Фарғона вилоят судида 22 нафар «Сўх воқеалари» иштирокчиларига нисбатан суд жараёни якунига етиб, суд ҳукми ўқилди. Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича айбдор деб топилиб, 5, 4 ва 2 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда озодликни чеклаш жазолари тайинланди.
«Ўзкомназорат» томонидан таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини сақлаш қоидаларини бузган маълумотлар базаси эгалари ёки операторларига жарима солинади ва бундай сайтларнинг иши чеклаб қўйилади.
Илк бор судьялик лавозимига тайинланиш учун ўтказилган очиқ танловда 172 нафар номзоддан 73 нафари судьялик лавозимига номуносиб деб топилди. Шунингдек, 2020 йилда 27 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Етти нафар судья эса коронавирус туфайли вафот этган.
2021/2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриати таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,6 млн нафар абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, маълум қилинишича, тест синовлари бу йил ҳам стадион ва ҳиёбонларда ўтказилиши мумкин.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида кучли шамол эсиши оқибатида банк биносининг томи қулаб тушди. Бир неча маҳаллаларда электр таъминоти узилган.
Тошкентда йил охиригача 629,4 мингдан зиёд газ истеъмолчиларига «ақлли» газ ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Шанба куни Ўзбекистон бўйлаб ёмғир ёғиши кутилмоқда, момақалдироқ бўлиши ва шамол тезлиги 17−22 м / с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат +10… +15 даражагача пасаяди.
Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми Лос-Анжелесда (АҚШ) Халқаро Осиё кинофестивали мукофотига сазовор бўлди.
Нурмат Отабеков сўнгги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони ортгани хақидаги кўрсаткичлар «вакцинацияга ундаш экани» ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди. «Эмлашга жалб қилиш учун атайин касаллик бўрттириб кўрсатиляпти, деган гапларда мантиқ йўқ», — деди у. Бундан ташқари, Баҳодир Юсупалиев вакцинация пайтида ножўя таъсирлардан суғурталаниш масаласига тўхталиб ўтди.
Андижон туманида тиббиёт бирлашмасига қарашли бинода ёнғин чиқди. 100 кв. м майдон, том ва шифт ёнган, 20 бемор эвакуация қилинган.
Нурмат Отабеков 5 март куни Зангиотадаги шифохонага коронавирус инфекцияси ташхиси билан етказилган ва 7 март куни вафот этган бемор тўғрисидаги хабарга изоҳ берар экан, СВВ ушбу ўлим ҳолати чиндан ҳам коронавирус билан боғлиқ ёки йўқ эканлиги натижасини кутаётганини маълум қилди. «Ўлимлар сонининг 622 та ёки 623 та бўлиши, бу — жиддий об-ҳаво яратмайди», — деди у.
СЭС раҳбари Баҳодир Юсупалиев фуқаролар бирор вакцинани олишга мажбур эмаслигини маълум қилди. «Биз фуқароларимизни бирор вакцинани олишга мажбурламаймиз. Улар истаган вакцинаси билан эмланиши мумкин», — дейди у.
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони ошгани муносабати билан карантин қоидаларини қўпол равишда бузаётгани учун жаримага тортилаётганлар сони ошди. Шу вақтгача кунлик 200−300 кишига чора кўрилган бўлса, 16 март куни улар сони 400 нафарга етди. Карантин чоралари жорий этилган вақтдан буён эса қарийб 900 минг кишига чора кўрилди.
Тошкентда 660 минг дозали AstraZeneca вакцинасини Ўзбекистонга топшириш маросими бўлиб ўтди. Оммавий эмлаш Наврўздан кейин бошланади. ЖССТ вакили AstraZeneca’нинг COVID-19 ни олдини олишдаги афзаллиги уни ножўя таъсирларидан кўпроқ эканлигини маълум қилди.
Олмазор тумани ҳокими ўринбосари — «Ёшлик» шаҳарчаси ҳокими лавозимига Зиёдулло Саъдуллаев тайинланди. У бунга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқида бир қатор лавозимларда ишлаган.
Навоийда фуқаро бошқа бир тадбиркорга тегишли ерни $150 мингга сотишга уринди. У келишилган пулдан 70 минг долларини олганида ушланди. Унга нисбатан ЖКнинг фирибгарликка оид моддаси билан жиноят иши очилди.
Тошкентда катта ҳажмли сув қувурларида режали профилактика-таъмирлаш ишлари ўтказилиши муносабати билан 29 мартдан 8 июнгача босқичма-босқич ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилади. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ ўчирилиш вақтлари ва жойлар рўйхатини эълон қилди.
Газ тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 17 март куни Тошкентнинг Яшнобод ва Сергели туманларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
Қўқон давлат педагогика университетида талабалар ҳақида маълумот олиб, уларнинг манзилларини харитада кўрсатиб берадиган мобил илова яратилди.
Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 киши устидан давом этаётган суд жараёнида барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг