Истанбул ва Тошкент ўртасида ободонлаштириш соҳаси бўйича меморандум имзоланди. Шаҳарлар гул ва кўчатларни экишнинг янги технологиялари, йўл қурилиши, кўприкларни сақлаш бўйича ҳамкорлик қилади.
Японияда Олимпия машъаласи эстафетаси старт олди. У мамлакатнинг барча 47 префектураларида бўлиб ўтади ва Токиода тугайди.
Бўстонлиқ тумани «Амирсой» дам олиш масканига олиб борувчи йўлнинг 19−20 пикетида йўл чўкиш ҳолати кузатилди. Транспорт ҳаракати тўхтатилиб, дам олишга бормоқчи бўлганлардан сиҳатгоҳ томон ҳаракатланмаслик сўралмоқда.
Самарқандда деярли 1700 ўринли янги мактаб фойдаланишга топширилди. Бу вилоятдаги энг йирик мактаб ҳисобланади. Мактабда 60 та ўқув хонаси, иккита спорт зали, шунингдек, футбол, волейбол майдонлари ва теннис корти мавжуд.
Бухоро ва Жиззах нефть базаларида молиявий интизом бузилганлиги — камомад ва ходимларга асоссиз тўловлар, шунингдек, дебиторлик қарзлари (33 млрд ва 35 млрд сўмдан ортиқ) аниқланди.
Долларнинг расми курси 11,48 сўмга кўтарилди ва жами 10 507,68 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари эса бироз пасайди.
Янгиҳаёт туманида 8 ойлик чақалоғини 10 минг AҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл ушланди.
Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Facebook сайтида Ўзбекистон президентининг сохта аккаунтини рўйхатдан ўтказиб, ўзини президент Администрацияси раҳбари деб таништирган. Шу билан бирга, одамларга муаммоларини маълум миқдордаги пул эвазига ҳал қилишда ёрдамни таклиф қилган.
Наврўз куни ярим-яланғоч ҳолда сумалак пиширган олти аёл маъмурий жавобгарликка тортилди. Улардан уч нафари 15 суткага қамалди.
UzAuto Motors янгиланган Chevrolet Equinox ва Chevrolet Tracker моделларини сотувга чиқаришни бошлади.
Навоий вилоятида аёл 3 нафар қиз фарзандини темир йўл изига олиб чиққан. Поезд урилиши натижасида аёл олган тан жароҳатидан вафот этди, 2016 йилда туғилган фарзанди шифохонада даволанмоқда.
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланади. Олиб келинган вакцина (AstraZeneca) билан 330 минг аҳолини икки маротаба эмлаш кўзда тутилган.
Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ташкил этилиши мумкин. Бу борада президентнинг қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжат билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ва шунга мойиллиги бор шахсларга кўмаклашиш тизимини қайта ташкил этиш мақсад қилинган.
1 июндан 18 турдаги маълумот ва ҳужжатнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди. Шунингдек, 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришни яшаш жойидан бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.
Қаршидаги 1-мактабнинг юқори синф ўқувчиларидан бири синфда пешоб қилди, синфдоши эса уни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Ўқувчининг ота-онаси маъмурий жавобгарликка тортилди. Улардан бири Қашқадарё прокуратурасида ишлаши маълум бўлди.
Хоразм вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида болалар юпун кийимларда иштирок этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, ходимларга интизомий чора кўрилиши маълум қилинди. Масъул ташкилот тадбир куни об-ҳаво иссиқ бўлганини таъкидламоқда. Бироқ суратда мутасаддилар болаларга қараганда иссиқроқ кийимда эканлигини кўриш мумкин.
Андижон шаҳрида 3 та Lacetti ва Labo иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳодиса оқибатида Labo ҳайдовчисига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Эндиликда Тошкент ҳудудида Yandex Go хизмати учун тўловларни UzCard ва Humo, халқаро Visa ҳамда Mastercard карталари ёрдамида амалга ошириш мумкин.
Синоптикларнинг хабар беришича, 23 март куни бир қатор вилоятларда ёмғир ёғади. Мамлакатда ҳафтанинг ўрталарида илиқ об-ҳаво ҳукмронлик қилади, аммо жума кунидан яна ёғингарчиликлар кутилмоқда.
Президент физика таълими сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади. 175 та мактабда физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар очилади. «Баркамол авлод» мактабларида «STEM-клублар» ташкил этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг