Махсус комиссия томонидан Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги авиақатновларга жорий этилган чекловлар бекор қилинди.
Самарқанднинг асосий сайёҳлик ҳудудларида 2022 йилда ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш учун 300 мингга яқин манзарали дарахт ва буталарни экиш режалаштирилмоқда.
Ҳукумат қарори билан, 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилади. Расмий веб-сайтлар, маҳаллий ОАВ, интернет сайтлари, расмий ҳужжатлар ва иш қоғозлари ҳам тўлиқ лотин ёзувига ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокама учун ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида эълон қилиниши керак бўлади.
Абдужаббор Эгамбердиев Андижон тумани ҳокими вазифасига тайинланди. Тайинловдан аввал у вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.
Фарғона вилояти «Ермулккадастр» Бағдод туман филиали собиқ мутахассиси ўзини ҳалиям кадастрда ишлашини айтиб, фуқарога 8 гектар ер олиб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига эса 8 минг долларни олган вақтида қўлга тушади.
Давлат божхона қўмитаси ҳамда ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда 6 кгдан кўпроқ гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи бўлган жиноий гуруҳлар қўлга тушди. Оғулар хориж давлатидан сотиш мақсадида келтирилгани аниқланди.
Наманган шаҳрида 20 ёшли йигит бошқарувидаги Lacetti катта тезликда реклама устунига бориб урилди. Бунинг оқибатида, ҳайдовчи ва машина ичидаги икки нафар йўловчи воқеа жойида вафот этди.
Бош прокуратура баёнотига кўра, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг иши бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмади. Бундан ташқари, блогер устидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушгани айтилмоқда.
Элёрбек Набижонов Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими вазифасига тайинланди. Тайинловдан аввал у Қўрғонтепа тумани «Khantex Group» МЧЖ кузатув Кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган.
Махамаджон Нишонов Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланди. Бундан аввал, у вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари-ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.
Абдуқодир Тошқулов олий таълим муассасалари ислоҳ қилиниши, бунинг учун эса уч ой вақт кераклигини маълум қилди. «Умуман олий таълим муассасасида нима ёқмаган бўлса ҳаммаси ислоҳ бўлади», — деди вазир.
ИИВ сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг жиноий иши бўйича терговга аралашганлик учун жавобгарлик тўғрисида «ижтимоий тармоқ фаолларини» огоҳлантирди. «Қонун устуворлиги ҳақида бонг ураётган ижтимоий тармоқ фаолларидан юртимиз қонунчилигини ҳурмат қилишларини талаб қиламиз», деди ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов.
Зойир Мирзаев Қашқадарёдаги 15 та ҳоким ва уларнинг ўринбосарларига янги хизмат машинаси сотиб олишни тақиқлади. У фақат яқинда тайинланган вилоят ҳокими ўринбосари Баҳром Юсуповга рухсат берилганини қўшимча қилган.
Андижон вилоятида 7 қаватли уй қуришга рухсат олган тадбиркор яна бир қават қуриб олгани аниқланди. Ноқонуний қурилиш тадбиркор ҳисобидан бузилмоқда. Бундан ташқари, қурилишдаги техник назоратчининг қурилиш бўйича маълумот ва тажрибаси йўқлиги, савдо йўналишида фаолият юритиши маълум бўлди.
«USM Telecom» ва МегаФон Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда Ucell ва USM холдинги ўзбек активлари — CRPT Turon ҳамда ICS Holding Uzbekistan таркибига кирадиган Digital Holding қўшма корхонасини ташкил этмоқда.
Президент фармони билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилди. Марказ илмий ишланмалар ва рақамли технологияларни жорий этиш билан шуғулланади. 2021−2022 йилларда барча ҳудудларда агрохизматлар марказлари очилади.
2021 йил 1 мартгача қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан қоракўлчилик кластерларига озуқа учун ер майдонлари ажратилади. «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар тақдим этилади.
2021 йилги давлат дастурида 31 та янги мактаб қуриш ҳамда 320 та мактабни таъмирлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Андижон, Нурафшон, Гулистон, Навоий ва Термиз шаҳарларида Президент мактаблари қурилиши режалаштирилган.
Ҳукумат қарори лойиҳасида абитуриентларнинг кириш имтиҳонларида олган балларига мактабнинг сўнгги 6 йилида олган баҳоларининг ўрта арифметик кўрсаткичини қўшиш таклиф этилмоқда. Бу қарор мактабдаги таълим сифатини ошириш ўрнига, «сотиб олинган» баҳолар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкин. Ушбу таклифнинг таҳлили колумнист Комил Жалилов мақоласида.
Божхона ходимига 4 млрд сўмлик товарларни ноқонуний олиб кириш учун 9400 АҚШ доллари миқдорида пора беришга уринган шахс фош этилди. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг