«Hududgaz Jizzax» газ таъминоти филиали ходимлари тадбиркорнинг 384,6 млн сўмлик қарзини пора эвазига камайтириб бермоқчи бўлган. Улар пора олган вақтида қўлга олинган.
Тошкент шаҳрида ўзини метро поезди остига ташлаган эркак Сирдарёнинг Сардоба туманидан бўлган. У воқеа жойида вафот этган.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўзининг талабалик йиллари, илгари ОТМга ҳужжат топширишда кузатилган қийинчиликлар, талабалар ўртасидаги маҳаллийчилик, пул топиш учун қора иш қилишга тўғри келгани ҳақида сўзлаб берди. Қолаверса, сессияда фанларни ёпиб юрган йилларини эсга олар экан, 5 баҳо эвазига 4 «тележка» сомон ташиттирган устозини университетга ректор бўлгач, иккита шарт билан ишга олганини айтди.
2-курсдан ишлаши кутилаётган талабалар, эвакуация қилиш режаси тузилаётган Украинадаги ўзбекистонликлар, Киевга учадиган иккита рейсни бекор қилган Uzbekistan Airways, 100 МВт қувватли шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйган президент, Украинада жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилган ТИВ ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 24 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент метросининг Мирзо Улуғбек станциясида эркак киши ўзини поезд остига ташлади. Натижада бир йўналишда ҳаракат тўхтаб қолди.
«Газета.uz» Россия эрта тонгдан ҳарбий босқин бошлаган Украинада яшовчи аҳоли билан суҳбатлашди. Мақола қаҳрамонлари — баъзилари аноним, баъзилари эса ҳақиқий исмлари билан — ўз шаҳарларида содир бўлаётган воқеалар ва маҳаллий ҳокимият томонидан қандай чоралар кўрилаётганини сўзлаб беришди.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ростов-на-Дону ва Краснодар аэропортлари ёпилгани муносабати билан ушбу шаҳарларга парвозларни бекор қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан, Россиянинг Украинага яқин ҳудудларида жойлашган ОТМлар талабалари учун хавотирланишга сабаб ва асослар йўқлигини маълум қилди. ТИВ агар фуқароларга таҳдид бўлса, ўз вақтида чоралар кўрилиши ва улар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ростов-Дондаги бош консулхонасига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини билдирди.
Президент қарори билан ҳарбий хизматга яроқли Ўзбекистон фуқаролари март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Мудофаа вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур қарорнинг Украинада бўлаётган вазиятлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга мурожаат қилиб, ўқишни Ўзбекистонда туриб масофавий шаклда давом эттиришни тавсия қилди.
Адлия вазирлиги 2021 йилда қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича таълим муассасаларига 8,2 мингта, ҳокимликларга 2,6 мингта, соғлиқни сақлаш муассасаларига 1,5 мингта тақдимнома киритди. Ўрганишлар давомида Андижон вилоятида ишсизлик нафақаси бўйича жами 1,3 млрд сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланган.
Шавкат Мирзиёев Беруний туманидаги йиғилишда ҳудуддаги раҳбарлар умуман ишламаётганини танқид қилди. Сўзи давомида давлат раҳбари фаолиятига масъулиятсизлик билан ёндошгани учун ишдан олинган 10 нафар самарқандлик амалдорни мисол қилиб кўрсатди. «Уларнинг кўзларига қарадим, ҳаммаси мудраб ўтирибди, ишламаган», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилишига тамал тошини қўйди. «Тасаввур қилинглар фарзандларимиз, неваларимиз бундай лойиҳадан қандай манфаат кўради. Бу бир йиллик эмас, йилларга татийдиган лойиҳа», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қорақалпоғистонда ташриф билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб бораётганини таъкидлади. «Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.
Uzbekistan Airways 27 февраль ва 2 март кунлари амалга оширилиши режалаштирилган иккита мантазам HY-3731/3732 Тошкент — Киев — Тошкент рейсларини бекор қилди.
Украинадаги вазият кескинлашганини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режаси ва мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар рўйхатини тузиб чиқмоқда.
Жиззах вилоятида фуқарони Туркия, Италия ёки Мексика орқали АҚШга олиб ўтиш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахс 20 минг доллар олганида ушлангани айтилмоқда. Фарғона вилоятида эса фуқарони Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилганликда гумонланган шахс қўлга олинган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ОТМларда 2 курсдан бошлаб ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини маълум қилди. «Ишлаганда ҳам ўзининг соҳасида ишласин. Мен буни ҳурмат қиламан», — деди у. Қолаверса, ОТМларда таълим жараёни 70 фоиз амалиётга ўтиш кераклиги таъкидланди.
Чоршанба куни Ўзбекистонда 140 нафар фуқаронинг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани қайд этди. Шунингдек, кун давомида 24 кишида пневмония аниқланди.
Uzbekistan Airways 24 февраль куни Наманган — Краснодар йўналиши бўйича HY-9825 рейси Россиянинг Ростов вилояти ҳаво майдони йўловчи самолётлари учун ёпилгани сабабли ортга мажбурий қайтаётганини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг