Олий таълим вазирлиги ходима ва талаба қизлардан ўқув муассасаларида содир этилган тегажоғлик, тазйиқ, зўравонлик ва турли ножўя хатти-ҳаракатлар таҳдидига учраганлиги ҳақида 1006 ишонч телефонига ёки @himoya_otv_bot га мурожаат қилишни сўрамоқда.
Ўзбекистонда 2020/2021 — ўқув йили бошида 571,5 минг нафар талаба ОТМларда таълим олмоқда. Улардан 311,5 минг нафари йигитлар, 260 минг нафари қизларни ташкил этган.
ИИВнинг маълум қилишича, виза муддати тугаган Афғонистон фуқаролари ўз юртиги қайтариб юборилмайди, чунки жисмоний шахслар учун чегаралар ҳозирча ёпиқ. Бундан ташқари, вазирлик республикада бўлиб туриш қоидаларини бузмаётган хорижликларнинг визалари қоидага кўра узайтирилишини қўшимча қилди.
Ҳукумат қарори билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлганида кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, никоҳ тузилган ҳолларда эса, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Уларга уй-жойга кўчиб кириш учун асос бўладиган ордер берилиши ҳам белгиланмоқда.
Ўзбекистон ва Россия меҳнат вазирликлари меҳнат мигрантларини ташкилий ёллаш тўғрисидаги тартибни соддалаштиришга келишиб олишди.
Чироқчида Nexia автомобилига ўрнатилган газ баллон портлаши натижасида 2 киши оғир тан жароҳати олди.
Педагогика университетида декан ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилгани айтилаётгани, тўртта туман ҳокими ўтиб кетган кунга йиғилиш чақириш тўғрисида қарор чиқариши, Сенаторлар жамиятлар вакиллари билан учрашуви — «Газета.uz»нинг 27 октябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Суд нотўғри ташхис қўйишда айблаб, поликлиника шифокорини калтаклаган наманганлик фуқарога 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Унинг акаси ҳам тиббиёт ходимига куч ишлатганликда айбли деб топилди ва у 144 соат мажбурий жамоат ишлари билан жазоланди.
Саида Мирзиёева Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди. «Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз», — дейди у. Қўшимча қилинишича, «айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт».
БМТ Қочқинлар ишлари бўйича бошқармасининг инсонпарварлик ёрдами мамлакат ҳукуматининг уни олиб киришга рухсат бермагани сабабли ҳозирча Термиздан Афғонистонга етказилгани йўқ.
Яккасарой туманида Lacetti автомашинаси ҳайдовчиси йўл четида тўхтаб турган Mercedes-Benz автобуси билан тўқнашиб кетган ва олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Самарқанд вилоятида 10 кунда ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этган. Уларнинг 5 нафари вояга етмаган болалардир. Яна 1 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шунингдек, вилоятда октябрь ойининг бошидан буён 128 та аҳоли уйларида турли кўламли ёнғинлар содир бўлган.
Меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш мақсадида «Юнистрим» банки касаллик ёки жароҳат туфайли даромадини йўқотганлар учун бепул суғуртали дебет картасини чиқарди.
2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ХТВ тизимидаги таълим муассасаларида 76,5 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 16 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад ҳолатлари аниқланган.
Олий таълим вазирлиги Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеани назоратига олди. Вазирлик ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жабрланувчи қизнинг саломатлигини ўз назоратига олди.
Миробод туманида Matiz автомашинаси йўл четида турган пиёдаларни уриб юбориб, ағдарилиб кетган. Оқибатда 3 нафар пиёда тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Йўл четида турган автомобилларга ҳам зарар етган.
Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари сенаторлар рад этган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллашни сўраб, Сенатга мурожаат қилган эди. Шундан сўнг, сенаторлар Одилжон Иминов ва Эркин Гадоев жамиятлар раҳбарлари билан учрашди. Таъкидланишича, «учрашувда қонун имконияти чекланган шахсларга тўғридан-тўғри имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутмаслиги тушунтирилган». Қолаверса, ҳужжатни қайта ишлашда ҳамкорлик қилиш таклиф этилган.
Япония гуманитар эҳтиёжларнинг ўсиб бораётганлиги сабабли Афғонистон ва қўшни мамлакатларга 65 млн доллар миқдорида фавқулотда грант ажратади. Шундан 200 минг доллари Ўзбекистонга берилади.
Алимент тўламаганлиги сабабли транспорт воситасини ҳайдашга чекловлар ўрнатилиши мумкин. Бошқариш ҳуқуқи чекланган фуқароларнинг реестрини шакллантириш ва қарздор томонидан транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари Халқ депутатлари туман кенгаши мажлисларини ўтиб кетган кунга чақириш тўғрисида қарорлар қабул қилишган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг