Президент мутасаддиларга 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон тиббий карта» тизимини ишга тушириш, дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш вазифасини топширди.
Гурлан туманида фермер хўжалиги раҳбари 81 туп биологик соғлом туронғил дарахтини ноқонуний кесгани аниқланди. Бунинг оқибатида табиатга 618,1 млн сўмлик зарар этказилган. Хўжалик раҳбарига жиноят иши очилди.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова «Док-1 Макс» сиропи ишида ота-оналар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Ундан фойдаланиш оқибатида Ўзбекистонда камида 69 бола ҳалок бўлганди.
Собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналист ва блогерларни танқид қилиб, айримларини УЖЖ — «уюшган жиноий журналистлар» деб атади. У улардан «сал пастроққа тушишни» ва ўзларини «бутун жамоатчилик» деб ҳисобламасликни сўради. Унинг сўзларига кўра, улар хорижий ОАВ билан рақобатга дош бера олмайди.
KPI бўйича ишлайдиган вазирлар, озодликка чиққан Отабек Сатторий, ўзбекистонлик мигрантларни ишга чақираётган Исроил, дорилар сотуви билан боғлиқ «ўйинлар» ҳақида гапирган президент ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ўзбекистонда жинсий тарбия «боланинг тарбияси ва ахлоқий фазилатларига қандайдир тарзда таҳдид солади», деган фикр кенг тарқалган, деди болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида. «Ундан олабўжи ясамаслик керак. Маърифат таҳдид солиши мумкин эмас», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Парижда бўладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўришни тайинлади. «Бу йилги ютуқларни Токиодаги каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри. Натижа тарихда энг яхшиси бўлиши учун ҳозирдан чора кўриш керак», деди у.
2021 йилнинг майида 6,5 йилга қамалган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий суд ажрими билан қамоқдан озод этилди. Унга белгиланган жазо ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланди.
10 февралдан 20 мартгача Тошкент метросининг «Халқлар дўстлиги» бекатидаги «Tashkent city» мажмуасига олиб чиқувчи вестибюль ёпиқ бўлади. Бу вақтда муддатини ўтаб бўлган эскалатор янгисига алмаштирилади.
Янги ўқув йилидан коллеж-техникумнинг 1−2 курсида таълим тизими ва уни баҳолаш олийгоҳлар билан тенглашади. Техникумларда ҳам олийгоҳларда тан олинадиган «кредит тизими» яратилади. 2 йил етарли «кредит» тўплаганлар «2+2» ёки «2+3» дастури асосида ОТМнинг 2 ёки 3-курсларида таълимни давом эттиради.
Президент онкологик беморларга дорилар вақтида етиб бормаслигига сабаб бўлаётган «ўйинлар»ни танқид қилди. «Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли», — деди у. Давлат раҳбари, шунингдек, дориларнинг яширин айланмасига етарли чора кўрилмаётгани ҳақида ҳам гапирди.
6−12 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳароратнинг ўзгариши сабабли 6 та вилоятнинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи эълон қилинди. 7−8 февраль кунлари эса Қамчиқ довонида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши мумкин.
Президент оналар ва гўдаклар ўлимига тўхталиб, «Ҳар бир она ва бола ўлими „фавқулодда ҳолат“ деб баҳоланади ва сўров шунга яраша бўлади», — деди. Мирзиёевнинг ўтган йилги сайловолди дастурида 2030 йилгача бундай ўлимларни камида 2 баробарга қисқартириш режа қилинганди.
Ўзбекистонда 1,5 мингдан зиёд нодавлат мактабгача таълим ташкилотида давлат бюджетини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Айрим тадбиркорлар бунда махсус дастурий ёки аппарат воситаларидан фойдаланган. Ушбу ҳолатлар бўйича маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Ўзбекистонда онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади. Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев ДТМ Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сифатида қайта ташкил этилса-да, ҳалигача абитуриентларни имтиҳон қилиш билан чекланаётганини айтди. Эндиликда профессионал ва олий таълимда касбий кўникмаларни белгилаш ва уларни баҳолашнинг янги тизими жорий қилинади.
2023 йилда Ўзбекистонда вояга етмаганлар томонидан 3500 та жиноятчилик қайд этилди. Уларнинг 2280 таси мактаб ўқувчилари ҳисобига тўғри келди. Президент мактабларда болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларнинг «жиноятга қарши иммунитетини» шакллантириш тизимини яратиш муҳимлигини айтди.
Мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилади. Яқинда уларга қатор қонунбузарликларни содир этганларга нисбатан жазо қўллаш ваколати берилганди.
Шавкат Мирзиёев бош вазирга ижтимоий соҳа вазирлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ўринбосарлари билан бир йиллик шартномалар тузиш, улар учун KPI белгилаш бўйича топшириқ берди. Соғлиқни сақлаш, таълим ва фан соҳаларидаги аҳвол танқид қилинди.
Шавкат Мирзиёев профессионал таълимда масъул идоралар кўпайгани учун ривожланиш бўлмаётганини таъкидлади. «Талабалар учун олийгоҳларда мустақил ишлашга муҳит яхши эмас, айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаяпти». Баъзи чекка қишлоқларда эса болалар боғчаларга тўлиқ қамраб олинмаган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг