Соат 01:00 гача ишлайдиган Тошкент жамоат транспорти, йилда бир марта поездда бепул юрадиган кексалар, байрамни қорсиз кутиб оладиган ўзбекистонликлар, пойтахт ҳавосини бузаётган Аи-80 бензини ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 2023 йил учун сўнгги кунлик дайжестида.
Пойтахтда автобуслар ҳам 31 декабрь куни метрополитен каби (фарқи — ўша куни метродан фойдаланиш бепул) соат 01:00 гача ишлайди. «Тошшаҳартрансхизмат» байрам тадбирлари ўтказиладиган 18 та манзилга олиб борувчи автобус йўналишларини эълон қилди.
2024 йилнинг биринчи чорагида PHEV плагинли гибрид электромобилини тақдим этишни режалаштирмоқда. Моделлар минтақада барқарор энергия самарадорлигини таъминлашга ваъда беради.
Салкам 140 йил аввал, 1885 йилнинг декабрида ака-ука Люмерлар тарихда илк бор катта экранда фильм намойишини уюштирганди. Ҳам шу тарихий воқеа муносабати билан, ҳам байрам дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти жамоаси фильм тавсиялари билан ўртоқлашади.
Ўзгидромет 30 декабрдан 2 январга қадар Тошкент ва Наманган вилоятларининг бир қатор ҳудудларида қор кўчиши хавфини эълон қилди.
Бешта кинопремьера, Янги йил фестивали ва ярмаркалари, байрам концертлари ва спектакллар, кўргазмалар, ижодий маҳорат дарслари ва болалар учун мўлжалланган бир қанча ёрқин тадбирлар — Afisha.uz жамланмасида.
Тошкент — Бухоро йўналишидаги «Афросиёб» электропоезди йўл созловчини босиб кетди. Воқеа жойида ҳалок бўлган ходим шеригининг ишоралари ва поезд сигналини эшитмай қолган.
Ўзгидромет раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев «Дарё»га берган интервьюсида Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ҳақида гапирди. Унга кўра, совуқ ҳавода иситиш тизимлари газдан ташқари мазут ва кўмир билан ишлаган, газ шохобчаларининг ёпилиши эса Аи-80 бензини истеъмолининг ошишига олиб келган.
Январь ойида ҳаво ҳарорати меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даража юқори бўлиши кутилмоқда, деб хабар қилди Ўзгидромет. Йил қуруқ ва илиқ ҳаво билан бошланади. Ҳарорат кечалари қисқа даврга −10…−13 даража совуққача пасайиши мумкин. Ёғингарчилик баъзи жойларда меъёрдан кам бўлади.
Жума кунидан Ўзбекистонга совуқ ҳамда нам ҳаво кириб келади ва ҳарорат 0 даражагача тушади. Дам олиш кунлари ёғингарчиликсиз ўтади ва Ўзбекистон аҳолиси бу йил ҳам Янги йил байрамини қорсиз кутиб олади. 1 январга келиб ҳарорат +13 даражага етади.
Президент қарори билан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади. Реестрдаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга ҳамроҳ шахсга 1 йилда 1 марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар ажратилади.
«Ўзэнергоинспекция»нинг Бухоро вилояти ходими 50 минг доллар пора олишда гумонланиб қўлга олинди. У бир ёнилғи қуйиш шохобчасини қайта очишга, бошқасига эса лицензия олишга ёрдам беришга ва 2024 йилда текширувлар ҳақида хабардор қилишга ваъда берган.
2023 йил Asl Belgisi рақамли маркировка тизими учун самарали бўлди. Асосий ҳаракатлар тизимни ривожлантириш ва мобил иловани такомиллаштиришга қаратилди.
Қамаши туманида Telegram мессенджерида 11 та канал очиб, экстремистик мазмундаги ғояларни тарғиб қилиш билан шуғулланган 21 ёшли фуқаро 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўзбекистонда илк бор паркинсон касаллигига чалинган кекса бемор жарроҳлик йўли билан даволанди. Операция Самарқанд давлат тиббиёт университетининг нейрохирургия кафедрасида туркиялик нейрохирургнинг маҳорат дарси доирасида амалга оширилди.
Фарғона вилоят суди Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан берилган апелляция шикоятини қаноатлантирмади. 1 декабрда блогерни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукм ўзгаришсиз қолди.
Тошкентда бошқарув пайтида сигарет чеккан 87-сонли автобус ҳайдовчиси ишдан олинди. «Тошшаҳартрансхизмат»нинг қайд этишича, у корхонанинг ички меҳнат тартибига амал қилмаган.
Тармоқларда бир эркакнинг боласини турли шаклда қийнагани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани унинг ҳаракатларини ғайриинсоний дея атаб, эркакка нисбатан қийнаш ва ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш айблови бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум қилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вазирликларнинг очиқлик рейтингини тузди. Рақамли технологиялар вазирлиги энг юқори, Маданият вазирлиги эса энг қуйи ўринда қайд этилди. Бунда вазирликларнинг йил бошидан бери 50 та энг кўп ўқиладиган электрон миллий ОАВдаги чиқишлари мониторинг қилинган.
«Докс-1 Макс» иши бўйича 20 ноябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида жиноят иши қўзғатилганидан сўнг дори экспертизаси жараёнларида қатнашган икки эксперт кўрсатма берди. «Газета.uz» жараён тафсилотларини баён қилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг