Адлия вазирлиги мутахассиси қоидабузар ҳайдовчиларни тасвирга олиб, пул ишлаётганларни ватанни ҳам сотишга тайёрликда айблаган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг мулоҳазаларига жавоб қайтарди. «Ҳуқуқбузарликнинг олдини олувчиларга „сотқин“ дея тамға босиладиган бўлса, мен уларга қарши „сотқин“ бўлишга тайёрман ва бундан ғурурланаман», — деди Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шохидахон Юлдашева
Тошкент вилоятида аҳоли гавжум бўладиган бозор ва савдо мажмуалари, жамоат жойлари ва жамоат транспортларида карантин қоидаларига риоя қилиш устидан назорат кучайтирилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари Малика Қудратхўжаева «учта туманда карантин қоидаларига масъулиятсизлик билан ёндашиш касалликнинг кенг тарқалишига олиб келган» деди. У карантин талабларини бузганлиги тўғрисида мисоллар келтирди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасида кўрсатилмаган беморлардан бирининг ўлими ҳақида хабар берди.
Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сўнгги кунларда сезиларда равишда ошди. Жумладан, 14 март куни жами 111 та, 15 март куни 65 та янги ҳолат қайд этилган. Шу сабаб чекловлар қисман қайта тиклана бошлади. Twitter тармоғи фойдаланувчилари эса бунга ўз муносабатини билдирди. Хушнудбек Худойбердиев «эрта-индин 650 мингта вакцина келишини» айтган бўлса, бошқа бир фойдаланувчи буни «вакцинани сотишга тайёргарлик шекилли», дея ҳазилга йўйган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча бошқарма ва ташкилотлар, туман ҳокимликларида йиғилиш ва мажлислар ташкил этиш ҳамда ўтказиш вақтинчалик тақиқланди.
Тошкентда оммавий маданий тадбирлар ва тўйларда карантин талабларига риоя этилиши бўйича назорат кучайтирилади. Агар вазият 1 апрелдан ёмонлашса, улар вақтинча тақиқланиши ҳам мумкин.
Коронавирусга қарши кураш бўйича пойтахт штабининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қурилиш объектларида ва таксиларда карантин чекловларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган ниқобли тартиб бекор қилинмаган. Карантинли шароитда ниқобсиз бўлганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 млн 225 минг сўм) миқдорда жарима солинади, деб огоҳлантирди Адлия вазирлиги матбуот котиби.
Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли жами енгил автомобиллар сони 2,7 млн ни ташкил этмоқда. 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ҳар 100 нафар доимий аҳолига ўртача 8 та енгил автомобиль тўғри келмоқда.
Тошкентлик аёл Навоий вилоятида туғилган 23 ёшли қизни аввалига, пойтахтга ишга олиб келиб, кейинчалик Туркияга олиб кетгани аниқланди. Навоий вилояти ИИБ ходимлари ўтказган суриштирув натижасида аёл ўз қарзини тўлаш учун қизни Туркияда яшовчи шахсга сотиб юборгани маълум бўлди. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги Гиссарак ва Тўполон тўғонлари хавфсизлигини баҳолаш учун АҚШдан ҳарбий муҳандислар корпусининг экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга келди.
Қуйи палата депутати кўчаларда одамларнинг қоидабузарликларни телефонга суратга олиши ва бунинг эвазига рағбатлантирилиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. «Уларга 10−15 минг сўм бераяптими, эртага 100 минг сўм бериб, ватанингни сот, деса ҳам сотворишга тайёрлар кўп экан. Бу жуда ёмон», — деди у. Кушербаев қоидабузарларни аниқлашдан олдин инфратузилмани яхшилаб қўйишга кераклигини қўшимча қилди.
Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари 500 грамм «опий» гиёҳвандлик воситасини 5 минг долларга сотаётган шахсни қўлга олди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Нишон туманида 4та МЧЖ томонидан 713 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди. Улар 64 нафар фуқарога жами 80,1 сотих ер майдонида иссиқхоналар қуриб бериши лозим бўлган. Гумондорларга нисбатан ЖКнинг 167-, 184-, 189-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
16 мартдан Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги мактаблар онлайн ўқиш режимига ўтказилади. Бунга ўқувчи ва ўқитувчилар орасида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатининг кескин ошгани сабаб бўлган. Ўқиш жараёнлари бир марталик карантин муддатига масофавий тарзда амалга оширилади.
Қурилиш вазирлиги Навоий вилоятида ноқонуний равишда қурилаётган бинолар ҳақида маълум қилди. Қурилаётган биноларда ҳудудий инспекцияни хабардор қилмаслик, техник ижро ҳужжатлари юритилмаганлиги ҳолатлари аниқланган.
Санитария ва эпидемиология Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари пойтахтда коронавирус билан касалланиш сони, айниқса мактаб ўқувчилари, талабалар, ташкилот ва муассасалар ходимлари орасида кўпайганлигини маълум қилди. Туман бўлимларига пандемия бошланганидан буён 106 ўқувчида аниқланган мактабларда карантин талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича кўрсатма берилди.
Самарқандда ўз танишининг уйига ўғриликка тушган фуқаро хонадон эгасининг икки нафар фарзандини ўлдириб қўйди. У болаларни алдаб, ўз уйига оборган ва белкурак билан бош қисмларига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг, уларнинг жасадларини ёқиб юборгани айтилмоқда. Унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Баҳорги таътил 20 дан-28 мартгача давом этади. 29 мартдан ўқув йилининг 4-чораги бошланади.
Ҳафтанинг иккинчи ярми бошидан Эрон ҳудудларидан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши бошланади ва ҳаво ҳарорати кескин кўтарилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг