бўлиши режа қилинмоқда. Шу кунларда иссиқлик тармоқлари синовдан ўтказилади. Жадвал янгиланиб боради.
Сенаторлар «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Ҳужжатда бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлиши, хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг