Талабаларга ижара тўловининг 50 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш тартибига оид президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 1 бараваридан, бошқа ҳудудларда 0,5 бараваридан ошмаслиги керак.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида қўйларни олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетди. Қутқарувчилар машинадан 130 бош зотдор қўйни қутқара олишган, ҳайвонларнинг бир қисми нобуд бўлган. Машина ҳайдовчиси жабрланмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Самарқандга ташрифи чоғида Пахтачи туманида физика-математикага ихтисослашган мактаб ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур туманга бориб, мавжуд имкониятларни ўрганди. Мактаб собиқ Пахтачи автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилади.
Спортчи Мурод Хонтўраев президентнинг куёви Отабек Умаров ҳақидаги турли хабарларга ишонмасликни ва ҳозирда унинг саломатлиги яхши эканлигини айтди. «Кайфиятлари зўр. Лечение олиб, Рамазонни ўтказиб келадилар», — деди у.
Яккабоғда 30 ёшли эркак хотини, қайнонаси ва икки нафар ёш болани пичоқлаб ўлдирган эди. Мазкур шахсга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
«Миллий тикланиш» фракцияси раиси Алишер Қодиров давлат тили тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳеч қайси миллат вакилини камситмаслигини, «лекин бу меҳрибонлик ўзимизни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак"лигини таъкидлади. Депутат Расул Кушербаев масала фақатгина давлат тилида иш юритиш ҳақида кетаётганлигини эслатди. «Кўп миллатли мамлакатда давлат тили масаласини фақат қайсидир миллат тақдири билан боғлайвериш нотўғри», — дейди у.
«Номи матбуот бўлгани, унинг устига миниб олса ҳам бўлади дегани эмас», — деб ёзди Комил Алламжонов. Давлат идораси ходимларининг ОАВ фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга босим ўтказиши ноқонуний, дея таъкидлади у.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирлари карантин талабларига мувофиқ ўтказилади. Тошкентда байрамона салют бўлиб ўтади. Урушнинг эҳтиёжманд иштирокчиларининг уйлари таъмирланади. Уларни парвариш қилиш ва ёрдам бериш мақсадида патронаж хизмати йўлга қўйилади.
2020 йилда коррупцион жиноятларнинг асосий сабаблари моддий манфаатдорлик (30%), бюрократик тўсиқларнинг мавждулиги (28%) ва ижтимоий таъминланмаганлик ёки адолатли меҳнат шароити йўқлиги (12%) каби омиллар бўлган.
Якшанба куни бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унга ҳокимиятлар, вазирлик ва идоралар ходимлари жалб қилинган. Меҳнат вазирлиги вазиятга муносабат билдирди ва идораларга дам олиш кунида ишга жалб қилингани учун қўшимча иш ҳақи тўлаш тўғрисида огоҳлантириш юборилганини маълум қилди.
Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 млн сўмдан берилади.
Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида ўтган йилгига нисбатан бир поғона пастлаб, 157-ўринни эгаллади. Ушбу рейтингда Норвегия кетма-кет бешинчи йил етакчига айланмоқда. Энг охирги, 180-ўринда эса Эритрея мамлакати турибди.
Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди. Университет ИИВ, Миллий гвардия ва Қуролли Кучларнинг бир қанча йўналишлари учун кадрлар тайёрлайди.
Самарқанд вилоятида уч ойда 1477 та ҳолатда экологияга оид қонун ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолати аниқланди. Бу бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли баённомалар тузилиб, 748,4 млн сўм жарима ва 279,9 млн сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланган.
Қирғизистоннинг Ўш вилояти аҳолиси расмийларнинг Кампир-Обод сув омбори яқинидаги 50 гектар майдонни Ўзбекистонга бериш режаларига қарши чиқишмоқда. Улар билан учрашган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев яна музокаралар учун Тошкентга боришга ваъда берди.
Тошкент шаҳрининг «Водник» даҳасидаги болалар майдончасида 8 ёшли боланинг ўлими бўйича жиноий иш қўзғатилди. Маҳкамланмаган арғимчоқ устуни боланинг устига қулаб тушган. Отасининг таъкидлашича, ободонлаштириш хизмати ходимлари ободонлаштириш ишлари пайтида майдонни тегишли меъёрлар асосида тўсишмаган.
Туризм ва спорт вазирининг таъкидлашича, «Самарқанд туризм салоҳиятининг кўпи билан 5 фоизидан фойдаланаяпмиз». Бунинг учун янги аэропорт қурилаётгани ва йилига 1,5 млн йўловчига хизмат кўрсатиши айтилди. Азиз Абдуҳакимов Uzbekistan Airways`нинг қиммат парвозлари муаммоси Самарқанд халқаро аэропортига очиқ осмон мақоми берилиши билан ҳал қилинишини таъкидлади. «Самарқанд халқаро аэропорти очилса, нархлар тушади», — деди у.
Президент қарори билан Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилади. Шу билан бирга, Академиянинг Нукус филиали ташкил этилмоқда.
Тошкент метрополитенида жамоат тартибини бузган ҳолда тўй қилиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаган шахсларга БҲМнинг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Тошкент вилоятида 18 та умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари орасида коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқланди. Шу сабабдан туманлардаги бир қатор мактабларда ўқув жараёнлари масофавий шаклга ўтказилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг