Пойтахтга янги ҳоким, яқин кунларда зилзила қайта бўлмаслиги, 4 йилга қамалган Қарши шаҳри собиқ ҳокими, референдум ўтказувчи округ комиссиялари таркиби, жарималар бўйича чегирмалар 50 фоизгача оширилгани, айрим товарлар хариди учун қайтариладиган ҚҚС ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкентда 27 мартдан 5 апрелга қадар иссиқ сув таъминотида бир кунлик узилишлар кузатилади. Бу кунларда иссиқлик тармоқлари синовлардан ўтказилади.
36 ёшли хонанда Дилмурод Далиев ўзи билан бирга яшаб юрган аёлни ўлдирганликда гумонланиб, қўлга олинди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, санъаткор аёлга бир неча марта пичоқ уриб, унинг ўлимига сабаб бўлган.
Пойтахтнинг электр энергиясига бўлган 75 фоизлик талабини қондириш мақсадида Тошкент вилоятида умумий қуввати 2400 мегаватли 4 та қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилади. Уларнинг 3 таси Хитой компаниялари иштирокида қурилади.
Қамчиқ довонида калава ип ортилган IVECO русумли юк машинаси кабина қисмида ёнғин содир бўлди. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмади.
Ўзбекистонда яқин кунларда яна зилзила кузатилиши ҳақида тарқалган хабарлар асоссиз. Сейсмология институти ходими Қаҳарбай Абдуллабеков бир ҳудудда бўлган зилзила иккинчисини келтириб чиқармаслиги, фақат унинг ортидан айрим афтершоклар кузатилиши мумкинлигини маълум қилди.
Қурилиш вазирлиги ва First Developing Group компанияси Тошкентдаги Parkent Plaza турар жой мажмуаси фасадининг ёрилишига зилзила сабаб бўлганини рад этди. Ёриқлар 2020−2021 йилларда ёмғир ва сифатсиз ғишт маҳсулотлари туфайли юзага келгани ва компания етказиб берувчини судга бергани маълум бўлди.
2016−2019 йилларда Қарши шаҳрига ҳокимлик қилган Жамшид Фозилов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У Жиноят кодексининг 4 та моддаси билан айбли деб топилди. Шунингдек, 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Вазирлар маҳкамаси қарори билан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа ҳамда парваришлаш нафақаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «проактив шакл»да тайинланади.
Жамият ва давлат тараққиёти, эртасининг қандай бўлиши сифатли таълимга боғлиқ. Ўттиз йилдан ошди — нега ҳамон ўзимиз истаган таълим тизимини ярата олмаймиз? Қачон ва қай тариқа мақсадга эришиш мумкин? «Газета.uz» жавобни таълим эксперти, масъул ходим ва ўқитувчидан эшитишга қарор қилди.
UzAuto томонидан Нурафшонда байрам сайли ташкил қилиниб унда меҳмонлар кўнгилларини шод этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Ўзбекистонда 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Шунингдек, аҳолига берилган ерларда кўчат, уруғ, ўғит ва техника етказиб бериш учун жами 500 миллиард сўм берилади.
Ўзбекистон ва Малайзия ислом молияси бўйича мутахассисларни тайёрлаш доирасида ҳамкорлик қилади. 2023 йил Малайзия Ютара университети ҳузуридаги ислом бизнес мактаби делегацияси Ўзбекистонга амалий сафар уюштиради ва республика мутахассислари учун семинар ҳамда тренинглар ўтказади.
23 мартдан Ўзбекистон бўйлаб таровеҳ намозларини адо этиш бошланди. «Газета.uz» Тошкент, Андижон, Наманган ва Термиздаги масжидлардан фоторепортаж тайёрлади.
Тошкентнинг Олмазор туманида «Исломобод» жоме масжиди очилди. 2019 йилнинг октябрида қурилиши бошланган масжид хонақоҳда 8 минг, ҳовли ва ён-атрофидаги жойлар билан бирга 13 минг кишини сиғдира олади.
U-20 Осиё кубогида ғолиб чиққан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси, чемпионатнинг «Энг яхши футболчиси» деб топилган сирдарёлик Аббос Файзуллаевнинг ота-онасига вилоят аҳли номидан Умра сафарига йўлланма совға қилинди.
Кучсиз зилзила (2−3 балли) Тошкент ва Ўзбекистоннинг яна 4 та ҳудудида сезилди. Тожикистондаги тунги зилзиладан кейин яна бешта афтершок қайд этилди.
Пайшанба куни Тожикистонда зилзила содир бўлди. Унинг кучи Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида сезилиб, 4−5 баллни ташкил этди. Орадан ярим соат ўтиб, афтершок қайд этилди, аммо иккинчи тўлқин Ўзбекистон бўйлаб сезилмади.
Рамазон ойи давомида Тошкентдаги таровеҳ намози ўқиладиган масжидларга ёндош бўлган кўчаларда автомобиллар ҳаракати соат 19:00 дан 24:00 га қадар чекланади.
Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами тантанасида Россия маданият маркази кўргазмаси билан танишар экан «Рус ва Ўзбекистон — улар азалдан бирга бўлган ва абадий бирга бўлади», деди. Шунингдек, у Украина ва бошқа маданият марказларининг кўргазмаларига ташриф буюрди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг