Қисқа таътилга чиққан Шавкат Мирзиёев, умра сафарларига тайёргарликнинг бошланиши, хорижга чиқиш паспортини беришни бошлаган ДХМ, Бухорода ишга тушган ИЭС, имтиҳон харажатларини қайтариб олган ёшлар статистикаси ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 5 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
«Uzbekistan Airways» 6 январга мўлжалланган Нукусдан Актобега ва Тошкентдан Олмаотага авиарейсларни бекор қилди. Парвозлар қачон тикланиши ҳозирча маълум эмас.
Uzbekistan Airways компанияси талабаларга қулайлик яратиш учун 7−9 январь кунлари Урганч, Бухоро, Наманган, Қарши ва Нукус шаҳарларидан Тошкентга қўшимча рейслар ташкиллаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2022 йилги умра саёҳати мавсумига тайёргарлик бошланганини маълум қилди. Муфтий Нуриддин Холиқназаров Саудия Арабистонидаги «Abu Sarhad» ҳамкор ширкати билан бу ҳақда шартнома имзолади. Навбат асосида белгиланган тўловларни амалга оширган, тегишли вакцинани олган ва Саудия Арабистонининг карантин талабларини бажарган фуқаролар тартиб билан сафарга жўнатилади.
Эндиликда ички ишлар бўлимларидан ташқари, айрим давлат хизматлари марказларида ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш мумкин. Йил охирига келиб, бундай имконият барча ДХМларда пайдо бўлади.
1 майдан бери 2848 нафар ёшларга халқаро имтиҳонлар учун харажатлари компенсация қилинди. Бунда жами 5 млрд 218 млн сўмдан ортиқ харажат қоплаб берилган. Компенсация олганларнинг қарийб 92% IELTS имтиҳонини топширган. Ҳудудлар бўйича энг кўп компенсация Тошкент шаҳри ёшларига тўланган.
«Uzbekistan Airways» компанияси Оқтовга парвозлар бекор қилинганини маълум қилди. Бу Оқтов халқаро аэропортининг халқаро парвозларни қабул қилишни ва амалга оширишни ёпганлиги билан боғлиқ.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасига асосан, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш тартиби бекор қилиниши кутилмоқда. Унга кўра, апрель ойигача «Е-патруль» тизими жорий этилиб, барча маълумотлар жойида текширилиши кўзланган. Стратегия лойиҳасида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш ва рўйхатга олиш учун «Е-ҳуқуқбузарлик» ягона ахборот тизимини ташкил этиш ҳам таклиф этилган.
Ўзбекистон темир йўллари Самарқандда 31 декабрь куни фойдаланишга топширилган автомобиль-трамвай туннели деворларидан сув сизиб чиқаётганига изоҳ берди. Таъкидланишича, бу лотоклар тиқилиши оқибатида юзага келган. «Туннель деворлари орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди», — дейилади хабарда.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасига асосан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қайта ташкил этилиши кутилмоқда. Энди у Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлади. Қолаверса, 2022 йилда Ахборот кодекси ҳам ишлаб чиқилади. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети эса АОКА таркибига ўтказилади.
2021 йилда коронавирусга қарши 39,2 млн доза вакцина қўлланилган. Жумладан, 13,5 млн нафардан ортиқ фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ эмланди. Вакцина олганларнинг энг катта қисми Самарқанд вилоятида.
Тошкентнинг Махтумқули кўчасида маст ҳолдаги Matiz ҳайдовчиси қарама-қарши йўлдаги 2 машина билан тўқнашув содир этди. Бунинг оқибатида жароҳатланган 7 кишининг 3 нафари ёш болалар. Улар орасида травматик шок ташхиси қўйилган чақалоқ ҳам бор.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилди. Унинг доирасида ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар бўйича алоҳида маълумотлар базаси яратилиб, барча «дафтарлар» ижтимоий ҳимоя ягона реестрига бирлаштирилади. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг 3 ёшгача бўлган болалари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар бериш дастури қабул қилинади.
5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистон Россиянинг — Самара, Астрахань, Тула, Калининград ва Нижний Новгород, Қозоғистоннинг — Чимкент, Чехиянинг — Прага, Канаданинг — Оттава, Корея Республикасининг — Пусан шаҳарларида Бош консулхона очиши кутилмоқда.
2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, 1 январдан бошлаб автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинди. Ҳозирга қадар янги автомобиль харид қилинганда шартнома нархининг 3 фоизи миқдорида йиғим тўланарди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг собиқ раиси Қаллибек Камаловнинг турмуш ўртоғи, Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камаловнинг онаси Любовь Камалова 95 ёшида оламдан ўтди.
Ҳафта давомида Каспий денгизининг жанубидан нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига республика бўйича ёмғир, шимолий ҳудудларда эса қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат эса +11…+16 даража илиқ атрофида бўлади.
1 январь куни соат 13:00 ларда Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 «Термиз-Тошкент» автомобиль йўлида Cobalt машинаси бетон тўсиққа урилган. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи вафот этган.
Шаҳматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти, икки хонали уй калити ва 250 млн сўм пул маблағи топширилди. Унинг мураббийлари Жаҳонгир Воҳидов ҳамда марҳум Дмитрий Қаюмовнинг оиласига 100 млн сўмдан берилди. Нодирбекнинг отаси жаҳон чемпионини тадбирма-тадбир овора қилмасликни сўраб, у ҳали кўп меҳнат қилиши кераклигини айтди.
Қуюқ туман сабабли Урганч ва Нукус аэропортлари якшанба кунидан буён парвозларни қабул қилмаяпти. Йўловчиларга парвоз вақтини алоқа марказидан ёки онлайн жадвал орқали аниқлаштириш тавсия этилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг