Ўзбекистонда ҳар йили 1800га яқин аёллар бачадон бўйни саратонига чалинади. Уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Ўлимларнинг аксарияти ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратонини 99 фоиз ҳолатларжа одам папиллома вируси келтириб чиқаради.
Навоий вилоятида ниқоҳсиз дунёга келган 3 ойлик боласини 25 минг АҚШ долларига сотган аёл ушланди. Болани сотиб олмоқчи бўлган фуқаро чақалоқ учун шу нархга баҳоланган икки хонали уй олиб беришни таклиф қилган.
1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ҳам туристик йиғим тўлашни бошлайди. Ҳозирда уни фақат хорижий фуқаролар тўлайди.
Мўйноқда алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш мақсадида «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.
2021 йилги давлат дастурида Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши оқибатларига қарши кураш стратегияси тасдиқлаш кўзда тутилган. Бу борада президентнинг тегишли қарори лойиҳаси 1 сентябрга қадар ишлаб чиқилади.
Урганчдан Қарши ва Термизга авиақатновлар йўлга қўйилади. Олдинроқ, Фарғонага ҳам рейс очилган эди. Қолаверса, энди Термиз-Қарши-Хива, Хива-Урганч-Нукус ва Термиз-Қарши-Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатнови ҳам амалга оширилади.
Наврўз, Мустақиллик куни, Янги йил, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар камида 3 кун этиб белгиланади.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов хорижлик меҳмонларни кутиб олишга жалб қилинаётган талаба қизлар бўйича муносабат билдирди. «Нега менинг гул қизларим, гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўзингизни фарзандингизни қўйиб кўринг», — деди вазир. У шунингдек, «бу мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши» эканини айтган.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори — молия вазирининг ўринбосари Ғолиб Холжигитов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз вазифасидан озод этилди.
Ўзбекистондаги таълим муассасаларида инглиз тилини ўқитиш учун АҚШдан 27 нафар ўқитувчи ва олимлар ташриф буюрди. Улар маҳаллий ўқитувчилар даврасига қўшилиб, синфхоналардаги дарсларда бевосита иштирок этади.
Жанубий Корея Ўзбекистондаги болалар боғчаларига робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатиш учун 275 дона ақлли робот ва 350 та қўлланмани совға қилди.
Тошкент шаҳар Фақулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи лавозимига Равшан Хайдаров тайинланди. У бундан аввал ФВВ Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти бошлиғи бўлган.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида мактаб ўқитувчиси ўқувчини калтаклаб, бир неча маротаба мушт туширгани ҳақидаги видеотасвирлар тарқалди. Ўқитувчи 9 синф ўқувчиси уни дарс пайтида кўп маротаба масхара қилгани учун жаҳл устида шундай қилгани айтилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўртта хусусий бандлик агентлиги лицензиясини бекор қилди. Яна учта агентлик лицензияси тегишли жамғармага БҲМнинг 8500 баравари миқдорида захира маблағ киритгунга қадар тўхтатилди.
Президент Конституцияга сайловлар санаси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу йилги президент сайловлари 24 октябрга тўғри келмоқда.
Шахризабзда 21 нафар фуқароларни техникумга киритиш учун ҳар биридан 5 минг АҚШ доллари олган шахслар аниқланди. Бундан ташқари, улар Қарши давлат университетига ҳам ўқишга киритиш ва Тошкент шаҳридан уй олиб беришни ваъда қилиб яна бир фуқародан 17 минг 500 АҚШ долларини олгани маълум бўлди.
Сурхондарё раҳбариятини танқид қилувчи блогер Отабек Сатторий товламачилик йўли билан телефонни қўлга киритганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноий иш қўзғатди. Блогернинг адвокати иш уйдирилган деб ҳисобламоқда. Вазиятга депутат Расул Кушербаев ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси эътибор қаратди.
Зангиота туманида машина трактор парки раҳбари фуқарога фермер хўжалигига қарашли 30 сотих ерни 27,7 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган. Олдиндан 10 минг 300 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳафта давомида республиканинг кўплаб ҳудудларида ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Жума кунига келиб эса асосан кам булутли об-ҳаво кузатилиб, кўпроқ баҳор фаслига хос бўлади.
Пойтахтда «Cobalt» автомобили ҳаракатланиб келаётган тепловоз билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этди. Ҳодиса натижасида жароҳат олганлар йўқ.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг